№50, 08.12.2011 МУБОРАКХОН - ТАНЛОВ ҒОЛИБАСИ
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида "Йил аёли-2011" кўрик-танловининг вилоят бос-қичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб чиққан 17 нафар билимдон, фаол ва ташаббускор хотин-қизлар ўз маҳоратларини намойиш этдилар.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Аёллар кенгаши" республика жамоат бирлашмаси ҳамда қатор ҳомий ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Йил аёли" танлови хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, билим ва салоҳиятларини юксалтириш, рағбатлантириш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, мазкур танловнинг нуфузи, унга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Буни танловнинг вилоят босқичи яна бир бор кўрсатди.
Танлов қатнашчилари томонидан тайёрланган кўргазмалар, уларнинг белгиланган шартлар бўйича қизиқарли ва ўзига хос чиқишлари барчага манзур бўлди.
Якунда Жалақудуқ туманидаги 1-сон мактабгача таълим муассасаси мудираси Муборакхон Исмоилова ғолиб деб топилди.
- Танлов ғолиби бўлганлигимдан, камтарона меҳнатларим эътироф этилганлигидан беҳад мамнунман, - дейди танлов ғолибаси Муборакхон Исмоилова. - Бу менга катта масъулият юклайди, янада шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.
Ғолиб ва фаол иштирокчиларни вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Н. Яқубова ва "Аёллар кенгаши" республика жамоат бирлашмаси вилоят бўлими раҳбари С. Муҳитдиновалар табриклаб, уларга ташкилотчиларнинг махсус сертификатларини, эсдалик совғалари, шунингдек, имтиёзли кредитлар тақдим этиш ҳақидаги сертификатларни топширдилар.
О. ВАҲОБЖОНОВА.
|