Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№44, 27.10.2011

2011 ЙИЛ - "КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК ЙИЛИ"

ҲУНАРЛИ КИШИ ХОР БЎЛМАС

Ушбу саҳифада Шаҳрихон туманидаги "Бўстон" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи ҳунармандлар Роҳатой ва Мамасодиқ Раҳимовлар оиласи, улар олиб бораётган ибратли ишлар ҳақида ҳикоя қилинади.

УЙДАГИ ТОТУВЛИК ЮРТГА ТАТИЙДИ

Тотувлик бор жойда барака бўлади. Ҳаёти тотувликка ҳамроҳ кишиларнинг ишлари доимо бароридан келади. Қолаверса, ўз ишини севиб, меҳр билан ёндошган одам кам бўлмайди.

Шаҳрихонлик Мамасодиқ ва Роҳатой Раҳимовалар хонадонини йилнинг ўн икки ойида ҳам доим гавжум кўрасиз. Чунки бу қўли гул ҳунармандлар бири асосан пичоқ, совға учун сувинер қилич ва ҳанжар ясаб, тилга тушган бўлса, иккинчиси чопондўзлик санъатини ривожлантириб келаётган моҳир чевар.

Пичоқ, қилич, ҳанжар ясаш, тайёрлаш нозик ва мураккаб иш. Бу ишни ҳар ким ҳам қилавермайди. Бу касб катта қунт, хафсала ва оғир меҳнат талаб этади. Шунинг учун ҳам бу ҳунарни эгаллашга ҳар кимнинг ҳам сабри, чидами етмайди.

Мамасодиқнинг бу ҳунарга ишқи тушганида мактаб ўқувчиси эди. Қишлоқда яшовчи Раимжон устанинг устахонаси шундоққина йўл четида жойлашганди. Мактабга кетишда ҳам қайтишида ҳам бир зум ишини кузатмай ўтиб кетолмасди. Уста ҳам боладаги қизиқишни сезиб, бир гал ёнига чақириб олди.

- Кимнинг ўғлисан, болам?

- Абдупатто аканинг... - болакай гуноҳ иш қилиб қўйгандай овози чиқар-чиқмай жавоб берди.

- Пичоқ ясашни истайсанми?

Боланинг кўзларида ўт чақнади.

- Ҳа! - деди дадиллик билан.

- Унда отангдан рухсат олиб кел, дарсдан бўш вақтингда келиб, устахонада иш ўрганасан. Мана бу акаларинг ҳам сендай пайтида шу ҳунарни ўрганаман, деб келган. Қара, ҳозир бип-бинойидек уста бўлиб қолишди.

Шу суҳбат баҳона бўлди-ю, Мамасодиқ устага шогирд тушди. Ҳам мактабни тамомлади, ҳам ҳунар эгаси бўлди. Ҳарбий хизматга бориб келгач эса уйларида цех очди. Ака-укаларини ёнига олиб, иш бошлади. Улар оилада беш нафар ўғил эди. Уч нафар сингилларини эса онаси Сорахон ая ёнига олиб, дўппи, кўйлак тикишни ўргатарди. Уйда бекорчи одамнинг ўзи йўқ эди.

- Ҳунарли кишига доим ризқ-барака эшиклари очиқ бўлади, - деб кўп такрорларди Абдупатто ота фарзандларининг қўлидан иш келиб қолганига қувониб.

- Ҳар қандай ҳунар ўз эгасига ҳурмат, эътибор олиб келади. Ҳунарли одамнинг оиласида ҳамиша тўкинлик бўлади, - дерди...

ҚИМИРЛАГАН ҚИР ОШАР

Мамасодиқ бир ишнинг бошини тутдими, уни охирига етказмасдан қўймасди. Унинг чайирлиги меҳнатда тобланди. Энди нафақат Шаҳрихонда, балки, вилоятда ҳам уста ҳунарманд сифатида тилга олинадиган бўлди. "Ташаббус" кўрик-танловларида бир неча бор қатнашиб, сов-ринли ўринларни эгаллади. Шаҳрихон туман ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлди. Ишини кенгайтириш мақсадида банкдан 5 миллион сўм кредит олди. Уни мақсадли сарфлади. Иккита дўкон қурди. Уйдаги цехларни кўпайтирди. Ҳунар ўрганаман, деган ёшларни шогирдликка олди.

Шу ҳунарининг орқасидан кўп давлатларда бўлди. Қозоғистон, Хитойда бўлиб, тадбиркорлик йўналиши бўйича иш ўрганиб келди. Қозоғистонлик тадбиркор Самаджон Имонбеков билан мустаҳкам алоқа боғлади. Унинг қозоқларни миллий чопони, дўпписини тикадиган алоҳида цехини бориб кўрди. Чопонни бичиш-тикиш, унга гул босиш, сўнгра зар иплар билан тикиш... сингари иш жараёнларини кузатди.

Шунда Мамасодиқнинг хаёлидан бир ўй кечди. Турмуш ўртоғи Роҳатой ҳам тўн тикади. Қизларининг ҳам тикишга қўли келиб қолган. Шогирдлари бор. Тайёр бичилган тўнларга чизилган гулларни зар ип билан тикиб чиқиш уларнинг ҳам қўлидан келади. Шу ҳаёл кўнглидан ўтди-ю, дўсти Самаджон билан бу ҳақда суҳбатлашди. Улар билан ҳамкорликни йўлга қўйди. 2008 йили маҳалладаги қизлардан икки нафарини бир ярим ойга Қозоғистонга олиб бориб, иш ўрганиб келишига ёрдам берди. Мана, уч йилдирки, турмуш ўртоғи, қизлари, шогирдлари билан шу ишни қилиб келишяпти.

Қозоғистонда ҳам алоҳида дўконим бор, - дейди Мамасодиқ. - Савдо ишлари билан ҳар ойда у ерда бўламан. Шунда уларнинг миллий чопонини бичилган, гул босилган нусхасини уйга олиб бориб, гул тикилган ярим тайёр маҳсулотларини қозоқ дўстимнинг цехига элтиб бераман. Шу асосда уйда мен ҳам аёлимга цех очиб, шароит яратиб бердим.

***

Маълумки, 2009 йилнинг 29 июлида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Оилавий тадбиркорлик ҳамда ҳунар-мандчилик фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинган эди.

Шундан кейин бу ҳунарманд тадбиркорлар фаолияти янада жонланди. Шаҳрихон туман ҳокимлиги, меҳнат - бандлик маркази, "Ҳунарманд" уюшмаси ҳамкорлигида уста-шогирд мактаблари ташкил этилиб, ёшларга ҳунар ўргатиш ишлари кенгайди.

Ўзбек халқи учун касаначилик фаолияти энди пайдо бўлгани йўқ, - дейди Шаҳрихон туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Маҳфузахон Ҳамидова. - Ҳатто касб-ҳунар орқали тирикчилик қилиш таъқиқланганда ҳам миллий ҳунармандчилик намуналари уй шароитида тайёрланиб, бозорга чиқарилган. Бу каби ишларга, асосан, барча хонадонларнинг оила аъзолари жалб қилинганлиги туфайли, ҳар бир ҳунар авлоддан-авлодга ўтиб келяпти.

Роҳатой Раҳимова ҳам турмуш ташвишлари-ю, уй юмушлари, бола-чақа тарбиясидан ортиб, ўз ҳунари билан оиласи даромадига ўз ҳиссасини қўшиб, ундан ҳам орттириб, шахсий бизнесини йўлга қўяётган тадбиркор аёлларимиздан бири.

ҲУНАР -

МЕҲРДАН УНАР

- Ҳунармандлар оиласида ўсиб-улғайганим учун болалигимдан қўлимдан ип-игна тушмасди, - дейди Роҳатой. - Биз опа-сингиллар тўн, кўйлак тикишни раҳматли бувимдан ўрганганмиз. Ҳар бир ишга меҳр билан ёндошишни қулоғимизга қуйишган. Шунданми, шу ҳунарнинг орқасидан барака топиб, фаровон яшаб келяпмиз.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришга янада эътибор кучайди. Йўқолиб кетган миллий либосларимиз қайта тикланди. Илгари тўн, кўйлак тиккан бўлсам, энди миллий чопонларга гул тикишнинг ҳадисини олганман.

Айни пайтда чопондўзлик санъати сирларини ёшларга ўргатиб, уларни ҳунарли бўлишига ўз ҳиссамни қўшяпман. Қолаверса, турмуш ўртоғим ўзи ҳам ҳунарманд бўлганлиги учун уйда мен, қизларим ва шогирдларимга барча шароитларни яратиб берган.

Роҳатой ва шогирдларини кузатаман. Қизларни орасида жуда ёшлари ҳам бор.

- Бу қизчалар ҳали жуда ёш-ку. Уларнинг бармоқчалари игна ушлашга қийналмайдими? - дея Роҳатойни саволга тутаман.

- Қизлар ёш бўлса ҳам эпчил бўлишади. Тўғри игна ушлашга сал қийналишяпти. Лекин бироз вақт ўтиб, игна тутиш ва тикишни пухта ўрганиб олишади. Малоҳатхон Ёқубова, Моҳирахон Абдусаматова, Муслима Абдуллаева, Мубина Ёқубова сингари қизлар бу ҳунарни анча ўрганиб олишган. Ҳозир мен билан теппа-тенг иш қилишади.

- Уларга қандай маош тўлайсизлар?

- Ишига қараб. Битта чопоннинг гулини тайёр қилишига 80000 сўм тўланади. Чунки жуда майда иш. Нафисликни талаб қилади. Сифатига қараймиз.

Шогирдларидан бири Мадина Абдусаломовани гапга тутаман.

- Бир ойда нечта тўннинг гулини тикиб тайёрлайсиз?

- 3-4 та ишни бемалол қилиб улгураман. 240 минг сўмдан ҳақ оламан, ишимга қараб. Вақтида беришади.

- Сизларга қоладиган даромадчи? - Роҳатой ва Мамасодиққа юзланаман.

- Худога беҳад шукр, шу ҳунаримизнинг орқасидан кам бўлмадик, - дейди Мамасодиқ. - Айниқса, Президентимиз томонидан бизларга янада катта имкониятлар яратиб берилди. Энг муҳими, даромад солиғидан озод қилинганмиз. Топганимизга чиройли уйлар қуряпмиз, тўйлар ўтказяпмиз. Мана, яқинда қиз узатдик. Бу ўз-ўзидан бўлмайди. Шу ҳунарларимиз орқасидан бўляпти ҳаммаси.

- Сизни иш юзасидан ўйлантираётган муаммо борми?

- Мана, устахоналаримизни кўрдингиз. Катта эшикда 4 та алоҳида хоналарда ишлаяпмиз. 10 нафардан зиёд шогирдларимиз бор. Қолаверса, бу хонадонда ота-онам, икки укам болалари билан яшашади. Шуни ҳисобга олиб, бизга ер берилса, иш жойимизни кенгайтирардик, дўкон қурардик. Фаолиятимизни янада ривожлантиришга имкон бўларди. Ҳаётни кузатиб ҳунарли киши хор бўлмаслигига яна бир бор амин бўлдим. Шу боис, барча ота-оналарга фарзандингизни ҳунарга беринг, дейман.

Ҳа, файласуфларимиздан бири "Муносиб яшалган ҳаётни йил билан эмас, балки бажарилган ишлар билан ўлчамоқ зарур" деб ёзган эди. Тўрт фарзандни ҳунарли қилиб тарбиялаб келаётган, қолаверса, кўплаб шогирдларни ҳам касб-корли қилаётган ҳунармандлар Мамасодиқ ва Роҳатойларнинг сурат-у сийратида ана шу муносиб яшаш бахтини кўргандай бўлдим.

Саҳифани Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди