№1, 01.01.2012
ЭЪТИРОФ
РАҚСЛАРДА ТОВЛАНАР КАМАЛАК РАНГГИ
Пахтаобод туманидаги Уйғур "Отуш" ҳаваскорлик ашула ва рақс дастасининг ҳар бир чиқиши томошабинларнинг эҳтиромига сазовор бўлмай қолмайди. Раққоса қизларнинг нозик хиромлари, раққос йигитларнинг чапдаст ҳаракатлари санъатдан йироқ кишининг ҳам диққатини ўзига жалб этади.
Ўзларининг қайноқ ижоди билан кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлаётган мазкур дастанинг ўтмиши ва бугунги фаолияти хусусида Пахтаобод тумани маданият ва спорт ишлари бўлими мудири, "Отуш" ашула ва рақс ҳаваскорлик дастаси раҳбари Адолатхон Раҳмонова қуйидагиларни гапириб берди:
- Дастамизнинг ташкил этилганига бу йил қирқ йил тўлди. Собиқ Москва жамоа хўжалигида 1971 йили асос солинган бўлиб, 1985 йилдан туман марказий маданият уйи қошида фолият юритиб келмоқда. Ўша 1971 йилда даста аъзолари Азимжон Омонов ва Обобаҳри Назаровлар машҳур раққоса Мукаррама Турғунбоева билан Москвада бўлиб ўтган ВДНХ кўргазмасида ўз рақсларини ижро этишган. Бу инсонлар оламдан ўтиб кетишган бўлса ҳам уларнинг номлари дастамиз тарихида ўчмас из қолдирган. Айни пайтда 35 нафар ҳаваскор санъаткорлар дастамизда фаолият олиб бормоқдалар. Уларнинг орасида фақат уйғурлар эмас, балки ўзбек ва тожик миллатига мансуб санъаткор йигит-қизлар бор.
Дастамиз вилоят, туман ҳокимликлари томонидан доимий равишда моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Бу эса ҳар бир қатнашчимизга ўзгача илҳом ва ғайрат бахш этяпти. Натижада "Отуш" нафақат туманимиз тадбирларида, балки вилоят ва мамлакатимиз миқёсидаги байрамларда, турли хил кўрик-танловларда иштирок этиб, нуфузли ўринларни эгаллаб келмоқда. 2005 йили Тошкентда ўтказилган "Ўзбекистон - ягона уйимиз" фестивалида ғолибликни қўлга киритди. Ўшанда ансамблимиз иштирокчиси Омадилло Жўраев фестивал якуний концертида "Андижон полькаси" рақсини қойилмақом қилиб ижро этиб, барча томошабинлар олқишини олганди.
Кейинги йилларда дастамиз чин маънода ёшарди, десак муболаға бўлмайди. Боиси, жамоамиз ёшлар ҳисобига тўлиб, барча рақсларимиз учун ранг-баранг янги либослар тиктирилди. Бу ишларда вилоят Уйғур миллий-маданий марказининг кўмаги катта бўлди. Айни кунда даста уйғур миллий анъаналарини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Асрлар давомида шаклланган уйғур миллий мероси, урф-одатлари асраб-авайланиб, сайқал топмоқда.
2009-2011 йиллар мобайнида "Биз бир замин - бир замон фарзандимиз", "Қудратимиз бирликда ва ҳамжиҳатликда", "Ўзбекистон - ягона уйимиз", "Ободлик кўнгилдан бошланади" каби фестивалларда, вилоятимизда ўтказилган Наврўз ҳамда Мустақиллик байрамларига бағишланган тантанали тадбирларда "Отуш" ўз чиқишлари билан томошабинлар меҳрини қозонаётганидан мамнунлик туяман. Вилоятимиз миқёсида ўтказиб келинаётган "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!" меҳнат ва санъат фестивалида Пахтаобод тумани қатор йиллардан буён биринчиликни эгаллаб келмоқда. Ҳар гал фестивалнинг бадиий қисмида "Отуш" дастасининг чиқишлари ҳакамлар ҳайъатининг юқори баҳосига савор бўлади. Келгусида ҳам ана шундай кўтаринкилик билан ижод қилиб, элимизга хизмат қилиш ниятидамиз.
Феруза МИРЗАОЛИМОВА.
Суратда: "Отуш" ҳаваскорлик ашула ва рақс дастаси раккоси.
|