№2, 05.01.2012 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
Маҳалла фидойиси
Ҳадичахон опа Турғунованинг Балиқчи тумани Ўрмонбек қишлоқ фуқаролар йиғини Бўз маҳалласида диний маърифий ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилик лавозимида ишлай бошлаганига етти йилдан ошди.
Бу вазифага киришган дастлабки кунлариданоқ маҳалла ободончилиги, хонадонлардаги саранжом-саришталик, оилалар мустаҳкамлиги, хусусан ажримларнинг олдини олиш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Шу ниятда маҳалла фуқаролар йиғини раиси, маҳалла фаоллари - кекса нуроний онахонлар билан кенгашиб, қилинажак иш режаларини тузиб олди. Айниқса, дастурхончилар Обидахон Раҳимова, Азизахон Ортиқова, Зуҳрахон Усмонова, Турсуной Мирзаевалар билан тўй-тўркин, отинойилар Роҳатой опа Бегматова, Турсуной опа Имомовалар билан эса маърака-маросимларни ихчамлаштиришга эришди. Шунингдек, маҳаллада оилаларнинг бўлиниб кетишидек фожиа қайд этилмаётгани ҳам 7 кишидан иборат яраштириш комиссиясининг самарали фаолиятидандир. Комиссия аъзолари, фаоллар Шарифахон ая Маматқулова, Коммунахон ая Нурматова, Азизахон опа Раҳмоноваларнинг ёш оилалар билан суҳбатлари натижасида ўзининг ижобий самараларини бермоқда.
- Рўзғордаги камчилик аввало, аёлга сезилади, - дейди Ҳадичахон опа. - Агар у ҳам ишлаб, жамиятда ўрни борлигини ҳис этса, оиладаги камчиликларининг бутлашга улушини қўша олса, ўзини хотиржам, бахтиёр ҳис этади. Уйдаги майда-чуйда гапларнинг ҳам маълум маънода олди олинади. Мен шуларни ҳисобга олиб, маҳалламиз аёлларини иш билан таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратдим. Касаначиликни кенгайтириш йўлларини излаб топдик. Ҳунарманд аёлларимизга ишсиз хотин-қизларни бириктириб, "устоз-шогирд" анъанасини йўлга қўйдик. Айни кунда улар ҳам ўз ҳунарлари орқасидан яхшигина даромад қилишяпти.
Хадичахон опа нуроний отахон, онахонлар билан давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил қилиб туради. Бундай давраларга шифокорлар, ҳуқуқшунослар, маҳаллий ҳокимликлар вакилларини таклиф этиб, аҳолининг тиббий, ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳаракат қилади.
Ёшлар билан эса "Сиз турмушга тайёрмисиз?", "Қайнона ҳам она", "Муомала маданияти" каби мавзуларда тадбирлар ташкил этиб, ўсмир қизларни мустақил ҳаётга тайёрлаш борасида педагоглар, ота-оналар суҳбатларини эшиттиради.
Ҳа, уч мингдан зиёд аҳолига бош бўлиш, 1800 нафар аёлларнинг феъл-атвори, юриш-туришига қараб муомала қилиш, оилаларнинг осойиштлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлашнинг ўзи бўлмайди.
Бундай ҳайрли ишларга бош бўлишда эса Ҳадичахон опа Турғуновадек юрт ишига камарбаста, фидойи инсонларнинг меҳнати катта. Эл-юрт назарида бўлиш масъулияти маслаҳатчини доим сергак қилиб туради.
Зумрадхон ЎРИНБОЕВА.
|