№49, 01.12.2011 БИЗНИНГ СУҲБАТ
"ГУЛРУҲ"НИНГ ГУЛ ЮЗИ
- УНИНГ ЧИҚИШЛАРИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА
Халқ оғзаки ижоди халқимиз дунёқарашини, ижтимоий-сиёсий ҳамда фалсафий-эстетик ғояларини, руҳиятини асрлар мобайнида сақлаб келаётган нодир манба ҳисобланади. Халқимизда фольклорга, халқ оғзаки ижодига бўлган эътибор жуда катта.
Асака туманидаги Маданият ва спорт ишлари бўлими қошидаги "Гулруҳ" фольклор-этнографик ансамбли шу эътиборнинг яққол намунасидир. Ушбу жамоа туман, вилоят ва республика миқёсида ўтказилаётган тадбирларда ўз концерт дастурлари билан иштирок этиб, халқ эътибори-ю, эътирофига сазовор бўлмоқда. "Гулруҳ" фольклор-этнографик ансамбли раҳбари Марҳабохон Саттарова билан қилган суҳбатимиз унинг фаолияти хусусида бўлди.
* * *
- "Гулруҳ" ансамблининг фаолияти аллақачон туман миқёсидан ташқарига чиқиб улгурган. Бу албатта, жамоанинг изланишларидан далолат, шундай эмасми?
- Албатта. Фольклор-этнографик ансамблимиз қисқа фурсат ичида ўз дастурини бойита олди. У фаолиятининг илк йилларидаёқ (2000 йили) унутилиб бораётган қўшиқларни қайта тиклаб, томошабинлар ҳукмига ҳавола этди. Айни шу "Топилди дўппи", "Дейди-ё", "Гул тагидан", "Ялли-ялло", "Ёр-ёр", "Лапар" қўшиқларимиз "Гулруҳ"ни республикамиз аҳлига ҳам танитди.
- Ҳозирги ёшларнинг фольклор санъатига қизиқишларидан кўнг-лингиз тўляптими?
- Тан олиш керак, ҳозирги ёшларнинг аксарияти европа йўналишидаги ёки араб, турк халқлари ижодидаги эстрада қўшиқларига қизиқишади. Лекин ана шундай ёшларимиздан айримлари ўзимизнинг миллий қўшиқларимизга ҳам бефарқ эмас. Жамоамизга ана шундай иқтидорли ёшлар жалб этилган. Улар миллий санъатимизни билмай туриб, чет эл мусиқа ва қўшиқларига берилиш нотўғри эканлигини англаб етишяпти. Ансамблимизда ўн икки нафар йигит-қизларнинг истеъдоди ва маҳорати билан дастурларимиз янги қўшиқлар билан бойиб бормоқда.
- Фольклор жамоангиз ўз йўлини, ўз сўзини топишга интилмоқда. Буни республика миқёсидаги ўтказилган тадбирлардаги иштирокингиздан ҳам сезса бўлади. Эришган муваффақиятларингиз нимада?
- Ҳозирги пайтда жамоамиз изланишда. Янги дастурлар тайёрлаш билан машғул. Ўзбек тўйларидаги урф-одатлар, удумларга кенг ўрин берилган. Изланиб ишлашимиз замирида эса арзигулик натижаларимиз бор. Ҳар йили бўлиб ўтадиган анъанавий Наврўз ҳамда Мустақиллик байрамларида Андижон шаҳри марказидаги Амфитеатрида вилоятимиз аҳлига ўз дастуримиз билан чиқишларимизни намойиш этамиз. Айниқса, 2007 йилда Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида Самарқанд шаҳрининг 2075 йиллиги муносабати билан ўтказилган фольклор-этнографик ансамблларнинг Республика кўрик-фестивалида қатнашиб, фахрли 1-ўринни эгалладик. Хомийларнинг қимматбаҳо совғалари ва диплом билан тақдирландик. Фестивалда жамоамиз айтган қўшиқлар чет эллик меҳмонларга ҳам манзур бўлиб, ўзларининг илиқ фикрларини билдиришди.
- Жамоанинг режалари қандай?
- Ўзбек миллий анъаналаримизни ёшларга етказиш яъни, миллий қўшиқларимиз билан чет элларга чиқиш. Айниқса, иштирокчи йигит-қизларимиз дунёнинг турли шаҳарлари саҳналарида ўзбекона миллий либосларда анъанавий қўшиқларимизни ижро этишларини хоҳлайман.
- "Гулруҳ" ансамблининг парвозлари янада юқори бўлишини тилаймиз.
Суҳбатдош:
Нигора НИЗОМИДДИНОВА.
|