№42, 17.10.2011 КУЗГИ-ҚИШКИ МАВСУМГА ТАЙЁРГАРЛИК
"Анҳор" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги "Ал-Мансур ифтихори" ширкати кузги-қишки мавсумга тайёргарлик кўриш борасида Хонобод шаҳридаги энг илғор ширкатдир.
Ширкат олтита кўпқаватли уйга хизмат кўрсатади. Уйлар мавжуд 256 та оила вакилларининг уюшқоқлиги туфайли сифатли таъмирдан чиқарилди. Ўтган 2010 йилда барча уйларнинг томлари шифер қилиниб, капитал таъмирланган эди. Энди эса уйларнинг ички ҳамда кириш қисмлари оқланиб, бўялди.
Энг муҳими, ширкатга қарашли барча кўпқаватли уйларнинг хонадонлари таъмирдан сўнг иссиқ ва совуқ сувга эга бўлишди. Чунки сув қувурлари тўла янгиланди.
- Бунинг учун, - дейди ширкат раиси Ҳайринисо опа Раҳмонова, - асосан аҳолининг ўз маблағлари сарф этилди. Маълум даражада эса ҳомий ташкилотимизнинг кўмагидан фойдаланилди. Айтиш жоизки, уюшқоқлик ва аҳиллик яхши натижа берди. Уйлар атрофи ободонлаштирилиб, очиқ майдончалар ташкил этилди. Биз бунинг учун энг аввало, шаҳар ҳокими Шоядбек Алимовдан, қолаверса, ҳомийимиз - шаҳардаги гидроэлектростанция раҳбари Турсунбой Мирзараҳимовдан чексиз миннатдормиз.
Куни-кеча шаҳар маҳаллалари ҳамда ширкатлари раҳбарлари, шаҳардаги мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда ҳомийлар иштирокида ўтган кўргазмали семинарда барча "Ал-Мансур ифтихори" ширкатида амалга оширилган ибратли ишларнинг гувоҳи бўлдилар.
Бу каби хайрли ишлар шаҳарнинг бошқа ширкатларида ҳам олиб берилмоқда.
М.НОРБОЕВА.
|