Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№45, 03.11.2011

ҚУРБОНЛИКНИНГ ФАЗИЛАТИ

Муқаддас динимизда байрам саналмиш Рамазон ва Қурбон Ҳайити қамарий ҳисоб билан доим бир вақтда, яъни, Рамазон Ҳайити Шаввол ойининг биринчи кунида, Қурбон Ҳайити эса Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида нишонланади.

Бу кунлар Аллоҳ таоло алоҳида эсланадиган, Унинг неъматларига шукр қилинадиган, Яратган Парвардигор томонидан инъом қилинган имон ва Ислом неъматларидан баҳраманд бўлганлигимиз учун чин дилдан, ихлос ила қувонадиган кундир.

Имом Ан-Насаий ва Ибн Ҳиббон (р.а.)лар ривоят қилган сахиҳ Ҳадисда шундай дейилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага келганларида у ердаги халқлар йилнинг бошқа икки кунида жоҳилона тартибда байрам қилишар эди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Роббингиз сизларга бу икки байрам кунингизни ундан яхшироқ бўлган Фитр ва Қурбон кунларига алмаштириб берди", дедилар.Ўша кундан буён Ҳайит кунлари мўмин-мусулмонлар Ҳайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйиб, эҳсонлар қилиб, ота-она, ёру биродар, улуғларни зиёрат қилиб, қўни-қўшни, етим-есирлар ва бева-бечоралар ҳолидан хабар олиб, меҳр-мурувват кўрсатиб келмоқдалар. Ҳайит куни аразлашганлар бир-бирларидан узр сўрайдилар.

Қурбонлик қилиш вожиб амаллардан ҳисобланади. У закот нисобига қодир бўлган шахсга вожиб бўлади, мусофирга эса вожиб бўлмайди. Қурбонлик бир кишидан бир бош қўй ёки эчки ва бир кишидан етти кишигача бир бош мол ёки туя сўйилишидир. Қўйдан олти ойлик ва ундан бошқа ҳайвондан саний ва ундан каттаси қурбонликка ярайди. "Саний" деб бир ёшлик қўй-эчкига ва икки ёшлик молга ва беш ёшлик туяга айтилади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) : "Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас - ғилайлиги, беморлиги, чўлоқлиги очиқ-ойдин бўлган ҳайвон ва мияси чатоқ бўлган ҳайвон" - деб марҳамат қилганлар. Қурбонлик сўйишни аввалги вақти Ҳайит намозидан сўнг, охирги вақти эса учинчи куннинг қуёши ботишидан сал олдин, аммо кечаси сўйиш макруҳдир.

Қурбонликнинг териси садақа қилинади ёки доимий фойдаланадиган анжом қилиб олинади. Агар тери сотилса, қиймати садақа қилинади. Қурбонлик қилувчи сўйилган гўштдан ўзи ейди ва кимга хоҳласа егизади ёхуд ҳиба қилади. Унинг учдан бирини садақа қилиш яхшидир.

Қурбонликнинг фазилатлари ҳақида оят ва Ҳадислар жуда кўп, жумладан, Тангри таоло "Ҳаж" сурасининг 32-оятида: "Кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса бас, албатта, (бу) дилларининг тақвосидандир" деб марҳамат қилади. Ва яна шу сураи муборакнинг 34-оятида: "Биз ўтган барча умматга Аллоҳ берган чорва молларини сўйиш олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун Қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, барчаларингизнинг илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйсунингиз ва эй, Муҳаммад, (с.а.в.) итоат қилувчиларга хушхабар беринг" - деб марҳамат қилади.

Қурбонлик қилишнинг фазилати ҳақида Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) Оиша онамизга айтдилар: "Эй Оиша, қурбонлигингиз олдига боринг, унга гувоҳ бўлинг, чунки албатта, ерга тушаётган қонининг аввалги томчиси баробарига Аллоҳ таоло сизнинг аввалги гуноҳларингизни кечиради".

Оиша онамиз: "Ё Расулаллоҳ хоссатан бизгами ёки барча мўминлар учунми" - деб сўраганларида, Ҳазрати Расули Акрам (с.а.в.) : "Балки бизлар ва барча мўминлар учун умумийдир", - деб марҳамат қилганлар.

Али (р.а.) айтдилар: "Кимки уйидан қурбонликка ҳайвон сотиб олиш учун чиқса, унинг ҳар бир қадами баробарига ўнтадан хасанот - савоб ёзилади, ўнтадан гуноҳи ўчирилади, ўнтадан даражоти кўтарилади, сотиб олишдаги гаплари тасбеҳ бўлади, берган пулининг ҳар бир дирҳамига 700 та хасанот берилади ва вақтики сўйиб қонини оқизса, қонининг биринчи томчисидан Аллоҳ таоло ўнта фаришта яратади, фаришталар Қиёмат кунига қадар унинг ҳақига истиғфор айтишади, вақтики гўштини тақсим қилса, ҳар бир луқма баробарига Исмоил (а.с.) авлодларидан бўлган бир қулни озод қилганнинг савоби бўлади".

Улуғларимиз қурбонлик қилишда савоб кўплиги ва фазилати зиёдалигидан вожиб бўлмаса ҳам, киши бир қўйни сўйишга қодир бўлса, қурбонлик қилса яхши бўлади, деб таълим берадилар. Бу борада китобларимизда бир ривоятни келтирадилар: Аҳмад ибни Исҳоқ деган улуғ зот айтадилар: "Менинг бир камбағал биродарим бор эди, камбағал бўлса ҳам ҳар йили қурбонлик қиларди. Ўша биродарим вафотидан кейин мен икки раъкат намоз ўқиб, "Эй, бор Худоё, тушимда биродаримни кўрсатгин, унинг ҳолини сўрайин", деб дуо қилиб, таҳорат билан ухладим. Тушимда гўёки, Қиёмат куни бўлибди, одамлар қабрларидан тургизилдилар. Уларнинг ичида кулранг отга минган, яна кўпгина зотдор отларни етаклаб олган биродаримни ҳам кўрдим.

Айтдим: "Эй, биродарим! Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?" У айтди: "Аллоҳ мени кечирди". "Нима сабабли", - деб сўрадим? "Аллоҳ йўлида, холис бир камбағал ожиза аёлга бир дирҳам эҳсоним сабабли", - деб жавоб берди. Мен айтдим, "Бу қандай отлар?" У айтди: "Дунёда қилган қурбонликларим, бу миниб олганим биринчи қурбонлигим". "Қаерга кетяпсиз" - дедим. У айтди: "Жаннатга!".

Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) бизларни қаттиқ огоҳлантириб: "Огоҳ бўлинглар, қурбонлик қилиш нажот бергувчи амаллардандир, дунё ва охират ёмонликларидан нажот беради" - деб марҳамат қилганлар.

Шунинг учун имкони бор кишилар, албатта, қурбонлик қилганлари маъқул. Бошқа бир Ҳадиси шарифда Ҳазрати Расули Акрам (с.а.в.): Бой бўлиб туриб, қурбонлик қилмаса, у биздан - мўминлардан эмас" - деганлар.

Демак, қурбонликнинг биз билган ва билмаган фазилатлари кўп экан. Шу билан бирга, қурбонлик Қиёмат кунида эгасини Жаннатга олиб борадиган маркабдир.

Аллоҳ таоло яқинлашиб келаётган Қурбон Ҳайит байрамини барчамизга қутлуғ-муборак қилсин. Юртимизда доимо тинчлик-хотиржамлик бўлсин.

Абдуқаҳҳор ҚАНОАТОВ,

Андижон шаҳридаги "Хонақо" масжидининг имоми,

Абдуқодир РАҲМОНОВ,

Избоскан туманидаги "Имом Ҳусайн" масжидининг имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди