№46, 10.11.2011 БИРИНЧИ ҚОР
Ҳар гал қор ёққанида дилда ҳаяжон,
Оппоқ орзуларга бўламан ҳамроҳ.
Кумуш парчаларким, бесаноқ, бесон,
Нозик ҳиссиётдан этади огоҳ.
Қорбўрон ўйнардик биринчи курсда,
Қий-чувга чўмарди кенг майдон бирдан.
Юзларим ловуллаб бир алвон тусда,
"Сиз ёмон экансиз", - дердинг дафъатан.
Қиз бола қисмати ҳаммага аён:
Бир кун учар-кетар ўзга манзилга.
Сен ҳам учиб кетдинг, манзил ноаён,
Соғинчлар тиғ санчар нозик кўнгилга.
Ёғар зарра-зарра бу биринчи қор,
Шу қорга ёзгайман исмингни ҳар гал.
Ҳамон туйғуларим қордай беғубор,
Ҳамон кўз олдимда турибсан, гўзал!
Икромжон АСЛИЙ.
|