№42, 17.10.2011 25 ОКТЯБРЬ - "ИЧКИ ИШЛАР ИДОРАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИ"
ОРЗУЛАРГА ҲАМОҲАНГ ЮРАК
Бугунги кунда жамият тараққиётини аёллар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Оила, бекалик, оналикдан ортиниб, элу-юртга фойдаси тегаётган хотин-қизларимиз бугун кўпчиликни ташкил қилади. Ҳатто, ички ишлар идораларида эркаклар билан бир қаторда халқимиз осойишталигини таъминлаётган посбонларимиз орасида аёлларимиз борлиги фахрдир.
Кичик сержант Ҳамидахон Тожибоева мана 9 йилдирки, Андижон вилояти ИИБ молия-иқтисод бўлимида ҳисобчи бўлиб ишлаб келмоқда. Бу давр мобайнида у ўз касбининг моҳир устасига айланиб улгурди.
Ҳамидахон ўрта мактабни тугаллаш арафасида ўйланиб ўтирмай, мақсадни аниқ қўйди. Доимо эл осойишталиги йўлида куйиб-ёниб ишловчи дадаси Хабибулло ака "Андижон ёғ-мой" очиқ акциядорлик жамияти ҳарбийлаштирилган ўт ўчириш қисмида, онаси Зуҳрахон ая эса Андижон механика заводи ўт ўчириш қисмида навбатчи алоқачи бўлиб ишлаётгани унга қўл келди. Улар изидан боришга аҳд қилди. Вилоят ИИБ ЁХБда иш юритувчи бўлиб иш бошлади. Ишдан ажралмаган ҳолда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлади. Кейин Ҳамидани ишчанлиги, зукколиги ҳар бир ишга масъулият билан ёндошишини ҳисобга олган раҳбарият уни вилоят ИИБ шахсий таркиб билан ишлаш хизматига ўтказишди.
Ҳамидахон йиллар билан ёнма-ён ўсди, тажриба орттирди. Устозлари кўмагида яхши мутахассисга айланди.
- 2002 йилдан буён бош-қарма молия-иқтисод бўлимида хизмат қиляпман, - дейди Ҳамидахон. - Устозларим ушбу бўлимда хизмат қилаётган майор Дилмуроджон Мамажонов ва ҳисобчи Людмила Дьячковалардан ҳисоб-китоб ишларини пухта юритишни ўргандим. Уларнинг бой тажрибаларига суяндим. Ишимизда пухта билим ва ўта ҳушёрлик муҳимлигини англаб етдим.
Тўлов бўлинмаси ҳисобчиси, кичик сержант Ҳамидахон Тожибоева бугун сафдошлари орасида ўз касбига масъулиятлилиги, интизомлилиги, берилган топшириқларни ўз вақтида сифатли адо этиши билан ажралиб туради.
Бир вақтлар у ҳам устозлар кўмагига, уларнинг тажрибасига қанчалик суянган бўлса, бугун ортидан келаётган ёшлар Ҳамидахондан иш ўрганиб, уни ўзларига устоз деб биладилар. Жамолдин Махаматов, Умиджон Муратов бугун устози билан ҳам-қадам ишлаб келмоқда.
Аёл қачонки оиласидан хотиржам бўлсагина, ишида унум бўлади. Ҳамидахон хизмат вазифасини тўла-тўкис бажариш билан бирга, уйида суюкли ёр, меҳрибон она, бекалигини унутмайди. Рўзғор юмушларига бирдай улгуришга ҳаракат қилади.
- Хизматдаги ютуқларимга эришишимда турмуш ўртоғим Абдусамат аканинг ҳиссаси катта. Ишдан кеч қайтган пайтларимда у киши мени тўғри тушунади, - дейди Ҳамидахон миннатдорчилик билан. - Шукрки, Алишер ва Сирожиддин исмли фарзандларимизни биргаликда комил инсон қилиб тарбиялашга ҳаракат қиляпмиз.
... Ҳа, инсон орзу билан яшайди. Ҳамидахоннинг касб танлашдаги орзулари бугун рўёбини топган бўлса, келгусидаги ният-мақсадлари унга яна йўлдош бўлишини тилаймиз.
Борис КЛЕЙМАН.
БАХТИ БЕКАМЛИК
Аёл киши учун бахт нимада? Албатта, унга бўлган эътиборда, оиласидаги, жамиятдаги ўрни ва қадрида. Қайси юртнинг аёлига ҳурмат-эътибор кўрсатилса, билинг-ки, шу юртда бахтиёрлик ҳукм суради.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг эмин-эркин яшаши, ишлаши, шунингдек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишларга разм солар эканман, ҳеч бир давлатда бунчалик эътибор, ҳурмат-иззат мавжуд эмаслигига амин бўламан. Демак, мен озод юртнинг бахтли аёлиман!
Республикамиз Бош Қомусида ҳам аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли эканлиги алоҳида қайд этиб ўтилган. Хулоса қилиш мумкинки, хотин-қизлар қонун доирасида муҳофазаланган. Уларнинг турли соҳаларда самарали хизмат қилишлари, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда ўз ўринларини эгаллашлари кафолатланган.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг меҳнат қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Қайси соҳага эътибор берманг, унда аёлларимизнинг муносиб меҳнатлари борлигига гувоҳ бўламиз. Жумладан, ички ишлар идораларида ҳам шундай опа-сингилларимиз борки, улар эркаклар билан бир сафда, елкама-елка туриб, юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқдалар.
Шу кунларда вилоятимизда 300 нафарга яқин аёллар ички ишлар идораларида хизмат қилмоқдалар. Уларнинг эришган ютуқлари, илғор тажрибалари иш фаолиятимизга кенг жорий этилиб, ижобий натижаларга эришилмоқда. Айниқса, жиноят-қидирув, экспертиза-криминалистика, тергов, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби соҳаларда аёл ходимларимизнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Кўрсатган фидокорликлари учун 5 нафар аёлларимиз ҳукуматимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлганлиги ҳам сўзимнинг исботидир.
Мен тизимимизда меҳнат қилаётган барча хотин-қизларимизни касб байрамлари билан чин қалбимдан табриклаб, хизматларида зафарлар, оиласига бахт ва хотиржамлик ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламан.
Маъмурахон ЖАЛИЛОВА,
вилоят ИИБ бошланғич хотин-қизлар қўмитасининг раиси, "Жасорат" медали соҳибаси.
|