№46, 10.11.2011 Фарид УСМОН
МОҲИМБЕГИМ
ТАРИХИЙ ҲИКОЯ
Моҳимбегим Бобурнинг энг суюкли хотинларидан бири. Бобур уни ўзгача меҳр билан севарди. У бу гўзал ҳилқатни фаришта каби кўрарди. Бошқа аёлларига у қанча меҳр-муҳаббат бағишлаётган бўлса, мана шуларнинг барини жамлаб, у Моҳимбегимга изҳор қилишга интиларди. Қаерда ва қайси жангоҳда юрмасин, Моҳимбегим унинг хаёл кўзгусида жонланар, ойдин нигоҳларини унга тикиб, шаҳзодани доим зафарга ундарди гўё. Моҳимбегим подшоҳга илҳом, ғайрат-шижоат, завқ-шавқ, тафаккур манбаи эди.
Ҳиндистонни забт этиш режасини ҳам Бобур дастлаб Қобулда узун тун кечаларида тотли висол онларида Моҳимбегим билан бўлган суҳбатларда пишитганди. Ҳиндни забт этишга бегим бевосита хайрихоҳ эканлигини ҳар суҳбатда айтарди.
Қолаверса, Моҳимбегим - Бобур Қобулда подшоликни қўлга киритганда, подшоҳ ҳаётида салча бўлса-да, хотиржамлик бошлаган бир қутлуғ дамларда унга тахт ворисини ҳам ҳадя этган. Подшоҳ унвонию, валиаҳд ўғилнинг дунёга келиши Бобур учун порлоқ истиқболдан дарак эди.
Бобур раҳматли онасининг қистови билан уйланган хотинларига Моҳимбегимга қўйган меҳрчалик меҳр қўёлмади. Лекин у барча аёлларини, ҳатто холалари, опалари, аммалари, қизларининг барини бирдай ардоқлади. Уларни тез-тез зиёрат қилиб турди. Вақти-вақти билан уларга совғалар улашди. Емак-ичмак, яшаш учун қулай шароитда ҳеч бирини кам қилмади. Ҳар қанақа ҳолатда аёлларга, биринчи навбатда оилаларига яшашлари учун қулай имконият яратиб берди.
Тўғри, тақдир Бобур қалбини жароҳатлаган дамлар ҳам йўқ эмас эди. Онасининг қистови билан болалигида унаштирилгани Самарқанд султони Аҳмад Мирзонинг қизи Ойша Султонбегим унинг дилига анчайин озор берди. Бобур бу озорларни унутолмади. Ўшанда омад Бобурдан юз ўгирган пайтлар эди. Унинг ҳаёти йўқчиликка юз тутган дамлар эди. Подшозода бўлса-да, у жуда-жуда камбағал эди. Ҳатто отларига едиргани ем ҳам тополмай қолган кунлари кўп бўлган. Юртма-юрт изғиб юришлар, баъзан оч, баъзан тўқ юришлар Бобурнинг атрофида юрган ҳамманинг жонига текканди. Егани олдида, емагани кетида, осойишта ҳаёт бағрида, тўғрироғи фаровон турмуш қучоғида улғайган Ойша Султонбегим эса бунга чидамади. Тақдир ўйинига бош эгишни сира-сира хоҳламас, гоҳ отда, гоҳ яёв, чўл-даштларда эри ортидан кезиш уни безор қилганди. Бобур мирзо ортидан судралиб юришга бардоши етмай қолганди. Шунинг учун у ёстиқдоши Бобур юзига тик боқиб, жавобини беришини - талоқ қилишини талаб қилганди. Бу ҳол омадсиз Бобурга оғир ботганди ўшанда.
Бобур Моҳимбегимни соғинганида, тиниқ ойдек сулув, чўзинчоқ юзларини кўз олдига келтираркан, албатта, мана шу ҳолатни эсларди ва аёллар оламининг бу қадар рангин бўлиши моҳияти сир-асрорларини ҳеч тушуниб етолмасди.
Моҳимбегим Бобур ўн чандон севса арзийдиган маликалардан эди. Тўлачадан келган, гавдали, тик қадди-қомати, юзларининг очиқлиги, тим қора кўзлари, тақимига тегиб турган товланувчан қора сочлари унга ёқарди. Гавда тузилиши, юриш-туриши, мулоҳазакорлиги жиҳатидан у катта бувиси Эсон Давлатбегимнинг худди ўзгинаси эди. Доно кампирнинг аллақайсидир бир кўринишлари унда намоён бўлиб турарди.
Бобур ўз хонадонидаги аёлларнинг ўта тарбиялилиги учун ҳам ёқтирарди. Бу тарбиявийлик катта бувиси Эсон Давлатбегимдан мерос эди уларга. Онаси раҳматли Нигорбегим ҳам ўша кекса бувисига ўхшашга интилиб яшаган. Унинг кўп дуоларини олганди. Аёллардаги ўзаро ҳурмат-эҳтиромнинг бош илдизи ҳам ўша мўътабар онахондан эди. Жанжалкашлик, ғалва-ғулва чиқариш бу катта хонадондаги аёлларнинг барчасига бегона эди. Шунинг учун уларни жазолаш, камситиш сингари одатлар Бобурийлар хонадонида умуман бўлмаган. Бобур ул-ғайиб ўсган муҳитда эрлар аёлларни ҳар жиҳатдан эҳтиромда сақлардилар.
Бобур Ҳиндистонни забт этганда ҳинд аъёнларининг хонадонларида жанжалкаш аёлларни қамайдиган қамоқхоналар ҳам борлигини кўриб, ҳайрон қолганди. "Наҳотки аёллар учун қамоқхона бўлса, улар қамалса, уларни қамасалар, - дея бу ҳолатни ҳеч ўзига сингдира олмаганди. Бир ҳинд аъёнининг жанжалкаш хотинини кўтарган ғалвасини кўриб туриб эса, беихтиёр "Ё қодири Худованди эгам, мўмин-мусулмонларнинг бу каби хотинларга эр бўлишдан ўзинг асрагин", деганди.
Бобур Ҳиндни қўлга олгач, Қобулда қолган хонадонига хат ёзиб, тезроқ Аграга келишларини тайинлади. Ҳаммадан аввал Қобулдан йўлга чиққан Моҳимбегим карвони бўлди. Карвон баҳор ўрталарига бориб, Ҳинд дарёси қирғоқларига етиб келди. Бу ҳақда чопарлар Бобурга маълум қилишиб турди. Лекин Моҳимбегим ҳали Аграга етиб келишига анча бор эди. Йўл юриш оғирлашганди. Юк ортилган отлар ва бошқа жониворлар, кажава ва маҳофаларни кўтариб юрувчи хизматкорлар ҳолдан тойганди. Қолаверса, иссиқ ҳаво тафти, баъзида кўтариладиган кўз очирмас тупроқли қуюнлар йўл юришни қийинлаштирар, пардалар билан ўралган муҳофада ўтирган Моҳимбегимни ҳам анча қийнарди. Дим ҳавода нафас олиш қийин эди.
Ана шундай оғир шароитда келаётган карвон ёз ойи ўрталарида Аграга яқинлашди. Кўл шаҳрига яқинлашганларида Бобур уларнинг етиб келаётганидан хабар топди. Моҳимбегим карвонини қарши олишга дарҳол уч отли ва икки кажавани юборди. Бобур рафиқасини Кўли Жамолийда кутиб олмоқчи эди. Лекин Моҳимбегимнинг яқинлашиб қолгани уни оҳанграбодек ўзига тортарди. Бобурга хабарчи "Бегим жуда яқинлашиб қолдилар", деганда ўзини тутиб туролмади. У отини эгарлаб беришларига ҳам сабри чидамади. Қаддини тик тутган ҳолда бошини адл кўтариб, пиёда йўлга тушди. Тупроқ сўқмоқ йўлдан юриб бориб, қайрилишда Моҳимбегимга пешвоз чиқди. Моҳим Бобурни кўрди-да, отдан тушмоқчи бўлди. Бобур эса шошиб, маликанинг оти жиловидан ушлади ва:
- Безовта бўлманг, маликам, - деди. Кейин: " - Хуш келдингиз", - деб қўшиб қўйди.
-Ассалому алайкум, - деди.
Кейин: "Соғ-омонмисиз, шоҳим, - деркан, қўшиб қўйди - Хушвақт бўлинг!"
Сўнг малика севгилиси юзига назар солди. Юраги ўртангандай эди унинг ҳам. Бобур эса ростдан ҳам Моҳимбегимни соғинганди. Агар шу атрофда юрган мулозимлар, кажава кўтариб келаётган хизматкорлар бўлмаганда эди, ҳозир Бобур Моҳимбегимни бағрига босган, ойдек сулув юзларидан, нафис лабларидан, кулимсираб турган ўйноқи, шу билан бирга босиқ, теран кўзларидан тўйиб-тўйиб бўса олган бўларди. У шу ернинг ўзида моҳитобини эркалаган, "жоним, жуда соғинтирдингиз", деган бўларди. Хизматкорлар, бегим ҳамроҳлари аёллар, мулозимлар аслида Бобур амри-ишорасига кўз тикиб турган кимсалар эди. Қолаверса, Бобур подшоҳ эди. Унинг ҳар бир хатти-ҳаракати, юриш-туриши ва ҳатто ўз никоҳидаги жуфти-ҳалоли билан бўладиган ҳозирги кутиб олиш маросими ҳам маълум маънода атрофдагилар учун сиёсат эди. Буни Бобур ҳам, суюкли ёри Моҳимбегим ҳам яхши билишарди. Шунинг учун бир-бирларига фақат сирли суқланиб боқишдилар. Боқишлар замирида эса олам-олам маъно жамул-жам эди...
Бобур отни илдам етаклаб кетди. Юмшоқ тупроқ унинг товонлари остида эриб тургандек эди. Неча фурсатлардан бери отдан отга миниб, ҳеч яёв юрмаган Бобурга бу юриш бир пайтлар Самар-қанд атрофларида тахт даъвосида тиканзор, юлғунзорлар ичида неча кунлаб ялангоёқ юрганларини эслатди. У буни эслади-ю, ҳозир Ҳинд мулки подшоҳи эканлигини, оёқларида энди қимматбаҳо чармдан қилинган шоҳона этиклиги подшоҳ бўлса-да, малика минган тулпорни етаклаб кетаётгани унга ғалати туюлди. Ўзича кулимсиради ва "Маликалар маликаси фариштага етовчиликка арзийман-а", дея хаёлланди.
Бегим ўтирган отни Бобур етаклаб бораркан, Моҳимбегим нариги отда кажавада ўтирган қизи Гулбаданга қараб шундай деди:
- Кундузи келиб отанг подшоҳ ҳазратлари билан кўришгин. Хўпми, қизим. Албатта, шундай қил!
Бу пайт энди кеч кирган эди. Шом намозини қароргоҳда адо қилишга қарор қилишган. Бобур ва Моҳим шунга ошиқардилар. Етти яшар Гулбадан эса карвон қўнган жойда энагалари билан бирга қолди.
|