№47, 17.11.2011 ЧЕКМАСДАН ЁШЛИК ГАШТИНИ СУР
ЧЕКИШ - УМРГА ЗАВОЛ БЎЛМАСИН
Тамаки ҳақида сўз кетганда, чекувчилар бу заҳри қотилнинг таркиби ва чекишнинг оқибатлари нималарга олиб келишини билишармикан? Ўз ҳаётларига ўзлари зомин бўлишаётганлигини англашармикан?
Минг афсуслар бўлсинки, кўпчилик чекувчилар тамакининг зарарини билишади-ю, оқибатини ўйлашмайди.
Тамакининг таркибида 200 га яқин зарарли ва заҳарли модда мавжуд бўлиб, у пассив наркотик модда ҳисобланади. Бир маротаба тамакини қабул қилган инсон аста-секин бунга кўникиб боради. Натижада бу моддага муккасидан кетиб, унга тобе бўлиб қолади. Бу чекувчининг ўзига сезилмаса-да организмига салбий таъсир кўрсатади.
Тамакининг зарари ва унинг оқибатлари ҳақида ойнаи жаҳон орқали кўплаб махсус фильмлар, видеороликлар эътиборимизга ҳавола этилмоқда. Аммо... тамакининг зиёнини ўйлаб, ҳайратда қоласан киши. Ғафлат кўланкаси остидаги ёшлар нима учун ўз ҳаётингизга ўзингиз зомин бўлмоқдасиз. Ахир ҳаёт инсонга бир марта берилади. Бу тамакининг қандай фойдаси бор? Нима учун ҳозирги кунда жаҳон ёшларининг 80 фоизи чекувчиларни ташкил этмоқда?
Афсуски, бу саволлар жавобсиз қолмоқда. Ахир инсониятга ўйлаш, идрок этиш учун ақл берилган-ку. Нима учун онгли, тафаккурли инсон, тамаки олдида ожизлик қилмоқда!
Азиз замондош! Келинг, вақт борида ўйлаб қадам ташлайлик. Беғубор ёшлигимиз, азиз ва қадрли умримиз машъум заҳри қотил тутунлари ичра увол бўлмасин!
Шоира ИСОМИДДИНОВА,
"Журналистик маҳорат" маркази
тингловчиси.
|