№4, 19.01.2012 ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Андижон вилояти касаба уюшмалари бирлашмаси мажлислар залида "Оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш уларнинг фуқаролик институтлари тизимидаги ролини мустаҳкамлаш омилидир" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, шунингдек, туман-шаҳар, вилоят Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги "Ижод" фонди, божхона, солиқ тизими вакиллари ҳамда вилоятдаги ОАВлари муҳаррирлари иштирок этган мазкур тадбирда мамлакатимизда матбуот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, соҳа ривожини юксалтириш борасида яратилаётган имконият ва имтиёзлар хусусида сўз юритилди.
Йиғилишда сўз олганлар мамлакатимизда истиқлол йилларида миллий матбуотимизни изчил равнақ топтириш, эркин ва самарали фаолият юритиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидладилар. Хусусан, республикамиз Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги "Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида"ги қарори оммавий ахборот воситаларини, нашриёт, полиграфия, умуман, миллий матбуотимиз равнақи йўлида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси бўлганлигини қайд этдилар.
Давра суҳбатида соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш, ОАВ фаолиятини юксалтириш, таҳририятлар иқтисодий салоҳиятини юқори босқичга кўтариш, шунингдек, "Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси хусусида фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди.
Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ,
|