Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№45, 03.11.2011

ШУКРОНА

Мустақил диёрда азиздир инсон,

Улуғ саждагоҳим, муқаддас Ватан.

Халқим фаровондир, берилди имкон,

Аҳли Андижон, бири жон, бири тан.

Маъруза қилдилар доно Юртбошим,

Таълимга муносиб берилди баҳо.

Устозлар фикридан тузилди режа,

Дарсда сифат бўлди, мазмун ва маъно.

Жиноят саналди, илмсиз, касбсиз,

Ота-оналар ҳам турди оёққа.

Ният эзгу бўлди, сиз ҳам устозсиз,

Ақлли, билимдон ёшлар қаёқда?

Баркамол авлод бу, нурли келажак,

Донолар ўгити доим юракда,

Улуғвор ишларга албат етажак,

Ватанга фидойи ёшлар керак-да!

Лоқайд бўлмоқликка ҳаққимиз йўқдир,

Истиқболга шаҳдам қўяйлик қадам.

Етишмоқ учун биз буюк мақсадга -

Ватан хизматида бўлайлик ҳар дам.

Раъно СОДИҚОВА, Бўз тумани.

Онажон

Йўлимда йўлдошимсиз,

Ҳар ишда сўз бошимсиз.

Доимо сирдошимсиз,

Меҳрибоним онажон.

Бағрингиз дунёдай кенг,

Ҳеч ким келолмайди тенг.

Ҳар ишда шимариб енг,

Ўтмоқдасиз онажон.

Меҳрингиз мисли офтоб,

Ўзингиз-чи, моҳитоб.

Бизга бердингиз одоб,

Омон бўлинг онажон.

УМР КИТОБИМ

Умрим зарварағин жамласам бир-бир,

Унинг ўзи бўлар бутун бир китоб.

Унда бўронлар бор, шамол ва ёмғир,

Баъзида ярқирар, порлаган офтоб.

Унда бор шаббода, майин эсгувчи,

У шундай илиқлик бахш этар дилга.

У шундай ажибки, эсда қолгувчи,

Унинг ҳар елиши тенг келар йилга.

Умрим саркитобин ораласам бир,

Бирида бор экан, ғам-ғусса, алам.

Бошқасида эса яширилган сир,

У-чи, тутқазади қўлимга қалам.

Умр китобимни варақласам бир...

Саидабону АБДУСАЛОМОВА,

АДУ қошидаги 4-академик лицей ўқувчиси.

ОНАМ

Бу ёруғ оламга келтириб мени,

Эркалаб бошимни силаган онам.

Оқ ювиб, оқ тараб, ўстириб мени,

Худодан соғлигим тилаган онам.

Зорланиб кутасиз, олис ё яқин,

Бўлса-да манзилим, ошиқасиз жим.

Бунчалар меҳрли кўзингиз чақин?

Яна мени сиздек кута олар ким?

Кўнглингиз осмонми, бунчалар кенгдир,

Жойланар бу замин - чиройли олам,

Онажоним сизга ўғил-қиз тенгдир,

Мудом дейсиз "омон бўл, бахтимга болам".

Мен нодон дунёни бунча кенг дедим,

Дунёдан кенг экан, бағрингиз она-

Мен қанча инсондан озор, панд едим-

Фақат сиз алдамай келдингиз она!

Сиз борсиз ғам, алам мўралай олмас,

Уриниб киролмас шодон кўнглимга.

Гулмира қизингиз адашиб қолмас,

Чунки дуоингиз ҳамроҳ йўлимга...

Гулмира АЙСАРИЕВА.

СЕН БОРСАН - БОР БУ ОЛАМ

Аёл!

Сен муқаддассан,

Мунис, дунёда тенгсиз.

Кўкдаги қуёш ўзинг -

Олам қоронғу сенсиз.

Аёл!

Сенинг меҳрингдан

Кўкаради тошда гул.

Таровати ўзгача,

Боғда сайрайди булбул.

Аёл!

Сенинг борлигинг,

Бахш этади дилга жон.

Хонадон ҳаловати

Сен-ла оқаради тонг.

Аёл...

Шоҳсанам ҒОПИРОВА,

АДУ қошидаги Асака академик лицейи ўқувчиси.

ШУНДАЙ ЯША

Табиатдан ўрган яшашни,

Қуёш мисол юрагингни ёқ.

Ва чиқариб меҳрингни кўзга,

Одамларга сен ҳам хушҳол боқ.

Шамол каби тўккин андуҳни,

Худди баргни тўккани мисол.

Гумонлардан тозала руҳни,

Армон сенга бўлиб қолсин лол.

Гуллар каби таратгин ифор,

Сўзларингдан унсин муҳаббат.

Ахир, сенда мўъжиза бисёр,

Билгил, асло йиғлама фақат.

Раҳимахон ЭРМАТОВА,

Шаҳрихон тумани.

КУЗГИ ХАЗОНМАН

Сен мени баҳорим, дея атардинг,

Билсанг, баҳор яна келгуси такрор.

Сендан кетганимга анча вақт бўлган,

Лекин баҳор каби қайтолмайман ёр.

Мен баҳор эмасман, кузги хазонман,

Муҳаббатин сотган ишқи арзонман.

Севгининг саҳросин гулистон билиб,

Ўша саҳроларда ҳануз сарсонман.

Гулим, деб айтмагил, менми гул эмас,

Кузги хазонман-ку, гулим дема, бас.

Қошларим ёймасдир, юзларим оймас,

Кўзим эса қаро тунга ўхшамас.

Чунки мен гул каби очилолмадим,

Пойингга лоладай сочилолмадим.

Ҳатто, дийдоримга талпинганингда,

Пинҳона севгимни қуча олмасдим.

Сен мени баҳорим, дея атама,

Чунки баҳор каби қайта олмайман.

Ҳатто, кўзларингга бир бора боқиб,

Соғинчимсан, дея айта олмайман.

Гулҳаё ИСМОИЛОВА,

Асака тумани.

ЎЗБЕГИМНИНГ ҚИЗИМАН

Ҳур диёр қизиман, чеҳрамда қувонч,

Умид-ла яшайман қалбимда ишонч.

Бу кунни орзиқиб кутар ҳар юрак,

Юртимга билимдон фарзандлар керак.

Озод ўлкам ҳур қизиман, эркаси,

Ватанимнинг ҳам бугуни, эртаси.

Тинч, осуда осмонимиз теграси,

Шундай юртда ижод қилмоқ бахтимдир.

Шоир бобом Навоийнинг наслиман,

Ҳозиржавоб Зулфиянинг аслиман.

Қўрқув, нафс, кибрни қилгум йироқ,

Шунда жўш уради дилда истеъдод.

Мен шундайин мустақил юрт қизиман,

Жаҳон Отин Увайсийнинг изиман.

Дилшода НАБИЕВА,

Марҳамат тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди