Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№42, 17.10.2011

КИЙИНИШ ҲАМ ОДОБ, ҲАМ АХЛОҚ

Истиқлол бизга ўзлигимиз, қадриятларимиз, қадим анъаналаримиз қайтишига йўл очди. Халқимиз руҳий асоратдан, таъқибу тазйиқ ва қўрқувлардан озод бўлди. Бизга яшаш завқи, бунёдкорлик илҳоми бахш этилди. Юртимиз чинакамига обод ва маъмур бўлди.

Не саодатки, Истиқлолимизга, Ватанимизга, келажагимизга муносиб баркамол авлод вакиллари вояга етди. Уларнинг одоб-ахлоқ, илму тафаккур бобидаги муваффақиятлари кўп. Бундан қувонамиз, фахрланамиз. Бироқ, айрим ҳолларда, кўча-кўйда, жамоат жойларида миллатимизга мос келмайдиган тарзда кийиниб олган ёшларни, айниқса, қизларни кўриб, кўнглимиз ранжиши ҳам бор гап.

Аслида, ким қандай кийиниши ҳар бир инсоннинг шахсий ишидир. Лекин бир туйғу борки, уни писанд қилмаслик кўнгилга хавотир солади. Бу туйғу - гўзал хулқ, ўзбекона одобу ва андишага нисбатан эҳтиром ҳамда ҳурматдир. Чуқур ва холис назар ташлаганда кийиниш одоби миллийликка хослик, қадриятлар ва анъаналардан келиб чиқади. Зотан, азалдан халқимизда "Ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши - кийимдур", мазмунидаги ҳикмат бор.

Аллоҳ таоло яратган ҳар бир миллат ва элатнинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналари йўқ эмас. Бу нарса илоҳий ҳикмат асосида жорий қилинган. Хужурот сурасининг 13-оятида бундай дейилади: "Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларинг билан танишишларинг учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроқларингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор Зотдир".

Демак, дунё халқларининг турли миллатга мансуб бўлиб, бир-бирларидан фарқли равишда ҳаёт кечиришлари азалдан Яратганнинг иродаси ва илму ҳикмати тақозо этган ҳақиқат экан. Рум сурасининг 22-оятида бу мазмун янада аниқроқ баён этилди: "Унинг белгиларидан (яна бири) - осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларинг ва рангларингнинг хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча оламлар учун аломатлар бордир".

Хилма-хиллик, биринчи галда одамларнинг ташқи кўринишида, кийган кийимларида намоён бўлади. Кийинишига қараб, одамнинг ички дунёси ва маънавиятига баҳо бериш барча халқларда ҳам бор гап. Аждодларимиздан мерос - кийиниш маданияти ўзлигимизни англатишини, асрлар шиддатига дош берган иродамизни, сабру-қаноатимизни, пок умидларимизни ифода этишини унутмайлик. Миллий кийимлар ва безак турлари тарихимиз давомида шаклланган бўлса-да, кейинги пайтда турли ўзгаришларга юз тутаётгани сир эмас. Бу ҳол табиий. Лекин ўзгаришларини, янгиликларни оқилона қабул қилиш керак. Миллийлик инсон ботинида ҳам, зоҳирида ҳам сақланиб қолмоғи жуда муҳимдир.

Халқимиз азалдан жаҳонда гўзал хулқи билан шуҳрат қозонган. Меҳмоннавозлик, олижаноблик, меҳр-мурувват, саховат, раҳм-шафқат, буларнинг бари бизнинг ахлоқимизда мужассам. Демак, кийинишимиз ҳам шунга яраша бўлиши лозим. Зукко аёлларимиз, паричеҳра қизларимиз калта кўйлаклар, тана аъзолари кўриниб турадиган кийимлар кийишни ўзларига ор деб билишган. Уларни қалб гўзаллиги сержило матолардан шарқона назокат ила тикилган кийимларда ёрқин акс этиб турган.Тарихий асарларда ёзилишича, Хорун ар-Рашид даврида самарқандлик тикувчилар Бағдодга бориб, сарой аёллари учун кийим-кечаклар тикиб келишган. Бу кийимларда ўрталик мезонига амал қилиниб, аёлни ҳаё-ибоси билан бутун гўзаллигини нурлантириб юборувчи тарху бичимлар қўлланилгани баён этилади. Алҳол, ўзбек аёллари ўша пайтларданоқ ўзимизга хос ва мос либослар кийишган. Турли маросимлар ва тадбирларга мослаб махсус кийимлар тайёрлаб қўйишга интилишган.

Яна бир жиҳат, ўзбек қизларини беш ёшдан бошлаб оналари, опалари бичиш-тикишга пухта ўргатишган. Деярли барча қизлар чок ишларини, дўппи тикиш, сўзана ва кашталарга нақш солишни мукаммал билишган. Одобда солиҳа, фикрида зебо бўлиб улғайишган. Қисқаси, андишани ҳис этишган, уятни англашган, ихлос, эътиқод деган туйғулар билан қалбларини зийнатлашган.

Бугунги ёшларимиз ҳам тарихимиздан, момоларимиздан қолган анъаналардан ибрат олиб, кийинишда миллийлигимизни унутмасинлар. Ҳар қандай кийимни замонавий, миллийлигимизга хос тарзда бўлишига алоҳида эътибор қаратсинлар. Бу урф-одатларимизнинг бардавом бўлишида, миллатимиз шаъни ва қадри юксак бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Раҳмонберди СОБИРОВ,

Андижон шаҳридаги "Ғиштли" масжид имом-хатиби.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди