№48, 24.11.2011 (ВОҚЕЙ ҲИКОЯ)
НОХУШ УЧРАШУВ
Кексалар "тоғ-тоғ билан учрашмайди, аммо одам-одам билан учрашади" дейишса, ишонмасдим. Яқинда "Жаҳон бозори"да шундай ҳолат юз берди. Қарийб ярим аср давомида дуч келмаган одам рўпарамда турарди. У унсиз бош силкиб саломлашди. Ёнидаги оппоқ рўмолли, тўладан келган аёл қўлимдаги тўннинг авра-астари ва чокларини кўздан кечириб, мен билан савдолаша бошлади. Аёлнинг чеҳраси кулиб турарди. Ниҳоят, "Дадаси, шу тўнни олайлик" деди. Мени саросимага солиб қўйган киши "Сизга маъқул бўлса, оламиз-да!" деди-ю, чўнтакдан пул чиқара бошлади. Тўнни тахлаб, аёлнинг қўлига тутаётганимда "яхши касбни эгаллабсиз" деб қўйди. Бу хушомад менинг хаёлларимни қўзғаб, ўтган узоқ йилларни эсга солди.
***
Ўнинчи синфни битирган йилимиз мен катта ўқишга кирмадим. Бунга шароитимиз йўқ эди. Шу боис, яшаш жойимизда янги ташкил этилган туман райкомига котиба бўлиб ишга жойлашдим. Дугоналаримдан бир нечтаси ўқишга, деб Тошкентга кетганди, бир ой-бир ярим ойда тарвузлари қўлтиғидан тушиб, қайтиб келишди. Шунда яхши ишга жойлашиб олганимдан хурсанд бўлдим.
Аммо ўқишга киролмаган бир дугонам туманга қайтиб келмади. У илмий-тадқиқот лабораториясига ишга жойлашгач, мени ёнига чорлади. Дилимда, тумандан узоқроқда яшаб, ўқиб, яхши мутахассис бўлиб келиш истаги ҳам йўқ эмасди. Бориб, дугонам ётоқхонасида уч-тўрт кун туриб, унинг иш жойи, яшаш шароитлари билан танишдим. Лаборатория раҳбария-ти менга ҳам "келинг, бизларга ёш ходимлар керак" дейишди. Қолаверса, бу ишхонада уч-тўрт йилдан бери ишлаётган ҳамюрт йигитлар ҳам бор экан. Улар ишлаб юриб, катта ўқишларнинг сиртқи ва кечки бўлимларига киришибди. Дугонам улар билан ҳам таништирди.
Йигитларнинг бири дугонамнинг қўлини сўрабди. Билимдон ва серғайрат йигит экан. Дугонам ҳам ўша йигитга мойил бўлиб қопти. Буни унинг икки гапининг бирида "Мўйдин акам..." деб туришидан билдим. Тошкентга борган куним эртаси ўша Мўйдин ака бир ўртоғи билан ётоқхонага келиб, ўз қўли билан анжанча палов пишириб, дугонам иккимизни меҳмон қилди. Тўрт ҳамюрт пойтахтда дилдан суҳбатлашиб ўтирдик.
Хуфтон маҳали улар бизга ширин уйқу тилаб, ижарада тураётган уйларига кетишди. Дугонам иккимиз яна бирор соат гаплашиб ўтирдик. Аниқроқ айтсам, Мўйдин ака дугонамни ҳам ўзи ўқиётган Миллий университетнинг кимё факультетига ўқишга киришга даъват қиляпти экан. Аммо дугонам республика тиббиёт билим юртида ўқиб, тиш даволовчи шифокор бўлишни мўлжаллаб турибди экан. Гап орасида дугонам Мўйдин аканинг бирга келган ўртоғи ҳам қўрғонтепалик эканлигини, техника университетида энергетикликка ўқиётганини қистириб ўтди. Сўнгра "келсанг: бирга ишлаб, бирга ўқиймиз. Тансоқчиларимиз ўшалар бўлади", деди. Мен кулиб, "қаний", деб қўйдим.
Тўртинчи куни оқшомда дугонам ва Мўйдин ака Жанубий вокзалга мени кузатгани чиқишди. Чиптани олдиндан олиб қўйгандик. Шу боис, перронда теварак-атрофни томоша қилиб, суҳбатлашиб юрдик. Ниҳоят, вокзал радиосидан Тошкент-Андижон поезди учинчи йўлга қўйилганлиги ва йўловчилар чиқарилаётганлиги эълон қилинди. Туннель орқали поезд турган йўлакка ўтдик. Вагонга чиқиш учун энди хайрлашаётганимизда Мўйдин аканинг бизга таниш ўртоғи халлослаб келиб қолди. Унинг қўлида яшанг гуллардан сараланган катта гулдаста бор эди. "Улгурмай қоламанми, деб чўчиган эдим. Ҳайрият, дея гулдастани менга узатар экан: "Танишганимиз ва янада қадрдон бўлиш учун" деб қўйди. Мен гулдаста билан вагонга чиқдим. Улар уччовлон азим Тошкентда қолишди.
***
Плацкарт вагонда пастки ўринга жойлашар эканман, гулдастани ўртадаги столчага авайлаб қўймоқчи бўлдим. Шунда гуллар орасига қоғоз қистирилганига кўзим тушди. Дарров қоғозни олдим, у тўрт букланган мактуб экан. "Ҳурматли юртдошим, - деб бошланган эди мактуб. - Сиз билан танишганимдан беҳад хурсандман. Мен Сизда қандай таассурот қолдирганимни билмайман-у, аммо Сиз менда бир умр ўчмас таассурот қолдирдингиз. Айниқса, Сизнинг хушбичим қоматингиз, ширин забонингиз, ҳамиша нимтабассумли чеҳрангиз нигоҳимда муҳрланиб қолди. Ростини айтсам, бир кўришда Сизни севиб қолдим. Семестрдан сўнг Қўрғонтепага борганимда, мен учун умр йўлдоши излаётган онамга Сиз ҳақингизда айтаман. Бу ўзбошимчалигим учун кечирарсиз. Яхши етиб олинг! Қайта дийдор кўришгунча, хайр!
Нўъмонжон".
Хатни қайта-қайта ўқидим. Гулларни хидладим. Муаттар хидлар Нўъмонжон аканинг ширин орзуларини жонлантиргандек бўлди. Ҳали уйимга етмай туриб, Тошкентга қайтишни режалай бошладим. Аммо туманга етгач...
Ишга чиққан куним мени биринчи котиб қабулхонасига кўчиришди. Бу ерда ишлаётган опахон бўшаб кетибди. Биринчи котиб қоратўғридан келган, калласи танасига нисбатан каттароқ, ниқ гавдали, ўттиз беш ёшлардаги киши эди. Кечки пайт мени ўз ҳузурига чақирди. Киришим билан "энди бирга ишлаймиз, бу ерда бўлимлардагидан иш кўпроқ, ойлигингизни ошириб қўйдим" - деди. "Раҳмат" деб чиқиб кетдим.
Одатим бўйича соат ўн еттида уйга кетдим ва ишхонадаги янгиликни онамга айтиб мақтандим. Эртасига ишга келганимда умумий бўлим мудири "Кеча эрта кетиб қопсиз. Сиз энди навбатчи ходим келганда кетасиз. Эсингиздан чиқмасин" деб, дакки берди. Бу қабулхонада ёзув ишлари кам, аммо котиб ҳузурига кирувчилар кўп бўларди. Котиб телефонда сўзлашаётганда ёки ёнида кимдир бўлса бошқаларни киритмай туриш, зарур ходимлар ва хўжалик раҳбарларини қабулга чақириш менинг ишим эди.
Иш шу зайлда давом этаверди. Баъзида чой дамлаб кирганимда қўлимдан ушлаб "дидингиз баланд, гўзал қизсиз, раҳмат!" деб, алқаб қўярди. Бундан кўнглим тоғдек кўтариларди. Орадан ойлар ўтгач, котибга дуч келганимда тортинишларим камайиб, бемалол гапирадиган бўлдим.
Бир куни тунги навбатчи ходим ҳадеганда келавермади. Соат кечки ўнга бормоқда эди. Уйга кетишга рухсат олиш учун котиб ҳузурига кирдим. У негадир кўзлари қизариб ўтирган экан. Мен "уйга кетмоқчи эдим" дейишим билан чапдаст ёнимга келиб, "Шошманг, гап бор", деди-да, ҳордиқ хонасини тартибга келтириб қўйишни буюрди.
...Ўша куни ҳордиқ хонада иффатимдан айрилдим. Котиб минг хил ваъдалар билан мени юпатиб, ярим тунда уйимизга жўнатди.
Кечирилмас гуноҳга ботиб, эзилиб юрган кунларимда Нўъмонжон ака мени сўроқлаб райкомга келди. Аммо мен "ҳозир йўқ эди" баҳонасида ҳузурига чиқмадим. Чиққанимда ўзимни йиғидан тўхтата олмаслигим аён эди... Кейин Тошкентга, дугонам Анисага йиғлаб-йиғлаб хат ёзиб, энди Нўъмонжон акага нолойиқ эканимни билдириб қўйишни илтимос қилдим...
***
Хуллас, бозорда тўнни қандай сотганимни, харидорларим қандай кетганлигини билмайман. Эси-хушим ўша эр-хотиннинг бир-бирига мослиги-ю, бахтиёрлигига андармон эди. Бир иблиснинг қилмиши туфайли шундай бахтни бой берганлигим бутун вужудимни ўртаб келмоқда эди.
Нуриянинг дил изтиробларини
САОДАТ ёзиб олди.
|