№42, 17.10.2011 21 октябрь - Ўзбекистон Республикаси "Давлат тили тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган кун.
ТИЛ - МИЛЛАТ КЎЗГУСИ
Дунёда тиллар кўп, айрим манбааларда таъкидланишича, жаҳон халқлари 6700 дан зиёд тилда мулоқот қилишади. Ҳозирги даврда асосан еттита: инглиз, немис, француз, рус, хитой, испан, ҳинд тиллари сўзлашувчиларининг кўплиги жиҳатидан бошқа тилларга қараганда ер шари аҳолиси ўртасида устунлик қилмоқда.
Сабаби, ушбу тилларда гаплашувчи давлатлар иқтисодиёт, илм-фан, техника ривожи борасида бошқа мамлакатларга қараганда анча олдинга ўтиб кетди. Шу боис, мазкур тилларни ўрганишга қизиқиш катта.
Чет тилларини ўрганиш ҳақида буюк немис адиби Иоганн Вольфганг Гёте: "Кимки ўзга тилларни билмаса, ўз тилини ҳам яхши тушунмайди",-деб ёзган эди.
Астойдил ҳаракат қилинса, бошқа тилларни мукаммал ўрганиш ҳеч нарса эмас экан. Масалан, австралиялик олим Стивен Вурм 500 та, рус олими С.А.Старостин 400 та, германиялик Шютц 270 та, даниялик тилшунос Расмус Раск 230 та, машҳур немис олими Вильгельм Гумбольтд 117 та, немис олими Эмиль Кребс 60 та, италиялик кардинал Жузеппе Меццофанти 72 та, рус тилшуноси Е.Д.Поливанов 70 дан ортиқ, БМТ нинг бош таржимони Жорж Смит 69 та тилда гаплаша олган. Буларнинг барчаси биз - бугунги авлод учун ибрат намунасидир.
Ахир, бир пайтлари илм-фанда, санъат ва адабиётда, тил ўрганишда, фаҳм-фаросатда, ақл-заковатда ота-боболаримиз дунё халқларининг пешқадамларидан, энг олдинда турган эътиборли вакилларидан саналган-ку?!.
Масалан, буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний 150 дан ортиқ тилни билган. Шулардан 20 таси "унутилган тиллар" саналган. Абу Наср Фаробий ўзлаштирган тилларнинг миқдори 100 дан ортиқ бўлган ва уларнинг 10 га яқини "унутилган тиллар" қаторига кирган. Дунё табобат илмига асос солган олимлардан бири Абу Али ибн Сино араб, форс, турк, лотин, сўғд тилларида бемалол суҳбатлаша олган. Соҳибқирон Амир Темур араб, форс, мўғул, туркий тилларни ўзига яраша ўзлаштирган.
Тарихий манбааларнинг гувоҳлик беришича, азал-азалдан илм-фан сирларини, тилларни ўрганишда халқимизда ўзига хос анъана бўлган. Ўзини зиёли, ўқимишли санаган ҳар бир инсон араб, форс-тожик ва она тилимиз ҳисобланган ўзбек тилини мукаммал билган. Она тилидан ташқари, бошқа тилларни ҳам билиш замонасининг илғор кишиларига фарз саналган. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хоразмий, Нодира асарларининг дунёга довруқ таратишида ҳам мана шу нарса муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Негаки, уларнинг барчаси туркий - ўзбек тилидан ташқари, форсий тилда ҳам ажойиб шеърлар, асарлар битишган.
Дарҳақиқат, ўз она тилимиз ҳисобланмиш ўзбек тилини мукаммал билиш билан чегараланиб қолмасдан, ўтмиш аждодларимиздан ўрнак олиб, жаҳондаги бошқа тилларни ҳам изчил ўрганишимиз, илм-фан, техника соҳаларида дунё халқлари эришган улкан муваффақиятларни ўрганиб, улардан ўзбек халқининг равнақи, мамлакатимиз тараққиёти йўлида унумли фойдаланишимиз зарур.
Луғат бойлиги, унда яратилган илмий, бадиий, тарихий асарларнинг салмоғи нуқтаи назаридан ўзбек тили дунёдаги манаман деган тиллардан қолишмайди. Буни қуйидаги мисол ёрдамида ҳам исботлашимиз мумкин. Алишер Навоий ўз асарларида 26035 та, Александр Пушкин 21193 та, Уильям Шекспир 20000 дан ортиқ, Мигел де Сервантес 18000 дан ортиқ, Абдураҳмон Жомий 17600 та, Абдулла Тўқай 4000 дан ортиқ сўзларни ишлатган.
Эркинлик, мустақиллик учун курашнинг илк ғалабаси, нишонаси сифатида 1989 йилнинг 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Шу кундан эътиборан тилимизнинг ривожланиш йўлларидаги барча сунъий тўсиқлар олиб ташланди, у давлат томонидан қонун ҳимоясига олинди.
Ўша таҳликали йилларда Юртбошимиз И.А.Каримов ўзининг "Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида" номли китобида: "Она тилини билмайдиган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам" дея ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини маъқуллаб, бизни она тилини улуғлаган ҳолда бағри кенгликка, миллий маҳдудликдан қочишга, келажакни, узоқни ўйлаб иш қилишга чақирган.
Дарҳақиқат, миллатимиз, айниқса, жамиятимизнинг асосий бўғини бўлган ёшларимиз олдида бугун иккита йўл турибди. Улар, энг аввало, бебаҳо бойлигимиз, халқимиз тафаккурининг тенгсиз намунаси саналган она тилимизни мукаммал ўрганишлари, унинг ривожланиши, такомил топиши учун курашишлари, шунингдек, мамлакатимизни жаҳоннинг энг илғор, ривожланган мамлакатлари қаторига олиб чиқишлари учун чет тилларини пухта билишлари муҳим. Шундагина Ўзбекистон, жаҳоннинг кўзга кўринган мамлакатлари қаторидан муносиб ўрин олишига, келажагимизнинг буюк бўлишига мустаҳкам замин яратилади.
Абдулҳай СОБИРОВ,
филология фанлари
доктори.
Замирахон ЖЎРАБОЕВА,
Андижон давлат университети катта ўқитувчиси.
|