№47, 17.11.2011 ТАБИАТ ВА БИЗ
ОНА ТАБИАТНИ АСРАЙЛИК
Инсониятни яратган ва унга ҳаёт бахш этган табиат ҳақиқатан мўъжизалар ва сиру синоатларга бой. Беҳад улуғвор ва қудратли табиат мавжудотлари-ю ҳодисалари олдида лолмиз. Аммо ўша табиатнинг онгли мавжудоти саналган инсон ва табиат ўртасидаги мувозанат бузилса-чи? Ундай ҳолатларда бир қатор муаммолар юзага келади. Демак, биз, бизни яратган ва ҳаёт бахш этган табиатга нисбатан шафқатсизлик қилган бўламиз. Буюк алломалардан бири "Табиат инсонга гўзаллик берар экан, уни эъзозламаслик нонкўрликдир", - дейди. Бу сўзларни кенг ва тор маънода тушуниш мумкин.
Нима бўлганда ҳам она табиат тушунчасини тўғри англаган инсон атроф-муҳитга, табиат неъматларига оқилона муносабатда бўлади. Имон-инсофли, тарбияли инсонда экологик маданият ҳам юксак даражада шаклланган бўлади.
Ота-боболаримиз азалдан "увол", "савоб ва гуноҳ", "ҳалол ва ҳаром", "яхши ва ёмон" каби тушунчаларни ёшлигимиздан қулоғимизга сингдириб боради. Қушларга озор бермаслик, сувларни ифлослантирмаслик, табиатга зиён етказмаслик борасида панд-насиҳатлар қилади. Аммо бундай жўяли ўгитларга ҳамма ҳам амал қилавермайди.
Кўча-кўйда кетар эканмиз дарахт шохларини синдираётган, пишмаган, хом меваларни узиб, увол қилаётган, конфет қоғозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари қутиларини дуч келган жойларга ташлаб кетаётган ёки уларни ариқларга ташлаб кетилаётган ҳолатларга кўзимиз тушади.
Сокин табиатнинг гулдек юзига доғ тушираётган кимсалар борлигига ачинамиз. Ўша чиқиндиларни махсус жойларга, қутиларга ташлаб ўтилса ҳам бўлади-ку? Биз бундай номақбул ишларимиз билан табиатга зарар етказаётганимизни наҳотки англаб етмаётган бўлсак? Ахир, ўз шахсий манфаатларимизни деб табиатга зиён етказиш кўрнамаклик-ку? Табиатнинг тили йўқ бўлиб, ўз оғриқлари, дардларини бизларга ошкор этолмайди. Аммо бу унинг устидан ҳукмронлик қилиш мумкин дегани эмас. Аслида, гўзал табиатнинг мусаффо ва сўлим қўйнида дам олишликка, унинг мафтункорлигидан баҳра олишга нима етсин.
Табиатни асраб-авайлаш, уни келажак авлодларга безавол ва обод етказиш ўз қўлимизда. Шундай қилсак келажак авлодларимиз биздан миннатдор, соғлом ва бахтиёр бўладилар.
Гулҳаё ИСМОИЛОВА,
Асака тумани
|