№3, 12.01.2012 ДИЛ ИЗҲОРИ
Акалар омон бўлсин!
Қиз бола оиланинг шаъни, ор-номуси ҳисобланади. Ўша ор-номусни ёмон кўзлардан асраб-авайлаш борасида акаларнинг ўрни беқиёсдир.
Дугоналаримиз орасида базмлар, турли томошалар, туғилган кунларга бориш борасида гап кетганида баъзи қизлар нолишади:
"- Афсуски, бора олмайман, ота-онам рухсат берса ҳам акам кўнмайдилар ёки "шу вақтда уйда бўласан" деб белгилаб қўядилар".
"-Кеча акам синфдошим билан кўчада турганимни кўриб қолиб, ундан эшитмаган гапим қолмади. Бирам инжиқларки".
Очиғи, дугоналаримнинг ана шундай сўзларини тинглаб туриб, уларга жуда ҳавасим келади. Қанийди, менинг ҳам улардек акам бўлса, дейман. Чунки жигарингнинг сени излаб келиб, кўнглингни кўтариши, бошқалардан сени ҳимоя қилиши инсон учун қанчалик катта бахт.
Ака сингилларини кўриш учун буғдойзор оралаб борса ҳам гуноҳ эмас, деган ҳикматли сўзлар юради, халқимиз орасида. Инсонлар бошларига келган бахтни ҳам, қайғуни ҳам туғишганлари билан бўлишадилар. Эт билан тирноқни бир-биридан айириб бўлмаганидек, улар орасидаги меҳр-муҳаббат, аҳиллик қанчалик барқарор бўлса, ҳаёт йўлларида ўзларини шунчалик бардам сезадилар. Илоҳим ўшандай ғурурли, сингилларини, оналарини кўзмунчоқдай асрайдиган, вақти келиб танбеҳ бериб турадиган акаларимиз бахтимизга соғ-омон бўлишсин.
Дурдона МУХТОРОВА,
ЎзЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси.
|