№49, 01.12.2011 ТАДБИР
ЭНГ ФАОЛ МАЪНАВИЯТ ТАРҒИБОТЧИСИ АНИҚЛАНДИ
Аввал хабар берганимиздек, Андижон давлат тиббиёт институтида "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Тадбирнинг очилишида вилоят ҳокимлиги котибият мудири А. Нурматов сўз олиб, барча иштирокчиларни табриклади.
Юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги "Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Маълумки, Юртбошимизнинг юқоридаги қарорида маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеа-ларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб бориш борасидаги муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Маънавият соҳаси вакилларининг билим, маҳорат ва тажрибаларини юксалтириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" танлови юқоридаги ишлар самарадорлигини оширишда алоҳида ўринга эга. Мазкур танловнинг вилоят босқичида барча туман ва шаҳарлардан ташриф буюрган энг фаол, ил-ғор ва фидойи соҳа вакиллари ўз билим ва маҳоратларини намойиш этдилар.
- Танлов иштирокчилари аҳоли, айниқса, ёшларда Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик туйғуларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларимизнинг ҳаётдаги ўрни ва аҳамиятини, умуман, халқимиз маънавиятини юксалтиришга қаратилган жараёнларни ўзига хос, қизиқарли тарзда очиб бердилар, - дейди Республика Маънавият тарғибот маркази Андижон вилоят бўлими раҳбари Ғиёсиддин Ражабов.
Қизиқарли ва юксак савияда ўтган танлов якунида шаҳрихонлик Пўлатжон Бойназаров биринчи, Андижон тумани вакили Омадхон Қодирова иккинчи ва хўжаободлик Дилфузахон Тур-ғунова учинчи ўринга муносиб деб топилди.
- Бугунги кунда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий соҳаларда тарғибот ишларини янгича ёндашув асосида олиб боришимиз зарур, - дейди танлов ғолибаларидан бири Дилфузахон Турғунова. - Шу маънода танлов маънавиятчиларга кўп нарсаларни ўрганиш имконини берди
Танлов якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар Фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Ф.ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|