№42, 17.10.2011 САХОВАТ ДИЛНИ ПОКЛАЙДИ
ҚИЗАЛОҚҚА КЎМАК ЗАРУР
Ҳаёт ширин ва гўзал неъмат. Инсон умри давомида ҳаётдай ширин ва гўзал неъматдан баҳра олади. Унинг қувонч ва ташвишларини кўради, аччиқ чучугини тотади. Бинобарин, умр йўлларида кўп нарса учрайди инсонга.
Гоҳида шодликдан масрур бўлса, гоҳида бошига мусибат тушади. Чунки буни ҳаёт дейдилар. Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин...
Салимахон ҳам ҳаётнинг қувончларини кўрди. Қатор-қатор фарзандлари дунёга келганида бахтдан қувонди. Шуларнинг камолини кўришни дил-дилидан истади.
Аммо қувончларига ташвиш шерик бўлганда, аламда қолди. Аввал 8 яшар ўғли автоҳалокатга учраб, нобуд бўлди. Бу қайғудан куйиб-ёниб яшаётган кезларида Аллоҳ унга бир қиз берди. Шу қиз дарду дунёси қоронғулашган она кўнглини ёриштирармикин, куйган юрагига таскин бўлармикин, дейишди ўшанда яқинлари...
Афсус... Ҳаётда шодлик ва қайғу ҳамиша ёнма-ён яшаркан. Салимахон "йўқотганимни топдим" деди-ю, шодлиги узоққа чўзилмади. Қизи туғма ногирон бўлиб чиқди... Унга ДЦП ташҳиси қўйилган. Юролмайди, ногиронлик аравачасида ўсмоқда.
Ҳозир Ҳайитхон 12 ёшга тўлди. Салимахон Матазимова асосан вақтини қизини даволатиш, шифокор маслаҳатига олиб бориш билан ўтказади.
- Ҳаётдан ноумид эмасман, - дейди Салимахон опа, - чунки қизимни муттасил даволатиб, қаратиб келяпман. Докторлар "Қизингиз, албатта, юриб кетади..." дейишган. Бу гап қалбимда умид чироғини ёққан. Демак, яна озгина даво муолажаларини олсак, Ҳайитхоним оёққа туриб кетса, ажабмас...
Дарҳақиқат, шифокорлар Салимахон опага умидворлик бахш этишмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ҳайитхон учун жарроҳлик муолажаси зарур. Уни даволаётган шифокорларнинг фикрига кўра, агар жарроҳлик операцияси ўтказилса, қизнинг юриб кетиш имконияти юқори экан. Жарроҳлик муолажасидан сўнг қизалоқ, албатта, шифо топиб кетиши мумкин.
Айтиш жоизки, Ҳайитхон ҳозир уй шароитида ўқитиляпти. Унга Андижон шаҳридаги 12-умумтаълим мактаби ўқитувчилари якка тартибда илм ўргатишмоқда. Демак, бу қиз ҳаётдан орқада қолмаётир. Фақат унга шифо керак, холос. Тез орада жарроҳлик амалиёти ўталгач, шифо ҳам насиб бўлиб қолар...
Албатта, мураккаб жарроҳлик маълум маблағни талаб этади. Айни пайтда ногирон қизини ёлғиз ўзи мунтазам даволатиб, тарбиялаётган Салимахон опанинг иқтисодий имкониятлари чегараланган. Шу боис, у муолажа учун сахий инсонлар кўмагига муҳтож. Азиз қизалоғи юриб кетиши учун кўзларида умид учқунлари пайдо бўлган муштипар бир аёлга кўмак берувчи инсонлар топилишига ишонамиз. Ҳозир қизалоқ номига банкда ҳисоб рақами очилган. Агар унга даволаниш учун ҳомий бўламан, деган саховатпеша юртдошларимиз бўлса, қуйидаги ҳисоб рақамига пул ўтказишлари мумкин:
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодиёт фаолияти Миллий банк Андижон вилоят бўлими
Ҳ/Р 20206000199976539001, МФО 00074
Матазимова Ҳайитхон Муталибжон қизи.
Ҳа, қизалоққа кўмак зарур. Ўйлаймизки, бу савобли ишга бош қўшадиганлар вилоятимизда, албатта, топилади.
М.НОРБОЕВА.
|