№48, 24.11.2011 БУГУННИНГ ГАПИ
УЙИНГИЗДА КЎМИР БОРМИ?
Қиш эшик қоқмоқда. Ундан бешикаст, беталофат чиқиб олиш эса шу кунгача бўлган ҳозирликнинг қай даражадалигига боғлиқ. Шу боис, вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида мавсумга ўтин-кўмир ғамлаш ишларига катта эътибор қаратилган.
Хўш, аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқ маҳаллаларида аҳвол қандай?
Шу хусусда Жалақудуқ туманида бўлдик. Жалақудуқ туманида 10 та қишлоқ, 63 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Жами аҳолиси 157 минг 500 нафарни ташкил этади. Туман аҳолисини қишки мавсумда кўмир билан таъминлаш босқичма-босқич олиб бориляпти. Биринчи босқичда 2207 тонна кўмир тарқатилган бўлса, иккинчи босқич бошланиб, унда 2680 тонна кўмир олиш режалаштирилган эди. Айни пайтгача 400 тонна кўмир олиб келинди ва аҳолига тарқатилмоқда.
Бу борада Ёрқишлоқ қишлоқ фуқаролар йиғинидаги "Янги кўрпа" маҳалласи раиси Собиржон ака Усмонов билан суҳбатда бўлдик.
- Маҳалламиз туман марказидан 17 км. узоқроқда жойлашган, - дейди раис. - Шунинг учун ҳам мавжуд 452 та хонадонда табиий газ етишмовчилиги бор.
Ўтган йили қишда айнан мана шу муаммо туфайли қийинчиликлар бўлганди. Бу йил шу муаммоларга дуч келмаслик учун бутун чораларни кўрдик. Ҳар бир хонадонга бориб, кимга қанча кўмир кераклигини аниқладик. Шундан сўнг фуқаролардан 260 та ариза қабул қилиб олинди. Шунга кўра 420 тонна кўмир олиб келиб, аҳолига сотишни режалаштирдик. Шу кунгача 179 тонна кўмир эҳтиёжманд, камтаъминланган, кўп болали оилаларга тарқатилди. Қолган 68 та хонадоннинг аризаси ҳам қондирилади.
Маҳалла аҳли билан ҳам бу борада суҳбатлашдик. Уларнинг таъкидлашича, ўтган йили қиш ойларида бир тонна кўмирнинг баҳоси 250 минг сўмдан ортиб кетган эди. Айрим кишилар кўмир олди-сотдиси билан шуғулланиб, нархини ошириб юборишганди. Бу мавсумда мана шундай нохуш ҳолатларга йўл қўймай ҳукуматимиз, ҳокимликлар кўмаги билан маҳалла фуқаролар йиғини орқали кўмир олиниши йўлга қўйилганлиги айни муддао бўлди. Бунинг устига, арзон нархда, яъни, бир тонна кўмирнинг баҳоси 86 минг 300 сўм белгиланган.
Аҳолига кўмир етказиб бериш ва уни тарқатишда маҳалла фаоллари, кўчабошиларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда.
- Ўнта ариза берган хонадон битта кўчадан бўлса, 10 тонна кўмирни ҳаммасига яқин бўлган жойга тўктирамиз, - дейди маҳалла кўчабошиларидан бири Ҳомиджон Қурбонов. - Тарозида бир тоннадан кўмир тортиб, рўйхат асосида тарқатамиз. Шу кунгача 26 та камтаъминланган, беш нафар боқувчисини йўқотган, 48 та эҳтиёжманд оилаларга кўмир берилди.
- Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан арзон нархда кўмир олиб келиб, хонадонимизга тўктириб берилаётгани биз сингари кўп болали оилаларнинг оғирини енгил қилмоқда, - дейди Азизахон опа Усмонова. - Ҳамма ҳам олисдан ёки қиммат нархда кўмир ололмайди. Ахир, беш қўл баробар эмас.
Бу каби миннатдорчилик сўзларини Баҳринсохон Наби-ева, Ўрмонжон Олимжонов, Шодмонхон Раҳмоновалардан ҳам эшитдик.
Очиғи, туманларда қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида аҳолига кўмир савдосини ташкиллаштириш оқсамаяптими, деган ташвишда эдик. Одамлар билан суҳбатлашгач, бажарилаётган ишлар билан танишгач, ҳар тугул кўнглимиз хотиржам тортди.
"Қўшнинг тинч - сен тинч" деган мақол бор. Бу маҳалла аҳлининг бир-бировининг ҳаётига бефарқ эмаслигини билдиради.
Зумрадхон СОТВОЛДИЕВА.
|