№46, 10.11.2011 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
МАСЛАҲАТЧИ - КАЙВОНИ ОНА,
- дейди пахтаободлик
Саодатхон опа Аҳмаджонова.
Саодатхон Аҳмаджонова зиёли аёл. Етмиш ёшни қоралаб қолган. 46 йил кутубхона соҳасида ишлади. Ҳозирда у Пахтаобод шаҳридаги Муаззинбой маҳалла фуқаролар йиғинида маслаҳатчи сифатида фаолият кўрсатмоқда.
КУТУБХОНАЧИЛИКДА 46 ЙИЛ
Пахтаободда, хизматчи оилада таваллуд топган Саодатхон табиатан онага тортган. Онаси Ҳалчахон буви қўли гул чевар эди. Шу боис, оила тебратишда шу ҳунари билан турмуш ўртоғи Назиржон Мамажоновга эш бўларди. Чунки рўзғор - ғор. Унинг ташвишларини биргина давлат ишларида ишлаган эрига ташлаб қўйса, гўёки ҳунари хор бўлаётгандай туюларди унга.
Саодатхон оиладаги 5 фарзанднинг каттаси бўлгани учун, онаси ёнига тез кирган. Чеварлик ҳунарини ўрганган. Бу эса ҳаётда жуда кўп асқотди. Айниқса, оила қуриб, фарзандлар дунёга келтирганда, уларни боқиш, рўзғорни бутлашда ниҳоятда қўл келди.
Лекин Саодатхон бу билан чегараланиб қолмади. Ўқиб, илм эгалламоқчи бўлди. Ўрта мактабни битирган йили Андижон давлат педагогика институтининг физика-математика факультетига ҳужжат топширди. Шу йили унга қўшалоқ бахт кулиб боқди. Мандатдан ўтиб, ўқишга кирди ва оила қурди.
- Институтда 2-босқичгача ўқий олдим, холос, - дейди Саодатхон опа суҳбатимизда, - кейин ўқишни давом эттиролмадим. Бирин-кетин болаларим дунёга келишди. Мен учун муҳими ўқиш эмас, бола тар-биялаш эди...
Ҳа, Саодатхон опа оилам, болам, дейдиган аёл. Ҳаётда аввало, оилани мустаҳкамлаш зарурлигини мудом ҳис қилади. Оила мустаҳкам, соғлом бўлса, орзу-интилишлар ўз йўлида давом этишини қалбан идрок этади.
Унинг тутган йўли тўғри эди. Аввало, оиласи мустаҳкамланди, олти нафар фарзанди безавол катта бўлди. Бу орада опа туман марказлашган кутубхонасига ишга кириб, 46 йил шу тизимда фаолият юритди. 21 йил раҳбарлик қилди. Ишлаб юриб, Тошкент Маданият институтида сиртдан таҳсил олди. Бу эса орзу-интилишлари давом этганлигининг ифодаси эди.
МАСЛАҲАТЧИЛИК КАТТА МАСЪУЛИЯТ
- Маслаҳатчилик вазифасини жўн тушуниб бўлмайди, - сўзида давом этади опа. - Бу вазифанинг юки оғир. Маслаҳатчи - бу бамисоли кайвони она, демак. Катта-кичикка панд беришга, уларни тўғри йўлга бошлашга масъул киши у. 2005 йилдан буён ана шу масъуллик зиммамда.
Дарҳақиқат, Муаззинбой маҳалла фуқаролар йиғини фуқароларининг тинчлиги, оилалар барқарорлиги йўлида опа жонкуярдир. Маҳаллада 2060 нафар аҳоли яшайди. Жами 567 та оила бор. Оилалар опага яхши маълум. Уларнинг муаммоси тўғрисида қайғуради, шодлигига шерик, қайғусига елкадош.
- Лекин ҳамма бирдай яшамас экан-да, - дея куюнади опа. - Шунча оиладан биттаси нотинч яшайди. Кўп вақтимни ана шу оилага сарф этаман. Зора, шулар ҳам барқарор яшаса-ю, маҳалламиз осойишталиги янада яхшиланса, дейман. Чунки соғлом оилалар ҳаёт кўркидир.
Бу борада Саодатхон опа ҳақ. Жамият ҳалол, меҳнаткаш, фидойи инсонлар туфайли ривож топади. Соғлом, барқарор оилалар эса жамиятга муҳим таянч. Шундай экан, оилалар устида ишлаш ҳам шарафдир. Бу ишни шубҳасиз, Саодатхон опа каби фидойилар уддаламоқда. Зеро, маслаҳатчи фаолиятини бундан ортиқ таъриф билан ифодалаб бўлмайди.
Маҳфуза НОРБОЕВА.
|