№3, 12.01.2012 ДУНЁ МЎЪЖИЗАЛАРИ
Самовий неъмат
Дунё сир-синоатларга тўла. Инсоният яралибдики, унинг тилсимини топишга уринади. Дунёнинг очилмаган, биз англаб етмаган қирралари сиз-у биз яшаётган оддий ҳаётдан то бағрида инсон тафаккурига сиғмайдиган сирларни сақлаётган коинотни-да қамраб олган.
Ҳаётимизда гоҳ-гоҳида учраб турадиган айрим воқеа-ҳодисалар курраи заминимиздан бошқа яна ўзга олам мавжудлиги, одамзот тафаккури англашга ожиз даражада тараққий этган цивилизация эҳтимоли борлигини ҳис этишга чорлайди. Ғайритабиий тушунчалар олдида ҳатто, фан ҳам айрим ҳолларда аниқ бир тўхтамга келолмай қолиши эса айни ҳақиқат. Худди шундай ўзга олам маҳсули сифатида эътироф этилаётган Россия фуқаросида сақланаётган антиқа буюм бугун катта шов-шувга сабаб бўлмоқда. Ажабтовур буюм айни пайтда олимларни жиддий ўйга солгани рост.
Келинг, аввало ана шу буюм билан танишайлик. Кўринишидан шароб учун мўлжалланган оддий идиш, яъни фужер. Фақат бирозгина ғайритабиий: оддий фужер сингари шаффоф эмас, балки ялтироқ товланадиган металдан ясалган. Идиш деворлари ҳам одатдагидан икки-уч баробар қалинроқ, пастки дастак-оёқчаси ҳам ўта мустаҳкам, оғир. Фужернинг тузилиши анчайин нотекис, аллақандай ҳалқасимон бурмали. Ажабтовур шакл ва материалга эгалиги баробарида фужер ғоят гўзал ва жозибадорлиги билан ҳар қандай одамни ўзига ром этади.
ЎЗГА ОЛАМ
МАҲСУЛИ
Буюм соҳиби собиқ офицер Игорь Подухевич қатъий тартибга ўрганган, турли мистик ҳолатларга берилмайдиган инсонлардан. Шундай фазилат эгаси идишни ўзга оламга тааллуқли, деган фикрни илгари суряптими, демакки, унинг дунёқарашида ўзгариш юз бергани шубҳасиз.
Одатда, "ўзга оламга тааллуқли"деган иборани биз киноя, истеҳзо билан "тушуниб бўлмайдиган" деган сўзга синоним сифатида қўллаймиз. Бу ҳолатда эса Игорь Ивановичнинг айтишича, бир қанча илмий текшириш лабораториялари материалшунослик таҳлилларидан сўнг мутахассислар инсониятга маълум бу каби, на кимёвий таркибли қоришма, на технология кузатилмаганини таъкидлашган.
Саратов суд экспертиза лабораториясида олиб борилган тадқиқот баённомасида қуйидаги мулоҳазалар қайд этилган: материал қоришмасининг асоси, яъни 90 фоизидан зиёди соф кремний, 5 фоизи эса аралашма - никель, бундан ташқари калий, никель, темир, осмий, неодим, селен, бром, фосфор, кобальт моддаларини ташкил этади. Россия фанлар академияси Сибирь бўлимининг Геология ва минерология институтидаги рентген спекториал микротаҳлили Саратов лабораторияси хулосасини тасдиқлади.
- Мутахассис сифатида ишончим комил,- дейди Кубан давлат университетининг умумий ва неорганик кимё кафедраси профессори Виктор Панюшкин, -ер шароитида қоришмадаги компонентлар нисбати учрамайди. Таркибида осмий мавжудлиги ҳам бу буюмнинг космосданлигини кўрсатади.
"Фужер" нинг ишлаб чиқиш технологияси таҳлили анча ҳайратланарли. Токарлик ишловидан батамом мустасно: катталаштириб кўрсатадиган ускуна орқали кузатилганда майда-майда чизиқли белгилар спиралсимон эмас, балки ҳалқасимон шаклда. Умуман олганда, амалиётда соф кремнийга унинг ўта қаттиқ металлигини ҳисобга олганда токарлик ишлови бериб бўлмайди. Балки у ундириб-ўстирилган кристалл эмасми? Мабодо шундай бўлса, нега фужер шаклида? Айтайлик, қуйма буюм десак, у ҳолда қолипнинг изи қолиши керак, ундан ҳеч қанақа из қолмаган. Бундан ташқари, бу металнинг 1840 даражада эриши аниқланган. Ундан ортиғи эса барча аниқланган компонентлар орасидан фақат осмийда бор. Демак, у қуйма ҳам эмас. Унда бу нима? Фанда ўзга олам, ўзга сайёрага мансуб, англаб бўлмас ҳолатлар ҳақида сўз юритилмайди ва бундай хулосалар баённомаларда қайд этилмайди.
- Лекин не ажабки, айнан теран ақл, -дея таъкидлайди профессор В. Панюшкин,- ҳақиқатда эҳтимоли бор бўлган ягона қарорга ундайди: бу космик технология маҳсули.
СЕҲРЛИ ТОПИЛМА
Подухевичга "фужер" катта бобоси Кирилл Кабановдан мерос қолган. Физик-ядерчи олим ўтган асрнинг 60-йиллларида Тунгус метеоритни ўрганувчи экспедиция ишида қатнашиб, ўшанда бу антиқа буюмни топиб олган экан. Табиатан қизиққон Кабанов шу топилмада сув ичишни одат қилади ва тез орада иммунитети бирданига ортганини ўзида ҳис қила бошлайди. 102 ёшга кириб ҳам, тиниқ ақлию жисмоний саломатлигига путур етмаган қария ўлими олдидан бу матоҳни Игорга совға қилганди.
Аввалига Игорь Иванович уни уйининг бир бурчагига ташлаб қўйганди, токи қизи автоҳалокат туфайли ўлим тўшагига қадалиб қолмагунича эсига тушмади. Қизи 16 жойидан жароҳатланган бўлиб, шундан олтитаси ҳаёти якун топишига жиддий асос бўларди. Жигарбандининг ҳаётдан умиди узилган пайтида чорасиз қолган отанинг ёдига катта бобосидан қолган идиш тушди. Энди у бемор қизига суюқликларни ана ўша "фужер"да ичира бошлади. Ажабо, 2 ой ўтгач, хаста қизда кузатилган натижани фақат мўъжизага менгзаш мумкин эди. Синган суяклар, танасидаги барча жароҳатлар битиб кетганди. Рентген суратларига травматолог шифокорлар ҳам ишонишни хоҳлашмади. Лекин қизнинг соғайиб кетганини ҳеч ким рад ҳам этолмади.
Қизнинг саломатлиги тикланиб, яна ҳаётга қайтгач, И.Подухевич "фужер" ёрдамида шифобахш сув тайёрлай бошлади. Россиянинг турли минтақаларидан шифо умидида оғир касаллар унинг уйи томон оқиб келарди. Подагра, псориаз, артрит, болаларда церебрал фалажлик, онгологик каби оғир касалликлардан азият чекканлар малҳам сув сабаб шифо топдилар.
Мўъжизавий муолажа юзасидан беморларнинг юзлаб эътирофлари, шифокорлар томонидан ўнлаб расмий билдиришлар изҳор қилинди. Саратовлик генетик олимлар "фужер"да тайёрланган сув инсондаги генетик таркибни бир меъёрга келтиришини аниқладилар.
Албатта, муолажа қилишдан олдин Игорь Иванович "фужер" даги сувни лабороторияга кимёвий таҳлил учун юборган. Натижаси эса ақлни шошириб қўйиши табиий. Ахир "фужер" материалининг ўзида мавжуд бўлмаган кимёвий элементлар сув таркибида борлиги аниқланганди-да!
Тайёрланган шифобахш сувда қоришмага қараганда мис 25 баробар, молибден моддаси 40 карра, цирконий 10 марта кўп бўлиши билан бирга, қарангки, меъёрдан ортиғи инсон саломатлигига таъсир кўрсатадиган зарарли кумуш элементи 100 баравар кам экан. Фақат бугина эмас. "Фужерда"даги сувни Подухевич буғ ёрдамида иситади. Сувни жисм ташқарисидан иситиш учун оддий усулда қайнашига кифоя бўлган 100 даража даркор. Бироқ "фужер" ичидаги сувни қанча иситманг 82 даражадан ошмаслиги ғоят ажабланарли. Ушбу ҳолатга физик олимлар аниқ изоҳ беролмадилар.
Сеҳрли сув ҳайвонлар ва ўсимликлар дунёсида ҳам синаб кўрилди ва натижаси ёмон эмас. Масалан, сувсизликдан қовжираб қолган гуллар мал-ҳам сув билан суғорилганда йилнинг қайси фасли бўлишига қарамай гуркираб, гуллаб-яшнаб кетганига гувоҳлар бисёр.
Минг таасссуфки, ўзида шунчалик сир-синоатни мужассам этган мазкур ҳодиса бўйича илм-фан ҳали-ҳануз жим, бирор хулоса чиқаришга ожиз. Гарчи "фужер" ва унда илитилган сув билан боғлиқ илмий текширувлару татқиқотлар турли шаҳарларда, ҳар хил шароитда яширин равишда, аммо ҳамжиҳатликда олиб борилган бўлса-да, барча мутахассисларнинг мулоҳазаси бир ердан чиқяпти: бу биз яшаётган курраи заминимиздан таш-қаридаги бошқа бир оламнинг, кучли тараққий этган цивилизациянинг маҳсули. Зора, ўтказилган тадқиқотлар таҳлилини умумлаштириб, якуний хулосани кенг оммага баралла ошкор этишга жазм эта оладиган олим топилса...
"АиФ" газетасидан
Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА таржимаси.
|