№42, 17.10.2011 БИЛАСИЗМИ?
ШИФОБАХШ МУОЛАЖАЛАР
Уйда тайёрланадиган турли шифобахш аралашмалар организмни табиий витаминлар билан тўйинтириб иммунитетни оширади. Қуйида улардан бир нечтасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
***
ҚУВВАТГА КИРИШ УЧУН
Баргак (туршак), майиз, олхўри, ўрик қоқиларини 100 граммдан оласиз ва унга бир ош қошиқ шакар қўшасиз. Таъбга кўра долчин, қалампирмунчоқ аралаштиринг. Кейин унинг устидан ботар-ботмас вино қуйиб, паст оловда ярим соат усти очиқ ҳолда, сўнг қопқоғини ёпиб димланг. Қуюқ сиропни музлатгичда сақлаш мумкин. Уни хамирли таомлар, мевали салатлар, музқаймоқ билан тортиш мумкин.
* * *
Бодом меваларини туни билан сувда ивитиб қўйинг. Сўнг пўстлоғидан ажратиб, шунча миқдорда шакар аралаштиринг. Бир чимдимдан занжабил қўшинг. Совуқ жойда сақланг. Истеъмол қилишдан аввал уч ош қошиқ аралашма устидан бир стакан сут қўшиб, бир соат тиндиринг.
***
ЮРАК УЧУН ҚУВВАТ
Бир стакандан майиз, олхўри ва ўрик қоқисидан олинг. Уларни яхшилаб ювиб қуритинг. Сўнг бир стакан ёнғоқ мағзи, иккита лимон ҳам қўшинг. Маҳсулотларнинг (лимонни пўсти билан) ҳаммасини майдаланг ва устидан бир стакан суюқ асал қўшиб, аралаштиринг.
Уларни оғзи ёпиладиган шиша идишда музлаткичда сақланг. Кунлик истеъмол қилиш меъёри бир кунда - бир ош қошиқ бўлгани маъқул.
Юлдузой тайёрлади.
|