№44, 27.10.2011 МУТАХАССИС ФИКРИ
ЁШЛАРДА ФУҚАРОЛИК МАДАНИЯТИ
Тарбия ҳар бир даврда муҳим ва долзарб масала бўлиб, миллат, юрт, мамлакат келажагини белгилаб берган. Чунки таълим - тарбияни юксак даражага кўтармасдан туриб, кўзлаган олий мақсадларга эришиб бўлмайди.
"Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари" тамойили асосида ривожланаётган жамиятимизда ёш авлодни тар- биялаш, уларда фуқаролик маданиятини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Бундай тарбия жараёни мураккаб ҳамда давомийлик хусусиятига эга.
Маълумки, педагогика фанининг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари бор. Бу вазифалар халқ маънавияти ва қадриятларининг минглаб йиллик хазинасида сақланиб, оддий ҳаёт синовларида тобланган ғоя ва тажрибаларни турмушимизга татбиқ этишни кўзда тутади.
Давр талаби халқ педагогикасининг анъаналаридан замонавий таълим-тарбия муассасаларида самарали фойдаланиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишни тақозо этади. Шу боис, педагогларимиз ўз фаолиятларида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратишлари лозим.
Ҳар қандай жамият ва давлатнинг негизини фуқаролар ташкил этади. Ўша жамият ва давлатнинг сиёсий, маънавий ва иқтисодий етуклиги эса фуқароларнинг тарбияланганлик даражасига боғлиқдир. Демак, фуқаролик тарбияси - жамият ва давлат келажагини белгилаб берадиган муҳим омиллардан ҳисобланади.
Фуқаролик тарбияси ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий маънога эга. Шахснинг фуқаролик тарбияси халқ педагогикасининг муҳим вазифаси бўлиб, инсонни инсон, ҳам фуқаро сифатида тарбиялашни ўз зиммасига олади. Яъни, халқ педагогикаси фарзандни етук, баркамол инсон қилиб тарбиялаш билан кифояланибгина қолмасдан, уни ўз халқини, Ватанини севувчи, халқи ва Ватани учун жонини фидо қилувчи инсон қилиб тарбияламоғи керак. Бундай юксак масъулиятли вазифани адо этишда нималарга аҳамият бериш даркор?
Халқ педагогикаси ўқитувчилар ва ота-оналарни кўп асрлик синовлардан ўтган педагогик фикр-мулоҳазалар, тарбиянинг кўп қиррали ва таъсирчан усуллари ҳамда йўл-йўриқлари билан қуроллантирибгина қолмай, ёш авлодга ўзининг маънавий салоҳияти, онгу шуурини ҳақиқий халқпарвар қадриятлар билан бойитиш ва уни ривожлантириш учун йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилади.
Бу жараёнда ҳар бир ота-она ўз вазифа ва бурчларини мукаммал адо этишлари лозим. Яъни, азалий мерос бўлиб қолган анъана - қадриятлар, урф-одатларга амал қилган ҳолда яхши исм қўйиш, едириб-ичириш, вояга етказиш, касб ўргатиш, одамлар қаторига қўшишни ўзининг энг муҳим вазифаси деб билмоғи лозим.
Иккинчи омил - халқ педагогикасининг олтин хазинасига айланган манбалардан: достон, афсона, эртак, мақол ва матал, халқ қўшиқлари, амалий санъат дурдоналари, шоир ва ёзувчиларнинг асарлари асосида тарбия бериш;
Фарзанд(боланинг) ҳулқ-атвори, одоб-ахлоқ, ақл-заковат ва қаддини тутиш маданиятини шакллантириш, соғлиқни сақлаш, чиниқтириш, бадиий-эстетик дидини ривожлантиришга эътибор бериш;
Фуқаролик тарбиясида катталарнинг ўрнак кўрсатиши, тушунтириши, ишонтириши, ишонч билдириш, дуо, илтимос, маслаҳат, миннатдорчилик, танбеҳ, огоҳлантириш ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Оила, жамият, халқ доирасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб боришда халқ тарбиячилари тажрибаларига суяниш (ота-она, кексалар, устозлар, қўшнилар, халқ обрўсини қозонган одамлар: адиблар, халқ педагогикасининг инсоний идеаллари: чин инсон, мард йигит, донишманд нуроний, оқила қиз, ва ҳакозоларни ибрат тариқасида мисол қилиб келтириш) мумкин.
Фуқаролик маданияти шахснинг жамиятдаги фаол аъзоси сифатида маълум ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлиш билан бирга ўз зиммасидаги бурч ва мажбуриятларни виждонан адо этишдир.
Ўқувчиларда фуқаролик маданиятини шакллантириш - уларга мустақил давлат тузилмасининг хусусиятлари, мамлакатнинг халқаро майдонда тутган ўрни, ватанпарварлик ва миллатлар-аро дўстлик туйғулари, республикамиз иқтисодиётини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ижтимоий ҳаракатлар, меҳнат анъаналари, миллий истиқлол ғояси ва мафкура асослари ҳақидаги билимларни бериш асосида уларда фуқаролик ҳиссини зиммаларидаги бурч ва мажбуриятларни бажаришга нисбатан масъулият, ёт мафкуравий қарашларни англаш ва унга қарши бўлиш, ижтимоий фаоллик ва фидойилик каби сифатларни мужассамлаштирган яхлит бир тарбия жараёни ҳисобланади.
Истиқлол йилларида мамлакатимиз аҳли қатор илҳомбахш, кўтаринки руҳдаги ҳаётий шиорлар билан яшамоқда. Албатта, ёшлар тарбиясида бундай шиорларнинг аҳамияти катта.
"Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан" каломи қанчалар дилга яқин, улуғвор ва сурурли. Ушбу буюк сўзи замирида улуғвор, улкан, тенгсиз, мислсиз деган маънолар мужассамдир.
Она-Ватанимизга нисбатан, шундай ажойиб, ҳаққоний, ишончли ва ўзига хос шиорнинг қўлланилишида катта ҳикмат бор. Шундай улуғ, бетакрор, жаннатмакон юрт билан фахрланмай, ғурурланмай бўладими? Меҳнатлар, курашлар, жасоратлар қадрланган, эъзозланган, муносиб тақдирланган, азизлари улуғланган беназир мамлакатни севмай, ардоқламай бўладими?
Демак, мана шундай Ватанга чин, содиқ, садоқатли, муносиб фарзандларни тарбиялайлик.
Раъно ҲАЙИТБОЕВА,
АДУ қошидаги 5-академик
лицей ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.
|