№42, 17.10.2011 СИЗ НИМА ДЕЙСИЗ?
РАҲБАРНИНГ ШАЪНИ
Йўл четига оппоқ тусдаги енгил машина келиб тўхтади. Кўча четида ўтирган оқсоқол ҳайрон бўлиб қаради. Раҳбар машинадан тушди.
- Ассалому алайкум, ота, - деди раҳбар қулочини кенг ёзиб.
- Сув ёқалаб чиққан эдим, ўғлим. Ўзингизнинг ишларингиз яхшими?
- Яхши, отахон, яхши... Маҳаллада нима гаплар? Нафақани вақтида оляпсизларми? Кечикмаяптими? Онамизнинг аҳволлари қалай? Ўғилларни кўриб турибман. Ишлари яхши, сизга, тортган-да.
- Мен ҳам сизнинг қилаётган ишларингизни кўп гапириб тураман. Яхши юринг, оёғингиз ердан узилмасин, болам.
Шу раҳбар кета-кетгунча отахоннинг "оёғингиз ердан узилмасин", - деган гапларини ўйлаб борди.
...Ҳаётда бугун кўряпмиз. Оёғи ердан узилган раҳбарлар кўп. Нега? Амал берсангиз босар-тусарини билмай қоладиган, бемалол айтиш мумкинки, оддий одамлардан ижирғанадиган раҳбарлар бор.
Бу борада юртбошимизнинг фикрларини келтириб ўтмоқчиман: "Гўёки бу лавозим, бу амал уларга боболаридан мерос бўлиб қолгандай, улар эртага ҳеч ким қулоғидан ушлаб жавобгарликка тортолмайдигандек туюлади".
"Барчамиз бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимизни истардим: мансаб курсисида ўтирган, ҳокимият номидан иш юритадиган баъзи шахслар ўзининг бемаза ишларини яширишга қанча уринмасин, одамлар ўзига нисбатан адолат бузилаётганини кўриб, бундай раҳбарларнинг қуюшқондан чиқиб кетаётганини барибир сезади, билади.
Қачонки раҳбарнинг юраги ҳам, қўли ҳам тоза бўлса, таъмадан, ғараздан йироқ бўлса, унинг табиатида қатъиятлик билан вазминлик, талабчанлик билан ақл-заковат уйғун бўлса, фақат шундагина у одамларнинг ғам-ташвишини ўз қалбидан ўтказишга қодир бўлади".
Мен яна бир раҳбарни билар эдим. Бақирди, чақирди, одамларнинг нафсониятига тегди. Ҳозир бозорда даллол экан...
Биз аслида ким учун, нима учун яшаяпмиз. Қилаётган ишларимиз кимга, қандай эзгу-мақсадларга қаратилган. Мана, шу ўй-фикрлар юртбошимизни безовта қилаётганлиги, шубҳасиз.
Биз бефарқ бўлмайлик. Раҳбарлик - ўткинчи. Сиз раҳбармисиз, сиздан яхши ном ва яхши из қолсин.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|