№48, 24.11.2011 БИЗНИНГ СУҲБАТ
ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ БИЛАН
Умидахон Имомова - 1998 йили Тошкент давлат юридик институтини тугаллаган. Дастлаб Пахтаобод туман судида девонхона мудираси, суд мажлиси котибаси бўлиб ишлаган. 2002 йилдан буён жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси бўлиб фаолият юритмоқда.
Оилада шахс вояга етади, камол топади, юрт корига ярайди. Оила мустаҳкамлиги аёл бахтининг тўкислиги билан белгиланади. Бу эса кўпинча оилаларнинг иқтисодий барқарорлигига боғлиқ. Рўзғорнинг моддий таъминоти кўнгилдагидай бўлса, инсоний муносабатлар ҳам яхши йўлга қўйилади. Аксинча бўлса-чи? Аёлнинг тинчи, ҳаловати йўқолади.
Умидахон Имомова билан қилган суҳбатимиз айнан шу мавзуда бўлди.
* * *
- Ҳар бир инсон турмуш тарзи, олдига қўйган мақсади, дунёқараши ва тафаккури билан ўз йўлини ўзи танлайди. Шу жараёнда кимдир билиб-билмай, яна биров қасддан жиноят кўчасига киради. Айниқса, аёл кишига "жиноятчи" деган номни қўйиш судья учун оғир бўлса керак?
- Албатта. Дунёда ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Бироқ бугунги ҳаётимизда аёллар жиноятчилиги кўпайиб бораётгани ташвишли ҳол. Таърифи достонларга жо бўлган, эр-йигитларни мардлиг-у, шижоатга ундаган, авлод бардавомлигини таъминлайдиган баъзи аёллар бугун нафс қулига айланишган.
Мана, яқинда Андижон шаҳар Тожик маҳалласида яшовчи Шоира Мустафақулованинг иши кўриб чиқилди. У гиёҳванд моддаси олди-сотдисида айбланди. Ҳатто, қўшниси, вояга етмаган Азиза Набиевани ҳам жиноят содир этишга жалб қилганлиги учун Қарамоғидаги вояга етмаган фарзандлари ҳам она жиноятини енгиллаштира олмади.
- Албатта, бугун судлов жараёнида ҳеч ким жиноятни ёқламайди. Жиноят илдиз отиб, кўпайиб кетишини истамайди. Адолат нуқтаи назаридан ҳукм чиқарилади. Бироқ белгиланган синов муддатида айбдор жазони ўтамаслиги ҳам мумкинми?
- Бир китобда ўқиган эдим "Фуқароларнинг гуноҳсизлиги ҳимоя қилинмас экан, озодлик ҳам ҳимоясиздир". Шу боис, ҳар бир жиноятнинг турига қараб, жазо қўлланилади.
Агар суд озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келса, шартли ҳукм қўллаш мумкин. Бундай ҳолда суд башарти белгиланган синов муддати давомида жазонинг шартлилигини бекор қилиш асослари келиб чиқмаса, тайинланган жазони ижро этмаслик тўғрисида қарор чиқаради. Синов муддати бир йилдан уч йилгача белгиланиб, ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.
- Оғир бўлмаган жиноятлар учун қандай жазо тайинланади?
- Жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар қандай жиноят учун эса жазо муқаррардир. Ўта оғир бўлмаган жиноятлар учун кўпроқ жарима ва ахлоқ тузатиш жазоси қўлланилади.
Масалан, Андижон шаҳар, 3-кичик даҳада истиқомат қилувчи, бир фарзанднинг онаси Нилуфар Рўзибоева фирибгарлик тўнини кийиб, Мадиёров Шоҳмурод, Назаров Миролим билан тил бириктиришиб, Давлат солиқ инспекциясида ишлашмаса-да, хизмат гувоҳномасини қалбакилаштириб, уларнинг махсус кийими: "Ўзбекистон Давлат солиқ хизмати" деган ёзувлари бўлган кийим-бош тиктиришиб, ноқонуний тарзда ёқилғи маҳсулотлари олди-сотдиси билан шуғулланувчи фуқаролардан бензин ёқилғи маҳсулотини ёки ўша ишнинг "ёпди-ёпди"си учун юз минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган. "Кўза кунда эмас, кунида синишини" унутган бу кимсалар ўз қилмишлари боис, жавобгарликка тортилдилар. Судланувчилар содир этган қилмишларига чин кўнгилдан пушаймонликларини баён қилиб, енгиллик беришини сўрадилар.
Суд Н.Мустафақуловага жарима ва ахлоқ тузатиш жазосини тайинлади.
- Жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг сабаблари, келтириб чиқараётган омиллар нимада деб ўйлайсиз?
- Инсоният яратган буюк кашфиётлардан бири - китоб. У аввало, онгимизни зиё билан бойитади. Француз файласуфи Дидро: "Одам мутолаани бас қилса, фикрлашдан ҳам маҳрум бўлади", деган экан. Шу боис, жиноятчиликнинг келиб чиқишига сабаб кишининг маърифатсизлигидир. Бундан ташқари, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш керак. Радио-телевидениеда чиқишлар, ОАВ орқали мана шундай мафкуравий жараёнларда иштирок этаётган, адашаётган аёллар, оналар, хато қилаётган ёшларни тўғри йўлга солишда жаҳолатга қарши маърифат энг мақбул йўлдир.
- Суҳбатингиз учун раҳмат!
Суҳбатдош: Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|