№46, 10.11.2011 МУЛОҲАЗА
СОҒЛИК - БЕБАҲО БОЙЛИК
Ҳар бир кунимизнинг, умуман, ҳаётимизнинг бахтли ва чароғон ўтишида соғлик-саломатликнинг ўрни беқиёс. Умримизни қандай безашлик эса ўзимизга боғлиқ. Шу ўринда айтиш жоизки, касал бўлгандан кўра, унинг олдини олган маъқул. Бироқ, кўп ҳолларда бунга журъатимиз етмайди, эътиборсизлик қиламиз.
Айниқса, асабийлашиш соғлик учун нечоғли зарарли эканлигини била туриб ҳам баъзида арзимас бўлган муаммоларни ўйлаб, хуноб бўламиз. Мол-дунё тўплаш, кераксиз хою-ҳаваслар йўлида ўзимизни ўтга, чўққа урамиз. Бироқ жиддий хасталикка дучор бўлганимизда эса дунё кўзимизга қоронғу кўринади. Ундай пайтда йиққан давлатимиз бизга асқотмаслиги аниқ.
Мантиқан ўйлаб кўрилса, соғлигимизни қўлдан бой беришимизга энг аввало, ўзимиз сабабчи эмасмизми? Энг ёмони шундаки, ўзимизни ноқулай ҳис этиб, мазамиз қочиб турганини билиб турсак ҳам шифокорга ўз вақтида мурожаат қилмаймиз, тиббий кўрикдан ўтмаймиз. Бу бизнинг ўз соғлигимизга бўлган эътиборсизлигимиз, тиббий билим ва маданиятимизнинг етишмаслиги нишонасидир.
Бу ҳолат эса ғанимат бўлган умримизга болта уриш билан тенг. Шунинг учун киши соғлом фикрлай олсагина, саломатлигига салбий таъсир этиши мумкин бўлган ҳаётда учрайдиган ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишига шубҳа йўқ.
Соғлик - бебаҳо бойлик! Буни чуқур англаб етиш керак. Зеро, ҳаёт - бир ойна. Унга кулиб боқсак, у ҳам бизга кулиб боқади.
Нигора НИЗОМИДДИНОВА,
Асака тумани.
|