№42, 17.10.2011 ИСТЕЪДОДЛИ АЁЛЛАРИМИЗ
ТАЪЗИМ
Ҳаётда кулги билан йиғи ҳамиша ёнма-ён юради. Чақалоқ йиғи билан туғилади, аммо бу йиғи ота-онанинг қувончига, хурсандчилигига сабаб бўла олади.
Ҳудди мана шу ҳаёт сингари театр саҳнасида ҳам қувонч билан ғам эгизак. Керак пайтда йиғлаб, керак пайтда кулиб ролга киришиш том маънодаги актёр ёки актрисанинг қўлидан келади, холос. Бунинг учун юксак истеъдод, санъат керак бўлади.
З.М.Бобур номидаги Андижон мусиқали драма ва комедия театрида узоқ йиллардан бери фаолият кўрсатиб, ўнлаб драмаларда катта-кичик ролларни маҳорат билан ижро этган актриса Зарифахон Ҳайдарованинг ана шундай, ҳам йиғлайдиган, ҳам кула оладиган актрисалар қаторига қўшиш мумкин. Тўғри, у бу даражага осонликча эришгани йўқ, албатта. Тинимсиз меҳнат, изланиш, тўсиқлар...ҳаммаси учради йўлида. Аммо унинг матонати барини енгишга қодир эди. Енгиб ўтди ҳам. Келинг, актрисанинг бугунги фаолиятига тўхталишдан аввал унинг таржимаи ҳолига бир назар ташлайлик.
Зарифахон Ҳайдарова Избоскан туманининг Чўнгбоғиш қишлоғида туғилган. Унинг отаси Баҳром ака оддий хайдовчи-механик бўлган. Уни кўпчилик "Техниканинг пири" деб аташарди. Мана шу "техниканинг пири" бўлган инсоннинг фарзанди Зарифа болалигиданоқ санъатга қизиқиб қолди. Ким билсин, эҳтимол телеэкрандаги катта актёрларнинг маҳорати уни ром этгандир ёки театр саҳнасидаги таниқли актрисаларнинг чиқишларига маҳлиё бўлгандир. Ҳарҳолда мана шу санъатга бўлган сўнмас иштиёқи уни Тошкентдаги Абдулла Қодирий номидаги маданият олийгоҳи томон етаклади. У режиссёрлик бўлимини танлади. Лекин адашмаган экан. У тўрт йиллик ўқиши давомида жуда кўп нарсаларни ўрганди. Саҳнанинг сир-асрорларидан воқиф бўлди.
Мана, салкам ўттиз йилдирки, Зарифахон Ҳайдарова вилоят театрида ишлаб келмоқда. Ҳозиргача кўплаб катта-кичик, салбий ва ижобий ролларни зўр маҳорат билан ижро эта олди. Томошабинларнинг мақтовига сазовор бўлиб, устозларининг назарига тушди. Унинг яратган образлари ҳаётдаги турфа хил характердаги, энг асосийси турфа хил касб эгалари эди. Адиб, шоира, фермер, врач, малика, тиланчи...У режиссёр ишониб топширган ҳеч бир ролни катта-кичик ёки бош ва эпизод, демади. Қандай бўлишидан қатъи назар масъулият ва маҳорат билан ижро этишга киришди. Натижада эпизодик ролларни ҳам айрим ҳолларда бош рол каби юқори поғоналарга олиб чиқди. Актрисанинг маҳоратини баҳолаш учун эса унинг ижросидаги бир қатор ролларни санаб ўтиш кифоя. "Тоҳир ва Зуҳра" мусиқали драмасида Қамар, "Сўнгги нусхалар"да Хожар, "Хазон бўлган ёшлигим" пьесасида Бахтигул, "Бобур" драмасида малика, "Замонавий куёвлар" комедиясида Сурайёхоним, "Бир соатлик халифа"да Маржона...Бу рўйҳатни яна давом эттириш мумкин.
Актрисанинг сўнгги йилларда яратган ролларидан бири - бу драматург Насрулло Қобулнинг "Тўда" фожеавий драмасидаги Зули образидир. Бу образ Зарифахон Ҳайдарова талқинида жуда ишонарли чиққан. Ушбу драма ва Зули образи орқали бугунги куннинг энг оғир фожиаси ҳисобланмиш гиёҳвандлик, унинг жирканч оқибатлари ҳақидаги ғоя тўлақонли очиб берилган. Бу унга катта шуҳрат келтирди.
- Менинг орзуларим бисёр,- дейди актриса биз билан суҳбатда. - Саҳнада қайси касб эгаси бўлса ҳам бирон бир замон қаҳрамонини яратсам дейман. Бундан ташқари, ҳамма аёлларимизни ватанпарварликка, жасурликка чорловчи афсонавий қаҳрамон - Тўмарис образини яратиш орзусидаман...
Қалби орзуларга лиммо-лим тўлган актриса хилма-хил образларни яратиш билан бир қаторда режиссёрликка ҳам қўл уриб кўрди. У илк бор драматург Абдураҳим Назаровнинг "Қорақурт" драмасини саҳналаштирди. Анчайин муваффақиятга эришган актриса бирин-кетин бошқа драмаларни ҳам саҳналаштиришга бел боғлади.
Унинг образлар яратишдаги маҳорати ҳақида гапирар эканмиз, беихтиёр муваффақиятлари ҳақида ҳам айтиб ўтмай иложимиз йўқ. 2001 йили ўтказилган "Андижон баҳори" фестивалида шоир ва драматург Усмон Азимнинг "Алпомишнинг қайтиши" спектаклидаги Ойбарчин образи учун "Энг яхши аёл" номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.
- Ҳар бир санъаткорнинг олижаноб фазилатларидан бу унинг камтарлигидир,- дейди актриса. - Театр сўнггида қарсак чалаётган муҳлислар - томошабинларга таъзим қилиш эса муқаддас бурчидир.
Ҳа, каттаю кичиккка ўйнаган роллари билан яхшигина таниш бўлиб қолган Зарифахон Ҳайдарова ўз шиорига, иборасига амал қиладиган актёрлардан. У ўзи айтиб ўтганидек камтарликка интилади ва ҳамиша икки қўлини кўксига қўйиб, мухлисларига доимий таъзимдадир. Унинг бу фазилатлари актрисани ҳеч қачон тарк этмасин, деб тилак билдирамиз.
Олтинбой Қувватов,
театршунос.
|