Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№48, 24.11.2011

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

КЕЧИРИМ СЎРАМАГАН ҚИЗ

"Йўл юрган - дарё, ўтирган - бўйра", дейдилар. Йўл юрсанг атрофни кузатасан, кўпни кўрасан. Ҳар хил одам, ҳар хил феъл-атвор эгаларини учратасан. Бирни кўриб фикр қиласан, мингни кўриб шукр қиласан.

Айниқса, ақл-идрок, фаҳм-фаросат, ибо-ҳаё берган Аллоҳга шукр қилмоқ жоизки, бу неъматлари билан ул зот инсонни жаҳолатдан, шармисорликдан асрайди. Асрамаганни эса эл олдида бепарда кўринишда намоён этадики, илло, ана шу ҳолатга тушмасин, ҳеч ким...

***

- ... Шаҳримиз кўчаларида қатнаётган жамоат транспорти - автобусларнинг бирида эдим, - дея сўзлайди ҳаёт воқеаларини кузатган бир зиёли дугонам. - Автобус салони деярли ҳоли эди. Ўриндиқлардан ташқари тик туриб кетаётган йўловчилар саноқли эдилар.

Олд ўриндиқлардан бирида ўтириб, шаҳар кўчаларини томоша қилиб борардим. Шу пайт салонда бир аёлнинг қаттиқ-қаттиқ гапиришлари эшитилди.

" - Қўлингни ол нарироққа, бошимга тегяпти", - деди у тепасида тик турган қизга.

" - Қўлим сизга тегмаяпти-ю, қаёққа оламан?!" - деди қиз ҳам.

" - Ол дедим сенга, гап қайтармасдан!.." - ўшқирди аёл.

Бояги қиз ҳам шунга яраша жавоб қилганди, ҳалиги аёл баттар тутоқди-да: "-Кечирим сўраш ўрнига, ҳадеб бидирлайсан-а?" - дея қизни астойдил уришди.

Лекин қиз кечирим сўрамади. Ўша аёлга бас келаман, деб ҳеч паст кетгиси келмай, гап қайтараверди. Адашган экан, аёл устун келди, қизни итариб-итариб, автобусдан тушириб юборди...

Аттанг, қиз сочлари тўзғиган, афтода бир ҳолатда, ачинарлиси эса, ҳали манзилига етиб келмасдан автобусдан тушиб кетди... Уни шу аҳволга солган ҳалиги аёл бўлса, ортидан яна бир-иккита "болахонадор" сўкишлардан айтиб, жойига ўтириб кетаверди.

- Мен қизнинг ортидан анчагача ачиниб қараб қолдим, - сўзида давом этади дугонам, - у ёш эди. Боз устига , жамоат жойида эди. Ёш нарса кўпчилик олдида бу қадар хўрланса, иззат-нафси топталса, яхши эмас-ку!

Яна бир ачинган томоним шу бўлдики, автобус салонида кетаётганларнинг бирортаси, на эркак, на аёл бу икки жанжалкаш ўртасига тушишмади. Ҳамма томошабин бўлиб кетаверди. Тўғриси, одамлар ҳам (ўзимдан қиёс) аёлнинг важоҳатидан қўрқишди, шекилли.

- Хўш, яхши бир томошага гувоҳ бўлибсиз, энди ўзингизнинг хулосангиз қанақа? Балки воқеа шу даражага бориб етмаслиги ҳам мумкин эди?.. - дедим дугонам сўзини тугатгач.

- Ҳамма айбни қизга қўяман. У бир оғиз кечирим сўраса бўлар эди. Ҳалиги беномус ҳам инсоф қилса керак эди, ўшанда...

- Тўғри айтасиз, - фикрига қўшилдим. - Қиз ёш экан, каттадан кечирим сўраши керак эди. Гарчи, хатоси, айби бўлмаса ҳам! Айтадилар-ку, "ёмонга ё ялин, ё ёрил" деб. Модомики, ўша аёл ўзини жамоат жойида тута билмадими, ўзлигини, ҳаёсини, аёллигини унутдими, демак, у яхши инсон эмас! Унга фақат яхши гапириш керак эди. Яхши гап билан инсофга чақириш, аёллигини секин эслатиб қўйиш жоиз эди...

***

Шу воқеани эшитганимдан буён ўйланаман. "Нега атрофимизда шарму хаёсизлар кўпайиб бормоқда-а?.. Балки бу лоқайдлик, бепарволик мевасидир?.."

Ўйларим тугамади. Лекин воқеадан хулоса чиқардимки, илгари замонларда беҳаё, шармисор аёлларни деворнинг остига кўмиб ташлашар экан.

Эндиликда, жазолар енгиллашгани сайин айрим беандиша, шармсиз аёлларга умуман, парда етишмай қоляпти. Бугуннинг оғриқли жиҳатлари ҳам шу...

Маҳфуза ИБРОҲИМОВА.

***

ТАҲРИРИЯТДАН: Мақола юзасидан мухлисларни мунозарага чорлаймиз. Чор атрофимизда юз бераётган шу каби воқеликлар Сизни ҳам бепарво қолдирмаётгандир, азиз мухлис?..


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди