№3, 12.01.2012 ҲАЁТИЙ ҲИКМАТ
Муносиб рағбат
Аёллар йиғинида ўтирган Назокатхон Зумрадхонга деди:
- Вой, опа! Қулоғингиздаги сирғангиз онангиздан қолганми? Ҳозир бунақаси урфдан қолган-ку? Ишлаяпсиз, топган уч-тўрт сўм пулингизга бош-қасини олиб тақсангиз бўлмайдими?
- Назокатхон, мен бирданига уч нафар фарзандимни институтда ўқитяпман. Ҳаммаси шартнома асосида таҳсил олади. Бу йил Худо хоҳласа, тўртинчиси ҳам талаба бўлиб олса ажабмас. Топган-тутганимни уларнинг ўқишига сарфлаганим учун қулоғимдаги сирғамнинг эскиргани ҳам ёдимда йўқ. Сиз бу базмга ўйнаб-кулгани, мириқиб дам олгани келасиз. Мен эса ўртада йиғиладиган пул учун қўшилганман бу даврага. Ойлик маошимдан йўниб-йўниб, йиғимга ҳисса қўшиб турсам, фарзандларимнинг бири учун шартнома пули тўпланиб қолади. Кийим кийиш, тақинчоқ тақишга ҳам фурсат келиб қолар...
Бугун Назокатхоннинг икки фарзанди институтда таҳсил олади. Фарзандларининг шартнома пулини тўплаш учун бир эмас, икки тарафдаги аёллар йиғинига қўшилиб олган. Эгнидаги либоси-ю, қулоғидаги сирғаси аллақачон урфдан қолиб кетган бўлса-да, уларни янгилаш учун имкони йўқ. Зумрадхон бўлса, аллақачон ишли бўлиб кетган фарзандларининг соясида энг янги урфдаги кийимларни кийиб, тақинчоқларга бурканиб юрибди. Бу ҳам бўлса унинг кечаги хизматларига берилган рағбат эди.
Саминжон ҲУСАНОВ.
|