№2, 05.01.2012 ИСТЕЪДОДЛИ ЁШЛАРИМИЗ
Изланувчан ижодкор қиз
"Истеъдодли, билимли ва интилувчан ёшлар она Ватанимизни порлоқ келажагини яратувчи беқиёс кучдир"
Ислом КАРИМОВ.
" - Зилола қизим, газетанинг кечаги сонида босилган "Қизим, газ йўқлигини унутдингми?" деган мақоланг менга жуда ёқди-да. Киши дилига етиб борадиган ана шундай мақолаларни ёзиш, ҳаётнинг ичига кўпроқ кириб бориш керак. Баракалла. Қаламинг бундан-да ўткир бўлсин, болам!"
Эрталаб ишга келган Зилола шоира Замира Рўзиевадан шундай илиқ сўзларини эшитди-ю, дили ёришиб, кўтаринки кайфиятда иш столига ўтирди.
Инсон табиати ажойиб-да. Бир оғиз илиқ сўз билан боши осмонга етади, битмайдиган иши ҳам битиб кетади. У кеча бошлаб қўйган мақоласини стол тортмасидан олди-да, ўйга чўмди. Фикрларини жамлади, қўлига қалам тутди. Мақолага сарлавҳа ҳам топила қолди. "Тўғрисини гапириш пайти келмадими?" деб қўйди. Шундай қилиб Зилоланинг битирувчи ёшларни ишга жойлаштиришдаги муаммолар хусусидаги, долзарб мавзудаги мақоласи туман газетаси "Олтинкўл"нинг навбатдаги сонида чоп этилди.
Қаҳрамонимиз - Зилола Турсунбоева Истиқлол тенгдоши, ижоди эндигина чечак отаётган истеъдод эгаси. Олтинкўл туманининг Сарой маҳалласида туғилган. Дадаси Ботирбек туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимида мутахассис, онаси Зулфияхон эса ҳамшира. Оилада беш фарзанд - тўрт қиз, бир ўғил бор. Зилола фарзандларнинг иккинчиси.
Зилола тумандаги 2-умумтаълим мактабида ўқиди. Олтинкўл касб-ҳунар коллежига ўқишга кирди. Бу ерда устоз-мураббийлардан сабоқ олди. Коллежда ўқувчиларнинг истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш учун барча имкониятлар етарли. Унинг қалбидаги осмон қадар орзулари шу ерда куртак ота бошлади. Чунки у ўқувчилик давридаёқ журналист бўлиш орзусида эди-да.
Зилола Турсунбоеванинг хабар, лавҳа ва мақолалари аста-секин турли матбуот нашрларида кўрина бошлади.
2009 йили коллежни тугаллаган Зилола туман газетасига ишга кирди ва астойдил меҳнат қила бошлади. Интилувчан ва изланувчанлиги боис, журналистика касбининг сир-асрорларини пухта ўрганишга интилмоқда. Ёзганлари хусусида кўпчилик илиқ фикрлар билдираётганлиги ҳам Зилоланинг истеъдодли ёшлардан эканлигини кўрсатади.
2011 йилда Зилола "Келажак овози" танловида қатнашиб, вилоятда ғолиблар қаторидан жой олди ва танловнинг республика босқичида иштирок этиб "Публицистика" йўналиши бўйича ғолиб бўлди.
Айни вақтда Зилола меҳнатда тобланиб, қаламини чархлаб бормоқда. Унинг орзуси қалами ўткир журналист бўлиш. Халқимизда "Интилганга толеъ ёр" деган ибора бор. Интилувчан, изланувчан Зилола албатта, ўз орзусига етишади.
Мушарраф ОХУНОВА,
Олтинкўл тумани.
|