№45, 03.11.2011 ТЕЛЕМУЛОҚОТ
ЁШЛАР САЛОМАТЛИК ИЛМИНИ ЎРГАНДИЛАР
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида республика вилоятлариаро телемулоқот бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган телемулоқот репродуктив саломатлик ва оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш мавзусига бағишланди. Унда вилоятдаги олий ўқув юртлари ҳамда ўрта махсус касб-ҳунар коллежларининг талаба ва ўқувчилари, тегишли муассасалар раҳбарлари иштирок этишди.
Телемулоқотда вилоятлардан репродуктив саломатлик ва унга таъсир этувчи омиллар, эрта никоҳдан ўтиш ва унинг салбий асоратлари, соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг йўл-йўриқлари, оилада отанинг ўрни масалаларида саволлар ўртага ташланди. Уларга Тошкентдаги марказий студияда тўпланган эксперт гуруҳи аъзолари атрофлича ва тўлақонли жавоб бердилар. Шунингдек, никоҳ шартномаси ва афзалликлари, никоҳ ёши, никоҳдан аввалги тиббий кўрикдан ўтиш зарурияти, ўзаро қариндошларнинг турмуш қуришидаги салбий ҳолатлар, қонуний ва шаърий никоҳнинг аҳамияти тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Андижон студиясидаги иштирокчи ёшларнинг саволларига эса вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари, адлия, ички ишлар ва диний идоралар вакиллари жавоб беришди. Ана шу қисқа мулоқот мобайнида ёш йигит ва қизлар саломатлик ҳақидаги билимларини янада бойитишди.
Ушбу телемулоқот доирасидаги савол-жавоблар, қолаверса, юқоридаги мавзу бўйича ўзингизни қизиқтирган масалалар юзасидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг сайти орқали кенгроқ маълумот олишингиз мумкин.
Нажмиддин ИКРОМИЙ.
|