№4, 19.01.2012 2012 ЙИЛ - МУСТАҲКАМ ОИЛА ЙИЛИ
Оилаларимиз мустаҳкам, ҳаётимиз тўкис...ми?
ЁКИ ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА АВВАЛО, НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШИМИЗ ЗАРУР?
"Оила - муқаддас даргоҳ". Дарҳақиқат, оиланинг муқаддаслиги, поклиги, жамиятнинг муҳим бўғини эканлиги асрлар давомида тобланган, ўз исботини топган ҳақиқатдир. Бу даргоҳга бегона одамнинг қадам ранжида қилиши ҳудди чегарани бузиб, ўзга юртга бостириб кирган кабидир. Оиланинг муқаддаслиги шундаки, бу қўрғонда бир-бирига муносиб, рўзғор юкини баб-баробар тортадиган икки инсон аҳил-иноқ яшайди, уларнинг давомчилари- фарзандлари эса шу оиланинг мустаҳкамланиши, бу риштанинг узилмаслиги учун хизмат қилади.
Оиланинг муқаддаслиги яна қонуний ва шаърий никоҳ билан мукаммалдир.
Тўғри, юртимизда кундан-кунга оилалар сони ортиб бормоқда. Инсоннинг кўзини қувонтирадиган, ҳавасини келтирадиган янги-янги оилалар жуфтлиги дунёга келмоқда. Бу яхши албатта. Аммо шу билан бир қаторда бир ҳақиқатни ҳам тан олмай иложимиз йўқ. Бу-айрим оилаларнинг баъзи сабабларга кўра ажрашиб кетаётгани. Ундан ҳам ачинарлиси - ўртада болаларнинг етим бўлиб қолаётгани ҳам бор гап.
Биз оилани мустаҳкамлаш учун нималарга эътибор бериш кераклиги хусусида айрим юртдошларимизнинг фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашдик.
Гулфира
ЭГАМБЕРДИЕВА,
талаба:
- Мен Президентмиз томонидан янги йилнинг "Мустаҳкам оила йили" деб эълон қилинганини эшитиб, жуда қувондим. Чунки оилалар мустаҳкам бўлса, юртимиз ҳам тинч бўлади. Биз оилада олти фарзандмиз. Отам, онам, икки акам, икки опам, мен ва синглим. Мақтаниш эмас-у, аммо тўғрисини айтаман. Мен оиламиз билан фахрланаман. Чунки бизнинг оиламизда доимо тинчлик, осойишталик ҳукмрон. Унинг устига оиламизда ота-онам томонидан газета ва журналлар мутолааси, янги китоблар таҳлили бўлиб туради. Оиламизга маънавиятнинг кириб келиши бир-биримизга бўлган ҳурмат-эътибор, дастурхонимиз тўкинлигига сабаб бўляпти. Чунки, бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетиши бор гап.
Бизнинг лицейимизда маънавий-маърифий ва оила билан боғлиқ тадбирлар бўлиб туради. "Ёш оила қурувчилар мактаби" фаолияти ҳам бунга мисолдир. Бунда асосан, талабаларга оиланинг муқаддаслиги, уни кўз қорачиғидай, керак бўлса нон увоғи каби асраб-авайлашимиз зарурлиги хусусида гапирилади.
Мавлудахон
ҲОЛИҚОВА,
қайнона:
- Мен ҳозиргача тўрт ўғлимни уйлаб, жойладим. Ҳар тўрттовида ҳам фарзандларимнинг раъйига қараган ҳолда бўлажак келинларни ўзим яхшилаб суриштирдим. Чунки бу оила аталмиш нарса бир кунлик эмас, балки бир умрлик савдо. Унга бепарво бўлиб бўлмайди. Агар уни биз оддий нарса деб билсак, зиғирча бўлса-да хатога йўл қўйсак, оила дарз кетади. Дарз кетган оила худди синган кўза сингари из қолдиради. Бутун бўла олмайди. Шунинг учун оилани мустаҳкамлаш учун ҳамма ўз ҳиссасини қўшиши шарт.
Кўпинча қайнона келин ўртасида келишмовчиликлар бўлади. Баъзи ёш оилаларнинг бузилиб кетишига ҳам айрим қайноналар сабабчи. Чунки улар энг аввало, пўпалаб катта қилган фарзандини келинидан қизғонади. Ўғлининг ўзига бўлган меҳри бўлиниб қолаётганидан хавотирга тушади. Иккинчидан, қайнона ёт оилага тушиб, унинг удумлари, одатларига ҳали ўрганмаган ёш келинчакка бир дунё юмушларни юклаб қўяди. Гўёки келин бўлмиш қиз ҳаммасини қилиши шартдай. Тўғри, оилага келин тушдими, шу хонадонга қандайдир файз киради. Ҳар куни кўчалар супурилади, ҳовлилар саранжом-саришта бўлиб, идиш-товоқлар покиза туради. Лекин ҳар бир одамнинг ҳам вақти чегараланган. Унга ортиқча юмушни юклаш, яхши эмас. Қолаверса, қайноналарнинг ҳадеб келинларнинг ишига аралашавериши, тирноқдан кир қидириши, сал нарсага қовоғини уйиб, уни ўғлига ёмонлайвериши оилага совуқчилик тушириб, янги оиланинг бузилиши-ю, болажонларнинг етим қолиб, сарсон бўлишига сабаб бўлади.
Мен қайноналарнинг фарзандларини ёнига ўтиргизиб олиб,"Сен хотининг билан ажрашсанг бўлгани. Нима, хотин зоти қуриб кетибдими. Дарахт-ни тепсанг "дувв" этиб қиз ёғилади. Худо хоҳласа бир хафтадаёқ онаси ўпмаган қизни олиб бераман" деган гапига умуман қаршиман. Унақа одам оила шаклланмасдан олдин обдон ўйлаб кўриши керак эди. Оилани бузиш қийинмас. Битта гап, битта ноўрин хатти-ҳаракат ёки бир одамнинг туҳмати сабаб бутун бошли оила барбод бўлиши мумкин. Аммо тиклаш осон иш эмас. Унга йиллар керак бўлади. Кўнгиллар дарз кетади. Кейин тикланган оила ҳам омонат бўлиб қолади.
Мен ҳамма келинларимни ҳам қадрлайман. Уларнинг оиласи бус-бутунлигича камолга етишини хоҳлайман. Ва бунга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
Эркинжон
ҲОЖИМАТОВ,
оила бошлиғи:
- Оила оила деймиз-у, аммо бу оилани узоқ йилларга олиб бориш ҳам осон эмас. Унга куч, ирода ва чидам керак бўлади. Баъзида ёш оилаларнинг бузилиб кетганини эшитамиз. Бахона "характеримиз тўғри келмай қолди". Хўп, характерлар тўғри келмас экан, нимага шуни илгарироқ ўйламаймиз? Ундай экан, нима учун оила қурамиз? Аҳир бу оила деган нарса ўйинчоқ эмас-ку. Унга эҳтиёткорлик билан ёндошишимиз керак бўлади. Ажримларнинг кўпаётганига яна бир сабаб - оилада оила бошлиқларининг алмашиб қолиши. Менимча, эркак киши қандай вазифада ишлаши-ю, қанча пул топишидан қатъи назар оила бошлиғи бўлиши керак. Уни турмуш ўртоғи оиланинг устуни, дея ҳурматини жойига қўйиши шарт. Шундагина болалар ҳам отани ҳурмат қилади. Агар аёл киши эрни эъзозламаса, оила жиловини ўз қўлига олишни истаса, бу оила узоққа бориши даргумон. Бу оилада муҳит барқарорлиги йўқолади, бир-бирига бўлган ҳурмат ва эътибор камаяди. Натижада оилада отанинг ўрни йўқолади, бу эса фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ота-боболаримиз "Эркак киши оилада пир бўлиши керак" деб бежиз айтишмаган..
Маъруфжон
ЖЎРАБОЕВ,
пенсионер:
- Мен айрим ёшларга хайронман. Турмуш қурганларига уч ой бўлмасдан дарров "ажрашамиз" деб загсга ариза беришади. Бу нима деган гап? Мана мен турмуш ўртоғим билан қирқ йилдан бери яшаб келяпман. Орада шунча ўғил-қиз топдик, неварали-чеварали бўлдик. Тўғри, ҳаёт жуда мураккаб. Унинг ўзига яраша инжиқликлари ҳам йўқ эмас. Аммо оилани сақлаб қолиш учун шу қийинчиликларга бардош бериш керак бўлади. Ҳеч нарса осонликча қўлга киритилмайди. Бизнинг ёшлигимизда "оиласи бузилди" деган гап жуда қаттиқ қораланарди. Ўша оиланинг маҳаллада обрўси қолмас эди. Оиланинг катталари биринчи бўлиб "Ажрашсанг, қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг олдида нима деган одам бўламан? Улар маломат қилишмайдими?" дейишган. Ўшанда ор-номус, андиша деган нарсалар ҳархолда оилаларнинг сақланиб қолишига сабаб бўлган. Бир пайтлар кумуш тўй, олтин тўйлар бўларди. Бу назаримда оилаларни мустаҳкамлашда катта тарбиявий аҳамиятга эга эди. Ҳозир ҳам шундай анъаналарни давом эттириш зарур, деб ўйлайман.
Олия
БОЗОРБОЕВА, маҳалла
маслаҳатчиси:
- Мана ўн йилдан зиёдки, юртимизда ҳар бир йил бирор ном билан аталиб келинмоқда. Ҳаммаси ҳам ўринли. Улар Ўзбекистонимизнинг юксалиши, халқимизнинг фаровон, тинчлиги-тотувлиги билан боғлиқ. Бу йилнинг "Мустаҳкам оила йили" деб аталиши ҳам айни муддаодир.
Бизнинг маҳалламизда айни пайтда 682 та оила бўлиб, ҳаммаси ҳам ўз ўрнига эга. Бизнинг асосий вазифамиз ободончилик, тиббий кўрик, саломатликдан ташқари, мана шу оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдир. Агар шу оилаларнинг бири бузилса, бу уларнинг эмас, балки биринчи навбатда бизнинг камчилигимиз бўлади. Чунки биз шуни аввалдан пайқамаган, уларнинг дардига қулоқ солмаган бўламиз. Натижада бутун бошли оила барбод бўлади. Шунинг учун ҳам биз ҳамиша оилаларга кириб боришни канда қилмаслигимиз, улар билан опа-сингилдай муносабатда бўлишимиз шарт. Бундан ташқари, маҳалламизда яраштириш комиссияси, унинг раис ва аъзолари самарали иш олиб бормоқдалар. Бу комиссиянинг бир маромда ишлаши нотинч ва бузилган оилаларнинг тикланишини таъминламоқда.
Бизни ўйлантираётган яна бир масала - бу тўйларда ортиқча олди-бердиларнинг борлигидир. Бундай дабдабали тўйлар, ортиқча сарф-харажатлар, ойлаб маъзар ташишлар икки қуданинг ўртасига совуқчилик туширади. Аслида ота-оналар учун бир-бирига берадиган нарсаси эмас, балки икки ёшнинг бахти муҳим эмасми? Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, баъзан арзимаган бир парча мато деб янги қурилаётган оила бузилади. Бу нима деган гап? Яхши орзу-ниятлар билан тўй бошлаган ота-оналар шу томонларини ҳам ҳисобга олсалар, менимча ёмон бўлмас эди.
Одилбек
АНАРБОЕВ,
тадбиркор:
- Болалигимда бир нарса ёдимда қолган. Бир қўшнимизнинг оиласи барбод бўлган. Сабаби- етишмовчилик. Ҳар куни уруш-жанжал бўлиб, деворимиз паст бўлганлиги туфайли яққол эшитилиб турарди. Хўжайини "Ойлик чиқсин" деса, хотини "Унгача қоринни тикиб ўтираманми?" дерди. Уйлари ҳам оддийгина эди.. Маҳалладаги энг ғарибона ҳовли. Кийим-кечакни эса гапирмаса ҳам бўлади. Улар ҳалол, шу билан бир қаторда фақатгина ойликка кун кечирадиган одамлар эди. Қўшимча даромади йўқ, ҳунари ҳам. Уйида қўй-мол, товуқ ҳам ушламас эдилар. Орадан йиллар ўтди. Учта фарзандли бўлишди-ю, аммо бойиб кетишолмади. Натижада эр-хотин ажрашишди. Орада учта бола етим бўлди. Шу нарса менинг хотирамга муҳрланиб қолган. Бола бўлсам-да, оилани сақлаб қолиш учун моддий бойлик ҳам муҳим ҳисобланар экан, деб ўйладим. Чунки оила тўкинлиги ўз-ўзидан тотувликни таъминлайди.
Шунинг учун мен болалигимданоқ савдогар бўлишни орзу қилдим. Пул топиб, биринчи навбатда оиладаги камчиликларни бутлашни ўйладим. Лекин адашмаган эканман. Бугунги кунда савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланаман. Оилам тинч. Шу сабаб, оила қурмоқчи бўлган йигит энг аввало, бирор касб-ҳунарнинг бошини тутиши, тадбиркорликни ўрганиши лозим. Айни кундаги оила бошлиқлари биринчи галда оиланинг моддий фаровонлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишлари зарур.
Муаллиф: Ҳа, оилалар мустаҳкамлиги, юртдошларимиз таъкидлаб ўтганидай кўп нарсаларга боғлиқ. Оиладаги муҳитга, қайнона-келин муносабатига, маънавиятга ва моддий фаровонликка.
Шу ўринда биз юртимизда ҳеч бир оила ноўрин бузилмаслигини, аччиқ кўз ёшлар тўкилмаслигини, янги оилалар кундан-кунга кўпайишию улар мустаҳкам бўлишини чин дилдан тилаб қоламиз.
Оилалар - юртимиз кўрки. У ҳамиша самимий туйғуларга, гўзал онларга тўла бўлиши учун барчамиз бирдек ҳаракат қилишимиз шарт.
Улуғбек АБДУСАЛОМОВ.
|