Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Кадриятларимиз

№45, 03.11.2011

ЮРТИМИЗНИНГ ТАРИХИЙ ГЎШАЛАРИ

"ҚАМБАР ОТА" ЗИЁРАТГОҲИ

Ҳурматли "Иқбол" таҳририяти ходимлари! Хўжаобод туманидаги "Қамбар ота" зиёратгоҳи ҳақида газетангиз орқали маълумот берсангиз.

Мухлисингиз Турғунбой ЎЛМАСОВ,

меҳнат фахрийси.

Шундай ривоят бор: Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) қариндоши ҳамда куёви, тарихда "Чаҳорёрлар" деб аталмиш тўрт халифанинг сўнггиси Ҳазрати Али ибн Абу Толибнинг (636-661 й.й) Қамбарали исмли отбоқари бўлган. У Ҳазрати Али (р.а.)га ниҳоятда меҳрибон ва содиқ инсон, қаерга борсалар доимо бирга бўларди.

Ўлкамизда "Бобо Қамбар" ёки "Қамбар ота" номида баъзи зиёратгоҳ жойлар учрайди. Ана шундай "муқаддас" зиёратгоҳлардан бири Хўжаобод туманининг қўшни Қирғизистонга яқин жанубий чегарасида, Оқбўра дарёсининг адирлик ёнбағридаги соя-салқин оромгоҳдир. Халқимиз ўша жойни ва бу ердаги номаълум бир мозорни ўша Ҳазрати Али (р.а.)нинг меҳрибон ва содиқ отбоқари номи билан боғлайдилар. Эмишки, бобо Қамбар (ёки Қамбар ота) шу ерда вафот қилиб, шу ерга дафн этилган.

Ҳазрати Алининг ислом тарихидаги донғи сабабли (у Пайғамбаримиз авлоди, паҳлавон, дин учун содиқ курашчи) отбоқар Қамбаралининг шуҳрати ҳам кенг тарқалиб кетган.

Бошқа бир ривоятда айтилишича эса, Ҳазрати Пайғамбаримиз Расул Акрам (с.а.в.)нинг дулдул отлари кундан-кунга озиб кетаверган ва бора-бора ўтламай қўйган. Ҳазрати Али (р.а.) бунинг сабабини сўрасалар, Қамбарали нима дейишни билмай, йиғлаб қочиб кетган. Аммо қаерга кетгани номаълум. Шу сабаб унинг қабри, ривоятларда номаълум ҳисобланади. Бироқ тарихий манбааларда айтилишича, у ҳам Куфа(Ҳазрати Али ўлдирилган шаҳар)да дафн этилган.

Қамбарали (ёки Бобо Қамбар) халқимиз эътиқодида отбоқарлар хомийси ва пири ҳисобланади, (барча ҳунарларнинг пири бор экани сир эмас). Шу номдаги қадамжолар Марказий Осиёда кўп учрайди. Туркманистонда ҳам, Хоразмда ҳам бобо Қамбар номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар борлигини биламиз. Ҳатто, Хоразм бастакорлари илгари "Али Қамбар" номида махсус куй басталаганлар. Бундай зиёратгоҳлар Фарғона водийсида ҳам кўплаб учрайди. (Қирғизлар "йилқилар ҳомийси" деб биладилар).

Шуниси таажжубки, ушбу номдаги барча зиёратгоҳлар ёз фаслида соя-салқин бўлган дам олиш жойлардир. Оқбўра дарёсининг Андижон - Ўш йўлига яқин жойдаги катта адирлик "Қамбар ота тоғи" деб аталади. Ушбу адирлик этаги қадамжо деб ҳисобланади. Шундоққина дарё бўйидаги дарахтзор, соя-салқин бўлгани сабаб одамларнинг ёз ойларида дам олишлари учун ниҳоятда қулай жойдир, булоқ сувлари ҳам бор, балиқ овласа ҳам бўлади.

Юқорида айтилганидек, барча "Қамбар ота" номидаги зиёратгоҳлар ана шундай соя-сал-қин оромгоҳларда жойлашган. "Наҳотки, отбоқар Қамбаралининг қабри шунчалик кўп ва барчаси оромгоҳ жойларда бўлса-я" - деган фикр киши ҳаёлига келиши, шубҳасиз.

Хўжаобод туманига қарашли "Қамбар ота" зиёратгоҳи ҳам ана шундай жой: учта чойхона, супа-ю, сўрилар кечгача одамлар билан гавжум бўлиб, дам олувчилар уйларига қайтишдан олдин Қуръони Каримдан тиловат қиладилар.

Сайфиддин ҳожи

ЖАЛИЛОВ, АДУ фахрий профессори.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди