№49, 01.12.2011 КИТОБ ЖАВОНИНГИЗГА
КЎНГИЛГА ТАШРИФ
ЁКИ "КЎНГИЛ МУЛКИ" КИТОБИ ХУСУСИДА
Банди бўлдим шеъриятга кулмангиз, ошноларим,
Боиси, қалбимни эзган турфа хил савдоларим.
Не сабаб? - деб сўрманг асло келмасин менга малол,
Рост жавобим айтишарлар беркиниб иншоларим.
Асакалик истеъдодли шоир Олимжон Раҳимовнинг яқин йиллардаги ижодий маҳсули - "Кўнгил мулки" сайланмаси мана шу сатрлар билан бошланади. Шоирнинг дилида ўтли туйғулар бисёр: одам элни сийлаганни эл ҳам сийлайди, ўткинчи дунёда бир-биримизга елкадош бўлайлик, хасталарга дармон бўлайлик, деган нидони эшитгандай бўласиз.
Яхшилар кўпдур жаҳонда - меҳрига меҳмон қилар,
Билса гар мушкул ишингни дил тўкиб осон қилар.
Хаста бўлса дўсти-ёри ё қариндош, ҳамкасб,
Йўл топиб қалби аро ширин сўзин дармон қилар.
Ўтаётган вақт ҳеч кимга вафо қилмайди. Мансаб ҳам, унинг орқасидан келаётган молу давлат ҳам ўткинчи. Бу дунёда боқий нима бор асли? Одамдан қоладигани нима ўзи? Сиз бугун кимга яхшилик қилдингиз? Кимнинг кўнглига ёруғлик солдингиз?
Олимжон Раҳимовнинг шеър, ғазалларини ўқисангиз, унинг атрофдаги воқеа ҳодисаларга теран нигоҳ билан қарашини, ёзганлари чиройли ташбеҳларга, янги фикрларга бойлиги, энг муҳими, содда тил билан ҳаммага тушунарлилиги билан ажралиб туради.
Шоир инсон кечинмаларини таҳлил қилар экан, азалий мавзу одамгарчиликни, меҳр-оқибатни, муҳаббат, вафо, садоқатни тиниқ тасвирлар орқали беришга ҳаракат қилади. Айниқса, Ватанга муҳаббат туйғулари тараннум этилган ғазалларини эътиборсиз ўқий олмайсиз.
Ким туғилди бу дунёда яйради,жаннат деди,
Неки бўлса тотди бир-бир - неъмат лаззат деди.
Шеъриятда сўз ва ёзиш ишининг машаққати оғир бўлади. Сўз устидаги изланишлар, шеър, ғазал шакли ҳақидаги ўйлар исканжаси - буларнинг бари тиниқ ва равон сатрлар ортидаги заҳматдир.
Истеъдод ҳар кимга ҳар хил берилади. Аммо қандай берилишидан қатъий назар, унинг тагида сермашаққат меҳнат, ижодий изланиш ётади. Шеър юракдаги пинҳоний дардларнинг оқ қоғозда юз очишидир. Дардлардан халос бўлган юракда бир оғриқ турадики, бу оғриқ кишига қанот беради, уни юксакликка чорлайди.
Камтар, камсуқум ижодкор, қолаверса, газетамизнинг фаол муаллифларидан бири Олимжон Раҳимовнинг юксак савиядаги ғазал-у мухаммаслари, қасида-ю шеърлари шеърият ихлосмандларига манзур бўлади, деган умиддамиз.
"Иқбол" таҳририяти.
|