№45, 03.11.2011 ФАХР
МУҚАДДАС БУРЧ
Устоз! Биз - ёшлар қалбида ўзгача жарангловчи сўз. Устозни худди билим булоғининг суви ва сўз мулкининг султонига менгзаш мумкин. Улар бизга сўз мулки орқали билим булоғидан улашади, гўё...
Қуёш Ер юзига қанчалар нур таратса, устоз бизларга ундан-да кўпроқ илм зиёсини сочади. Пири-устозлар шаънига қанча илиқ сўз айтсак арзийди. Чунки улар машаққатли хизматлари туфайли келгусида биз юксак таълим ва гўзал тарбия эгасига айланамиз.
Лекин инсон аввало, ўзи ҳар томонлама намунали бўлиши, бажараётган ишлари билан барчага ўрнак кўрсатиши даркор. Жумладан, юриш-туриши, кийиниш одоби, муомала маданияти ўзига хос бўлиш билан бирга, бола кўнглини тўла англаши лозим. Шундагина "устоз" номига муносиб деб эътироф этилади.
Қалби уммон устозларга бағишлаб қалам аҳли томонидан шеър-у, достонлар, ғазаллар-у, қўшиқлар яратилаётгани бежиз эмас.
Ҳа, устоз ота каби улуғ инсондир. Уларни ҳурмат қилиш, эъзозлаш, меҳнатининг қадрига етиш биз каби билимга чанқоқ ёшларнинг муқаддас бурчимиздир!
Шоира ИСОМИДДИНОВА.
|