№49, 01.12.2011 3 ДЕКАБРЬ - ХАЛҚАРО НОГИРОНЛАР КУНИ
КЎНГИЛ МАЖРУҲ БЎЛМАСИН
Ўзбеклар азалдан диёнатли, меҳр-оқибатли халқ. Бева-бечора, мискин-у ғарибларга мурувват кўрсатиш азалий қадриятларимиздан ҳисобланади. Чунки меҳр-шафқат, саховат инсон қалбининг гултожидир. Қаерда бу туйғулар намоён бўлса, ўша жойда ўксинишга ўрин қолмайди.
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ногиронларни реаблитация қилиш Давлат дастурида ҳам бу эзгу ниятлар ўз ифодасини топган. Зеро, Президентимиз илгари сурган тамойиллардан бири ҳам ижтимоий ҳимоядир.
Вилоятимиздаги Андижон карлар жамиятида бўлганимизда бунга яна бир карра амин бўлдик.
Жамият раиси Зулфия опа Қамбарова узоқ йиллардан буён мазкур жамиятда ишлайди. Яқин тўрт йилдан буён эса жамиятга раҳбарлик қилиб келади. Ажойиб фазилатли инсон. Ҳузурига келган кишилардан ҳеч қачон ёрдамини аямайди. Ноилож қолса ширин сўзи билан кўнгилларни кўтаради.
- Бизга мурожаат қилган одам аввало, ногиронлиги юзасидан ёрдам беришимизни сўрайди, - дейди Зулфия опа. - 1289 нафар эшитмайдиган, забони йўқ инсонлар рўйхатимизда туради. Уларнинг аксарияти инжиқ, қайсар, лекин ростгўй одамлар. Қалбакиликни, қилвирликни, риёкорликни ёмон кўришади. Улар билан тиллашиш ниҳоятда қийин. Хатти-ҳаракатлар билан уларнинг кўнглига йўл топамиз.
- Улар сизларга қандай ҳолатларда мурожаат қилишади?
- Эр-хотин, келин-куёв, қайнона-келин келишолмай қолса, ёрдам сўраб келишади. Қўни-қўшни билан ҳам чиқишолмаса (чунки қўшнилари соғ) биз ўртага тушамиз. Уйларига бориб ҳолатни ўрганамиз. Уларни муросага келтириб қайтамиз. Суд, нотариусга ишлари тушгудай бўлса, таржимонлик қиламиз.
Мана, яқинда Нигора Алимжонова ўғил фарзанд кўрди. Биринчи рўзғоридан икки нафар боласи бор эди. Чақалоққа "Туғилганлик ҳақида гувоҳнома" олиш керак эди. Бунинг учун эридан болани тортиб олмаслик яъни, даъво қилмаслик учун тилхат ёздириб олиб, кейин гувоҳномани олиб бердик. Ҳозир иккинчи рўзғори билан яшаяпти.
Ўз оилалари билан тиниб-тинчиб яшашлари учун уларнинг ҳеч биридан ёрдамимизни аямаймиз.
Зокир Усмонов ва Гулчеҳра Мирзаеваларнинг тўрт нафар фарзандлари бор. Улардан икки нафари соғлом, икки нафари эса ногирон... Ногирон болаларини мактабга жойлаштириш, уларни ҳунарга ўргатиш бизнинг зиммамизда. Хўжаобод туманида вилоят Халқ таълими бошқармасига қарашли заиф эшитувчи ва умуман эшитмайдиган болалар учун мактаблар фаолият кўрсатади. Асосан, болаларни шу мактабга жойлаштирамиз.
- Зулфия опа, жамият қошида ўқув ишлаб чиқариш корхонаси ҳам мавжуд. У ерда ҳунар ўрганиш ва ишлаб чиқариш қай тарзда амалга оширилади?
- Ўзбекистон Республикаси карлар жамияти, Андижон карлар ўқув ишлаб чиқариш корхонасига Козимжон Турғунов директорлик қилади. Корхона кар ногиронларни ишлаб чиқаришга жалб этиш ва ҳунар ўргатишдан иборат.
- Корхонамизда 75 нафар ишчи ходимларимиз бор. Уларнинг аксариятини карлар ташкил қилади, - дейди корхона директори К.Турғунов. - Улар давлат томонидан нафақа олишади. Бундан ташқари, корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлари учун ишбай усулида ҳақ тўланади. Бу ўртача 250-300 минг сўм маошни ташкил қилади.
- Корхонада қандай маҳсулотлар ишлаб чиқарилади?
- Корхонамизда олтита цех мавжуд. Булар: дурадгорлик, мебель цехи, тикувчилик, металл жиҳозлар тайёрлаш, бўёқ ва пресслаш цехи.
Ишчиларимиз асосан, мебель жиҳозлари ишлаб чиқаради. Корхонамиз республика Халқ таълими вазирлигининг 2011 йил мактабларни мебель жиҳозлари билан таъминлаш мақсадида ўтказган тендерда қатнашиб, Бухоро, Сирдарё, Фарғона вилояти халқ таълими бошқармалари билан 512 миллион сўмлик шартнома қилдик. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, яъни, мактабар учун ўқув жиҳозлари, китоб жавони, кийим шкафи шартнома асосида жойларга етказиб берилади.
Тикувчилик цехимизда эса аёллар кўрпа-тўшак жилдлари, ишчилар кийимлари, матраслар тикишади. Тайёрланган маҳсулотлар вилоятимизда жойлашган ўқув ётоқхоналари, мактабгача таълим муассасалари ва санатория-профилакторияларга тарқатилади.
- Ишчилар учун қандай имкониятлар яратилган?
- Ишчиларни соғломлаштириш учун ҳар кварталда Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги санаторийга юбориб турамиз. Тўртта йўлланма бизга бепул берилади. Бундан ташқари, Ҳайит ва бошқа байрамларда улар жамият ва корхона томонидан моддий ва маънавий рағбатлантириб борилади.
Ҳар йили ногиронлар куни арафасида эса вилоят ҳокимлиги томонидан байрам дастурхони ташкил этилиб, ишчиларга совға-саломлар улашилади. Корхонамизнинг ўзида ҳам шу куни ишчилар ва уларнинг оилалари, нафақадаги ишчилар учун байрам кечаси уюштирилиб, ҳайрия ёрдамлари кўрсатилади. Албатта, бундай эътибор ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг кўнглини кўтариши шубҳасиз.
Кўрсатилаётган оқибат, қалби меҳрга ташна одамларни бир оиладек жипслашувида, ҳаётга чанқоқ дилларнинг мал-ҳам топишида ўз самарасини бермоқда. Энг асосийси, бундай инсонлар касб-ҳунар ўрганишга бениҳоя иштиёқманд бўладилар.
Биз юқорида тилга олган Хўжаобод туманидаги махсус мактабни тамомлаган йигит-қизлар шу корхонага ҳунар ўрганиш учун келадилар. Улар ишчиларга бириктирилиб, олти ой иш ўрганишади, ҳам стипендия билан таъминланади. Шундан сўнг ўғил-қизларнинг қобилияти, ишни қай даражада бажариши имтиҳон қилинади ва тоифаларга бўлиниб, ишга қабул қилинади.
Корхонадан чиқар эканман, бу йигит-қизларга ҳунар ўргатиб, уларнинг ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топишларига, фойдали меҳнат тури билан шуғулланишларига ҳисса қўшаётган жамият ва корхона ходимларидан кўнглим тўлди.
Ҳа, юртбошимизнинг "Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак!" деган ҳикматли сўзлари кун-у тун, ҳар лаҳза ҳаммамизни меҳр-оқибатли бўлишга чорлаб турмоғи лозим. Шундагина қалбимизда жўш урган саховат туйғуси дилларни тарк этмайди.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
Суратда: корхона ҳаётидан лавҳалар.
|