№48, 24.11.2011 МУШОҲАДА
ҚАРҚАРА КЕЛИН БЎЛИНГ
-Кетиб қолдим, бошқа иложим қолмади. Қайнона бари бир она бўлмас экан.
-Ўтирсам ўпоқман, турсам сўпоқман. Ҳамма ишимдан нуқсон топаверади. Гапига аҳамият бермаган кунларим ҳам бўлди. Ҳовли супурсам мендан кейин бошқа супурадими-ей, ювган идиш товоғимни бир куни отиб юборди. Битта чинни коса чил-чил синди, опа. Коса эмас, менинг кўнглим синди. Айтишиб кетдим. Шу пайт ўғли келиб қолди. Номард, уям онасининг тарафини олди.
Шу юмушларни уйда қилганимда аям қанча ал-қарди. Дастёр қизим деб дадамга мақтаб гапирарди. Ҳатто, мукофотига айтган нарсамни олиб ҳам берарди. Бу ерда бўлса...иш қилсанг ҳам ёқмайсан. Айбингни топиб, жанжал чиқаради. Ҳай, эрим мен тараф-ку, деб ўзимни овутиб юргандим. Мана, уям онасининг тарафига ўтиб олди.
Келинчакни яхши танийман. Ўзига тинч, анча-йин бадавлат хонадоннинг қизи. Ўзи айтмоқчи "онасининг тор қорнига сиққан, кенг, ҳашаматли уйига бемалол сиғади." Онаси ҳам анчайин мағрур, айтишича "шу қизининг бахтли бўлиши учун борини сарфлаган, орзу ҳавас кўришни ўрнига қўйиб қўя оладиган" аёл.
"Қайнона она бўлмас экан." Келинчакнинг бу хулосаси, мени бироз ўйлантириб қўйди.
Баъзи қизларда ҳали турмушга чиқмасданоқ оилавий ҳаётга, қайнонага нисбатан салбий тасаввур шаклланиб, тасаввуридаги қайнона фақат салбий қиёфада намоён бўлади. Оқибатда эса турмушга чиққандан кейин тасаввуридаги қайнонага хос бўлган иллатларни қайнонасидан ўзи сезмаган ҳолда ахтара бошлайди. Бўлсаку топиши аниқ, ҳатто, йўғини топишга ҳаракат қилади. Рўзғори бузилган қўни - қўшни, дўсту дугоналаридан эшитиб пайдо бўлган тасаввурлари уни алдаши мумкинлигини тан олгиси келмайди.
Келинг, мулоҳаза қилиб кўрайлик. Қиз ўз уйида рўзғор юмушларини қилмаган эмас, "дастёр қиз" сифатида қилган. Ва табиийки, она бундан хурсанд бўлган, Қизини алқаган. Мукофотлаган.
Турмушга чиққандан кейин эса, қайнона ўз келинидан турмушга ҳар жиҳатдан тайёрлик хислатларини талаб қилган. Аниқроғи, келиннинг ҳовли супуриши ҳам, идиш ювиши ҳам қайнонанинг дидига мос келмаган.
Ўзимнинг бошимдан ҳам худди шунга ўхшаш кунлар ўтган. Бир куни онамга ўзимча жуда-а ақлли бўлиб, шикоят кўтариб борибман.
-Шаҳар билан қишлоқ орасида от билан туяча фарқ бор экан. Қишлоқда ғўзапоя дегани сероб. Бу йил ҳам минг боғга яқин олдик. Аммо қудангиз ўта пишиқ, худди жанжал чиқаргиси келгани билиниб туради. Кеча тандирга ўт қўяётган эдим. Шунча кўп ғўзапоя туриб, томорқадаги хас-хашакларни, майда-чуйда шох- шаббаларни йиғиб келиб тандирга солинг деди. Жоним чиқиб, бобиллаб берай дедиму, ўзимни босдим. Ахир, куёвингиз онасига гап қайтарсам ёмон олишини ўйлаб "минг боғга яқин ўтинни нима қиламиз ёқмасдан" деб чимирилдим. Жаҳлим чиққанини сезди шекилли, индамай томорқага кириб, ўзи шох-шаббаларни йиғиштириб чиқди. Ўшани ғўзапояга аралаштириб, тандирни қиздирдик.
- Қудам тўғри гапирган, нодон,- дедилар онам,- биринчидан, ўша хас-хашагу, шох-шаббалар ҳовли томорқангни ивирситиб турганди, йиғиштирилиб, ораста бўлиб қолади. Иккинчидан, тандирни қиздириши мумкин бўлган шох-шаббани бир куни кераксиздай тўплаб, ўт қўйиб ёки ахлатга ташлаш увол.
Учинчидан, яхши бека бор нарсани тежаб-тергаб ишлатади. Эҳтимол, келаси йил ғўзапоя ололмассизлар. Ўшанда нима қиласан. Ғўзапоясиз ким қийналади - ўзинг. Сен бўлса, ўзингни жуда-а ақлли санабсан-да? Уялмай "чимирилдим" дейсан-а? Қайнонанг янаям мулоҳазали, ювош. Ўрнида мен бўлганимда адабингни берардим. Мени ҳафа бўлмасин десанг, қудамдан кечаги беадаблигинг учун бугун борибоқ узр сўра. "Қайнонали келин қарқара келин, қайнонасиз келин масхара келин" деган ҳикматли нақл бежиз эмас.
- Қарқара дегани қушми, она?
- Қуш бўлгандаям жуда чиройли, бенуқсон, камёб қуш. Қайнонасининг ўгитларига қулоқ солиб, амал қилган келин "ҳам саришта, ҳам тежамкор, ҳам чаққон, ҳам қунтли келин" бўлиб олади.
Мана, бугун ёшим улғайди. Ўзим ҳам келин кўрдим. Раҳматли қайнона онамнинг уй тутумлари нақадар режали бўлганини тушуниб етдим. Назаримда, "тўйиб" уйига кетиб қолган келингинанинг ҳам хатоси оз эмас. Эҳтимол, ҳовлини кўнгилдагидек супурмагандир. Коса товоқларни чала ювгандир. Айбини кўрсатган қайнонаси эса кўзига жанжалкаш кўринақолган.
Йўқ, келинпошша, қайнона сираям сиз ўйлагандек эмас. У фақат сиздан дидлироқ, покиза тутумлироқ, чаққонроқ, одоблироқ бўлишингизни талаб қилади. Қайнонангиз сизнинг эл ичра обрўли бўлишингизга кўмак бергувчи устоз, холос. Қарқара келин бўлганингиз минг бор яхши. Бу феълингиз бир куни қизингизга ҳам ўтади. Элдан раҳмат олиб беради қизингиз.
Сезишимча, турмуш ўртоғингиз ҳам ақллига ўхшайди. Бугун онасини иззат қилган, унинг ниятини, қалбини тушунган ўғил эртага сизни ҳам иззат қила олади. Тутуми саришта онасининг ўгитларини олганингиз учун қадрлайди. Боодоб, юксак дидли аёлини асраб, ардоқлайди.
Яхшилаб ўйлаб кўринг. Шикоятингизни ютинг, кўз-ёшингизни артинг, оилангизга қайтинг, қизойим. Талабчан муаллима онангиз сабоқларини олишга шошилинг. Оилангизга қайтинг-да, шошма-шошарлигингиз, мулоҳазасиз иш қилганингиз учун қайнонангиздан узр сўранг.
Замира РЎЗИЕВА.
|