№46, 10.11.2011 ТЕАТР ФИДОЙИЛАРИ
"УНВОН МЕНГА КАТТА МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАДИ"
Аббос Бакиров номли Андижон ёшлар театри нафақат вилоятимизда, балки республикамизда ҳам энг ёш театрлардан бири ҳисобланади.
Маннон Ҳамидов раҳбарлигида ташкил этилган мазкур жамоада бугунги кунда кўплаб театр санъати фидойилари меҳнат қилиб келмоқда. Тажрибали режиссёрлар Толиб Ҳолиқов, Эргашали Собиров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар - Комилжон Мадаминов ҳамда Мурувватхон Қодировалар шулар жумласидандир. Бугунги мақоламиз қаҳрамони ушбу даргоҳда узоқ йиллар ишлаб, халққа ҳалол хизмат қилган иқтидорли актриса Мурувватхон Қодировадир.
Мурувватхон Қодирова 1971 йилда Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида таваллуд топди. У меҳнаткаш, заҳматкаш оиладаги олти фарзанднинг бири эди. Болалигиданоқ радиодан берилган эртакларни мароқ билан тинглар, бадиий асарларни эса доимий равишда мутолаа қилиб турарди. Зеҳни ўткирлиги сабаб бир маротаба эшитган нарсасини узоқ вақт хотирасида сақлаб қоларди. Келажакда актриса бўлиш бора-бора унинг орзусига айланди. У 1988 йили ўрта мактабни битирди-ю, Мар-ғилон шаҳар ўқувчилар саройидаги "Зиё чашмаси" ашула ва рақс дастасига ишга кирди. Бироз вақт ўтгач эса шаҳардаги театрга ҳам қатнай бошлади. Илк бора Хатамжон Тешабоев раҳбарлигида драматург Ф.Сайдуллаевнинг "Тузоқ" спектаклида Адолат ролини ижро этди. Роль жуда муваффақиятли чиқди. Ўзидан яхшигина актриса чиқишига кўзи етиб қолган Мурувватхон Қодирова Ўзбекистон театр ва рассомлик олийгоҳининг драма ва кино актёрлиги факультетига ўқишга кирди. Тўрт йиллик устозлар ўгити-ю талабалик йиллари ҳам ортда қолди. Унинг иқтидори эса битирув диплом ишида қўйилган "Ёрилтош" спектаклидаги Гулнор образи орқали янада яққол намоён бўлди. Устозлар Мурувватхоннинг келажакда халқ ардоғидаги яхши актриса бўлишига яна бир карра амин бўлдилар.
- Мен устозларимдан миннатдорман,- дейди қаҳрамонимиз олийгоҳдаги олтин даврларини эслаб. - Арофатхон Мусаева, Шоирахон Сайдуллаева, Рустамжон Усмонов, Арсен Файзуллаевлардан саҳнанинг сир-асрорларини пухта ўргандим. Қолаверса, тақдиримни ҳам шу соҳани яхши биладиган инсон билан боғладим. Муроджон санъат олийгоҳининг рассомчилик бўлимида ўқиган. Тақдир экан, 1990 йили шу йигит билан турмуш қурдим. 1997 йили эса у киши Аббос Бакиров номли ёшлар театрида рассом бўлиб иш бошлади. Айни пайтда иккимиз ҳам бир даргоҳда самарали меҳнат қилмоқдамиз.
Ҳа, Мурувватхон Қодирова энг бахтли ва энг омадли актрисалардан бири. У шу кунгача ёшлар театри саҳнасида жуда кўп ролларни ижро этди. Драматург Қобилжон Юнусовнинг "Қарғиш теккан уй" дарамасида Шаҳло, режиссёр Алижон Асқаров саҳналаштирган "Бир кам дунё" спектаклида Адолат, Шукрулло Меҳмоновнинг "Жинни бўлиш ҳеч гап эмас" комедиясида Эркиной, Эргашали Собировнинг "Чилла чечаги" спектаклида Мурувват хола, Маннон Ҳамидов саҳнага қўйган "Меҳр қолур" дарамасида Шоира образларини зўр маҳорат билан ижро этди.
Саҳнада ўзига мутлақо бегона бўлган образни яратиш, уни ранг-баранг бўёқлар орқали жонлантириш, томошабинларни ҳайратга солиб, тўлқинлаштириш, бир сўз билан айтганда, ўзига топширилган ролни маҳорат билан ижро этиш актёр ва актрисадан жуда катта иқтидор, меҳнат ва изланиш талаб этади. Бундан ташқари, саҳнада жарангдор овоз, юксак нутқ, нафис хатти-ҳаракат муҳим роль ўйнайди. Ана шундай машаққатларни енгган санъаткоргина вақти келиб меҳнатларининг роҳатини ҳам кўради. Мурувватхон Қодирова эса ана шу хислатларни ўзида мужассам этган актриса эди. Айни пайтда меҳнатларининг гаштини сурмоқда.
У театр соҳасида 25 йиллик меҳнат фаолияти давомида 70 га яқин катта-кичик образларни яратди. Улар ичида Она образи асосий ўрин тутади. Мурувватхон ёшлар театри репертуаридаги барча спектаклларнинг қаҳрамонига айланди, десак хато қилмаган бўламиз. Шунингдек, қизиқчи ва ўткир сўз устаси Ғайрат Аҳмедовнинг "Пахтазорда танноз қиз" асарида танноз қиз, драматург Зиё Нажмийнинг "Қисмат" видеофильмида Она образлари томошабинлар қалбидан ўрин олди.
М. Қодирова бугунги кунда ҳам театрнинг етакчи актрисаларидан бири сифатида ҳамон меҳнат қилиш ва изланиш билан банд. У шу кунларда "Замоннинг синган ойнаси" драмасида Гуландом образи устида ишламоқда.
Мустақиллигимизнинг 20 йиллик байрами арафасида унинг узоқ йиллик меҳнатлари муносиб тақдирланди. У "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" деган юксак унвонга сазовор бўлди.
- Мен буни ҳеч кутмагандим,- дейди қаҳрамонимиз биз билан суҳбат чоғида. - Менинг камтарона меҳнатларим Президентимиз томонидан шундай юксак унвон билан тақдирланган экан, демак уни оқлаш учун янада катта куч ва ғайрат, шижоат билан ишлашимга тўғри келади. Чунки бу унвон менинг руҳимни кўтарди. Елкамга янада залворли бир масъулиятни юклади. Бу масъулият эса менинг янги-янги образларни яратишимга замин яратади.
Ҳа, биз саҳна билан чорак аср ҳамнафас бўлган, бутун умрини театрга, санъатга, томошабинларга бахшида этган Мурувватхон Қодированинг ўзи таъкидлаб ўтганидай янги-янги образларни юксак маҳорат билан ижро эта олишига ишонамиз ва унинг келгуси ишларига омадлар тилаб қоламиз.
Олтинбой ҚУВВАТОВ,
театршунос.
|