№45, 03.11.2011 МУТАХАССИС МИНБАРИ
ЮРТ РАВНАҚИГА МАСЪУЛМИЗ
Бугун ёшлар Истиқлолнинг маъносига, қадр-қимматига тушуниб етмоқдалар. Юрт равнақини ўз тақдири деб билиб, кузатувчи эмас, балки, иштирокчи сифатида ҳар жабҳада фаолият кўрсатмоқдалар.
Улар Ватан тараққиётига, илм-фан равнақига салмоқли ҳисса қўшмоқдалар. Бу эса сиёсий кўтаринкилик, якдиллик руҳини оширишга омил бўлмоқда.
Йилдан-йилга Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамияти орасидаги нуфузи ортиб бормоқда. Шу билан бирга эришилаётган ютуқлардан фахрланишга ҳақлимиз. Ўз ўрнида эса ёшлар масъуллиги ошиб бормоқда.
Шундай бўлса-да, ёшлар ҳаётида учраб турадиган муаммоларга кўз юммаслигимиз керак. Юртбошимиз "Маънавий соҳада асло бўшлиқ бўлмайди", дея таъкидлаганлар. Шундай экан, бизнинг вазифамиз ўсиб келаётган фарзандлардаги илмга, касб-ҳунар ўрганишга бепарво ва лоқайдлик иллатини, боқимандалик кайфиятини йўқотиб, ёшларни тўғри йўлга солишдан иборат. Баъзи коллеж талабалари, тўғриси, аксарият қизлар орасида яхши билим олиш ўрнига, тўйини дабдабали қилиб ўтказиш, сепида хориж мебели-ю, европа либослари бўлишини орзу қилишдан чарчамаётганлари ҳам бор.
Ёшлар тарбиясида ота-оналар билан биргаликда устоз ва мураббийлар ҳам масъулдир. Биз оқил ва доно аждодларнинг руҳи шод бўлиши учун муносиб авлодлар тарбиялашга ҳаракат қилишимиз лозим. Муҳтарам юртбошимиз барчани нурли келажак томон бошлаганларида, биз кимларнингдир сояга эргашишига йўл қўймаслигимиз зарур. Биз - зиё тарқатувчи-педагоглар ёшларни иродали ва интилувчан бўлишга йўналтиришимиз керак. Зеро, улар юртнинг муносиб фарзандлари бўлиб камол топишсин. Ана шундагина юртимиз келажагига ҳамма ҳавас билан боқиши, шубҳасиз.
Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,
Жалақудуқ туманидаги 30-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.
|