№49, 01.12.2011 1 ДЕКАБРЬ - БУТУНЖАҲОН ОИТСГА ҚАРШИ КУРАШ КУНИ
АСР ВАБОСИ ЮРТИМИЗГА ТАІДИД СОЛМАСИН
Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича 33 млн. нафардан зиёд киши ОИВ инфекцияси билан яшамоқда. ОИВ инфекциясининг глобал эпидемияси дунёнинг барча мамлакатларини қамраб олмоқда.
Ўзбекистонда ана шу хавфнинг олдини олиш, унга қарши кураш чораларини ҳамда аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 26 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфек- цияси тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш борасида ОИТСга қарши кураш маркази вилоят бўлими томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу ишларнинг самарадорлигини ошириш ва тизимли олиб борилишини таъминлаш мақсадида ҳукумат қарори билан Марказнинг ташкилий тузилмаси ва фаолияти такомиллаштирилди. Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази янги бино билан таъминланди, замонавий текшириш аппаратлари, лаборатория ускуналари билан жиҳозланди.
Марказ томонидан халқ таълими, ФХДЁ, ИИБ бўлимлари, "Камолот" ЁИҲ фаоллари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиб, кенг-кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган тўрт ойи давомида корхона, ташкилот ва ўқув муассасаларида ОИТСнинг келиб чиқиши, тарқалиши, унинг олдини олишга қаратилган суҳбатлар, учрашувлар ва бошқа турли тадбирлар ўтказилди. Кўплаб адабиётлар, буклетлар тарқатилди, кинофильмлар намойиш этилди.
Барча туман ва шаҳарларда мактабларнинг Соғлом турмуш тарзи фани ўқитувчилари ҳамда "Камолот" ЁИХ фаоллари учун махсус курслар ташкил этилди. Марказ мутахассислари мазкур курслар тингловчиларига ОИТС хасталиги, унинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида зарур маълумот ва билимларни бермоқдалар.
Мактаб ўқувчилари ўртасида "ОИТС ҳақида нима биласиз?", "СПИД - асримиз вабоси" сингари мавзуларда ижодий иншолар танловлари ўтказилмоқда.
Юқоридаги саъи-ҳаракатлар аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ОИТС ва унинг салбий оқибатлари ҳақидаги тушунчаларини, шунингдек, соғлом турмуш тарзи борасидаги билимларини ошишида самарали натижалар бермоқда.
Бундан ташқари, шоҳбекатлар, вокзал ва аэропортда тарғибот ишлари кучайтирилди. Айниқса, самалётларнинг учиши олдидан хорижга кетаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатлар ўтказилиши йўлга қўйилганлиги, уларга СПИДнинг жирканч оқибатларини намойиш этувчи буклетларнинг тарқатилиши аҳолининг хушёрлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Бугун аҳолининг аксарият қисми аср вабоси бўлган СПИД хасталиги ҳақида муайян тушунчага эга. Бироқ хасталикка эътиборсиз бўлаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Шу ўринда бир ҳамюртимизнинг ҳаёти хусусида тўхталиб ўтишни жоиз деб билдик.
Йигит бир неча йилдан буён Россия давлатига бориб ишлаб келади. Оилали, 2 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи боғчада тарбиячи бўлиб ишлайди. Аёли учинчи фарзандига хомиладорлик даврида тиббий кўрикдан ўтганда унда ОИВ инфекцияси борлиги аниқланди. Буни билган аёл қаттиқ изтиробга тушиб, бетоб бўлиб қолди. Кейинчалик қайнонаси, оиласидагилар хабар топиб, СПИДни қаердан юқтиргансан деб, фарзандларини олиб қолиб, келинни отаси уйига хайдаб юборадилар.
Аёлнинг чеккан изтироблари, руҳий зўриқишлар хомиласига таъсир қилиб, чақалоқ оғир аҳволда туғилади ва чилла пайтидаёқ вафот этади. Йигит бу воқеалардан хабар топса-да, турмуш ўртоғини ҳимоя қилмади, оиласини сақлаб қолишга уринмади ҳам.
Орадан анча вақт ўтиб йигит уйига қайтганда ОИВ текширувидан ўтказилди. Унда ОИВ инфекцияси аниқланди. Суриштиришларда йигит хорижда ишлаб юрган даврда тартибсиз жинсий ҳаёт кечирганлигини, кўп бор бегона аёллар билан жинсий алоқада бўлганлигини тан олди. Афсус надоматлар бўлсинки, оиласи барбод бўлди, фарзандлари оро йўлда қолди.
Биз яна кимнингдир тақдири юқоридаги сингари бўлишини асло истамаймиз. Чунки, ҳаёт инсонга бир марта берилади. Уни гўзал ва мазмунли ўтказишга уринайлик. Бироқ айрим кишилар бу масалага эътиборсиз қараётганликлари ҳам бор гап. Шу боис барчамиз хушёр бўлайлик. СПИД балосидан оиламизни, жамиятимизни муҳофаза қилайлик. Бу ҳар бир юртдошимиз зиммасидаги инсонийлик бурчидир.
Абдусалим ЙЎЛДОШЕВ,
ОИТСга қарши кураш маркази бўлим мудири.
Зайнобиддин
НАСРИДДИНОВ,
марказ шифокори.
|