№42, 17.10.2011 СЕРҚИРРА ИСТЕЪДОД СОҲИБИ
Юртимизда ёшлар учун кундан-кунга янгидан-янги имкониятлар эшиги очилмоқда. Бундай имкониятлардан оқилона фойдалана олиш - ҳар бир ёш авлоднинг ўз қўлидадир. Умрининг энг гўзал дамларини ижод қилишга бахшида этган иқтидор эгалари ҳам кўплаб топилади. Шулардан бири Лазиза Тоҳировадир.
У Шаҳрихон туманидаги 37-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси. Мактаб қошидаги бир нечта тўгаракларнинг фаол аъзоси. Мактаб тадбирларида эса унинг иштироки алоҳида аҳамиятга эга. У бир неча бор мактаб ва туман танловларининг ғолиби бўлган. Мазкур йилда ҳам "Билимлар синови"нинг инглиз тили фани бўйича туман босқичи ғолиблигини қўлга киритди. Унинг ажойиб хусусиятларидан яна бири шуки, у фортепьяно чалганида бутун саҳна титраб кетгандай бўлади. Айнан шу қобилияти юқори баҳоланиб, мактаб маъмурияти томонидан бу йил Зулфия номидаги Давлат мукофотига санъат йўналиши бўйича номзоди кўрсатилди. Ва туман босқичида 1-ўрин соҳибига айланди.
- Лазизахон жуда ҳаракатчан қиз,- дейди муаллимларидан бири Махсумахон Юсупова. - Ҳамма фанлардан аъло баҳоларга ўқиш билан бир қаторда, дарсдан бўш пайтларида расм чизади, шеър ёзади ва ҳатто туманимиздаги "Ҳамза" деб номланган рақс дастасига қатнашади. Биз бу ўқувчимиз билан фахрланамиз.
Мафтунабону НУРДИНОВА,
жамоатчи мухбир.
|