№45, 03.11.2011 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
МЕҲНАТДАН ТОПИЛГАН ҲУРМАТ
Эл орасида обрў топиб, эътиборли бўлиб яшаш осон эмас. Бунинг учун ўткир зеҳн, ҳалол меҳнат, тинимсиз изланиш зарур. Маҳалла фаоли бўлиш учун эса юқоридаги мезонлар кўнгилда жамланиши лозим.
Андижон шаҳридаги Шимолий кичик даҳага қарашли "Шифокор" маҳалла фуқаролар йиғинининг жонкуярларидан бири Ҳайринса опа Қаҳҳорова ана шундай фидойилардан биридир.
1951 йил Пахтаобод туманида оддий ишчи оиласида дунёга келган Ҳайринса опа болалигиданоқ ҳалол меҳнатга ўрганди. Ота-онасининг насиҳатлари, ҳавасга арзирли турмушлари сабабми, оиладаги 6 фарзанднинг барчаси олий маълумотли бўлиб, ҳаётда ўз ўринларини топдилар. Ҳайринса опа ҳам Андижон давлат педагогика институтида (собиқ) ўқиш билан бир қаторда, тумандаги Лутфий номли 2-ўрта мактабда аввал етакчи, талабаликдан сўнг эса 1972 йилдан ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлади. Шу вақтларданоқ бу аёлнинг илмга бўлган талаби, меҳнатга иштиёқи, атрофдагиларга нисбатан меҳрибонлиги барчанинг бирдек ишончини қозонди.
Оилали бўлгач, масъулияти янада ошди. Ҳам рўзғор, ҳам иш Ҳайринса опани тобора тетиклаштирди, десак хато эмас. Турмуш тақозоси билан 1976 йили уларнинг оиласи Андижон шаҳрига кўчиб келади. Ва шу ердаги 4-ўрта мактабда иш бошлайди. Ўзининг фаоллиги, фидойилиги билан ҳурмат қозониб, 2001 йилда нафақага чиқади.
Ҳайринса опа турмуш ўртоғи Мўминжон ака Турсунов билан 4 фарзандни тарбиялаб, элга қўшдилар. Икки ўғли - Ғайратжон ва Равшанбек шифокор, қизи Нодирахон ўқитувчи, кенжа ўғли Шавкатбек эса банк соҳасида ишлайди. 10 нафар набиранинг қувончи опага доимо завқ бағишлайди.
Оилада тиниб-тинчиган, фарзандлар тарбиясида янглишмаган, атрофидагилардан меҳр аямаган инсон маҳаллада ҳам обрў топаверади. Қаҳрамонимиз ҳам 2009 йилдан буён Андижон шаҳридаги "Шифокор" МФЙда маслаҳатчи лавозимида ишлаб келмоқда. МФЙ раиси Акромжон Жуманазаров бошчилигида, қолаверса, опадек фаоллар фидойилиги туфайли маҳаллада хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Дилшодбек Қурбонов, Замирахон Раҳимова, Ўғилхон Тожибоева, Оминахон Болтабоева сингари жонкуярлар маҳалланинг ҳар бир ишида ҳамжиҳат, ҳамфикр. Шунингдек, тўй маросимларини камчиқим, тартибли, енгил ўтказиш йўлга қўйилмоқда. Фаоллар иштирокида Одинахон Қодирова, Любовь Чудакова, Дилбар Ҳасанова, Эргашбой Болтабоев каби камтаъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Улар ҳам ўз навбатида маҳалла ишидан мамнунликларини билдиришмоқда.
"Шифокор" МФЙда 1510 та хонадон мавжуд. Ҳудудда 1 та мактаб, 1 та боғча, 3 та савдо дўкони, 3 та дорихона, 1 та ошхона бор. Бу иншоотлар бевосита халқ хизматидадир. Ҳайринса опадек фидойи аёллар эса ободликка, яхшиликка хизмат қиладилар. Эл тинчлигини оила тинчлигининг муҳим омили сифатида кўрадиган қаҳрамонимиз меҳнатдан бахт, хизматидан ҳурмат топган фаол аёлдир!
Зилола РАҲМОНОВА.
|