№42, 17.10.2011 ҚИШЛОҚ ЁШЛАРИГА ТУҲФА
Жалақудуқ тумани, Жанубий Оламушук шаҳарчасидаги 13-болалар мусиқа ва санъат мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Замонавий, кўркам мазкур бино қурилиши учун 1 млрд. 300 млн. сўмга яқин маблағ сарфланди. Энди ўқувчилар машғулотларни замонавий жиҳозлар билан таъминланган, кенг ва ёруғ хоналарда ўтиш имкониятига эга бўлдилар.
- Мактабимиз учун янги бино қурилиб, озода, шинам, кенг ва ёруғ, ҳар қандай кишининг ҳавасини келтирадиган хоналарда машғулот ўтказаётганлигимиздан беҳад хурсандмиз, - дейди чанг чолғуси мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган, М. Қори-Ёқубов номли республика танлови совриндори Диёра Исломова.
- Янги бино биз учун ажойиб туҳфа бўлди, - дейди мактаб директори Маъмурахон Эралиева. - Айниқса, мактабимиз янги мусиқа жиҳозлари ва чолғу асбоблари билан жиҳозланганлиги таълим сифатини ошириш, болаларнинг янада пухта билим олишларида муҳим аҳамият касб этади.
Бир сўз билан айтганда, ўқувчи ёшларнинг, айниқса, вилоятимизниг чекка ҳудудларида яшаб, таълим олаётган болаларнинг мусиқа, тасвирий санъат соҳасидаги ўз истеъдод ва қобилиятларини тўла рўёбга чиқаришларига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш, шубҳасиз, ўз самарасини беради. Келгусида ушбу билим даргоҳидан юртимиз шуҳратини янада оширадиган истеъдодлар етишиб чиқади.
Х. ОРЗИҚУЛОВ.
|