№47, 17.11.2011 МЕҲР КЎРГАН МЕҲРИНИ АЯМАС
Шукроналик, ўз бахтини одамларнинг фаровон турмушида кўришга интилиш инсонийлик белгиси, эзгу хислат. "Янги тадбир" фермер хўжалиги раҳбари
Ҳамидахон Воҳидова ҳам ана шундай маҳаллага қайишадиган инсонлардан бири.
- Фермер нафақат мўл ҳосил олишни уддалаш, балки халқнинг турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшишга ҳам масъулдир, - дейди Ҳамидахон. - Меҳнат қилган, изланган, интилган киши ҳеч қачон кам бўлмаслигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Маҳалламизда меҳр-оқибатли инсонлар кўп. Уларнинг кўмагида ўз ишимни йўлга солдим. Мамлакатимизда биз фермер ва тадбиркорларга яратилган шароит туфайли оиламиз қаддини ростлади. Қолаверса, маҳалла аҳли иш билан таъминланди. Одамлардан меҳр, қадр-қиммат кўрдик. Энди ўзим ҳам имконини топсаму бировга нафим тегса, дейман. Боқувчисини йўқотган, кўп фарзандли оилаларга баҳоли қудрат кўмаклашишга ҳаракат қиламан. Чунки "элдан-элга наф", деган гап бор, - дейди Ҳ.Воҳидова.
Дарҳақиқат, маҳалла ҳудудида фаолият олиб бораётган бошқа фермерлар ҳам ҳимматли инсонлардир. Уларнинг ёрдами билан қишлоқ, маҳалла янада обод бўлиб, кундан-кунга кўркамлашиб бормоқда.
САҲИФАНИ ЗУМРАДХОН АБДУЛЛАЕВА ТАЙЁРЛАДИ.
|