№4, 19.01.2012 БИЗНИНГ СУҲБАТ
Муваффақият калити - меҳнатда
Мамлакатимиз ёшларининг ҳар томонлама баркамол ва етук кадрлар бўлиб вояга етиши, жамиятда ўз ўрнини топишида касб-ҳунар коллежлари муҳим аҳамият касб этади.
Жамоатчи мухбиримиз Асака автомобиль саноати касб-ҳунар коллежи хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси Гулнорахон Баратова билан коллеж фаолияти, жамоада олиб борилаётган таълим-тарбия ишлари хусусида мулоқотда бўлди.
- Коллежда асосан мамлакатимиз автомобиль саноати учун мутахассис-кадрлар тайёрланади. Уларнинг пухта билим ва касб эгалари бўлишлари учун қандай шароитлар яратилган?
- Коллежимизда тўртта йўналиш, яъни автомобилларни йиғиш ва синаш, автомобилларда юк ташишни ташкил этиш ва ҳаракатни бошқариш, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ҳамда тикув ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологияси бўйича мутахасисслаар тайёрланади. Айни кунда коллежимизда таҳсил олаётган 1120 нафардан зиёд ўқувчиларимизнинг давр талаби даражасида касб ва пухта билим эгаллашлари учун барча шароитлар яратилган, дарс хоналари замонавий талаблар асосида тўла жиҳозланган. Компьютер ва лаборатория хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланган.
Талабалар адабиётлар, кўргазмали қуроллар, электрон дарсликлар ва техник воситалардан унумли фойдаланишади. Шу боис, олимпиадалар ва турли танловларда фаол иштирок этаётган ҳамда ғолиб бўлаётган ўқувчи ёшларимиз сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Бундан ташқари, ўқувчиларимиз амалиётни Асака автомобиль заводида ўташлари уларнинг малакали мутахассислар бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
- Ўқувчиларга таълим-тарбия бераётган ўқитувчилар салоҳияти ҳам талабга яраша бўлмоғи лозим. Бу борада коллеж педагогик жамоасининг имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Коллежимизда барча йўналишлар бўйича ўз ишини яхши биладиган малакали ва етарли тажрибага эга 95 нафар ўқитувчи ва мураббийлар, ишлаб чиқариш усталари меҳнат қиладилар. Таълим сифати ва самарадорлигини юксалтириш, ўқувчиларнинг зарур даражада касбий билим олишларини таъминлаш учун улар ўз фаолиятларида илғор педагогик технологиялар, ноанъанавий усуллардан фойдаланиш борасида муайян ютуқларга эришмоқдалар. "Йил ўқитувчиси" ва бошқа турли танловларда муваффақиятли иштирок этмоқдалар. Ўқитувчилардан Матлубахон Мадаминова, Шаҳодат Ғаф-форова, Гулноза Ибайдуллаева, Саидумар Солихонов, Собиржон Олимовларнинг самарали фаолиятини эътироф этиш жоиз.
Бир сўз билан айтганда, коллежимиз педагогик жамоаси ўз зиммаларидаги вазифаларни тўлақонли бажара олиш салоҳиятига эга. Бу йўлда бор имкониятларимизни ишга солиб астойдил меҳнат қиламиз.
- Янги йилдаги режалар хусусида тўхталсангиз?
- Янги йилда ўқувчиларимизнинг пухта билим олишлари учун барча зарур ишлар олиб борилиши белгиланган. Айниқса, битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Қолаверса, 2012 йил мамлакатимизда юртбошимиз ташаббуси билан "Мустаҳкам оила йили" деб номланди. Шу муносабат билан коллежда билим олаётган ёшларни, хусусан, қизларимизни оилага, оналикка тайёрлаш борасида турли хил тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Чунки коллеж талабаси балоғат ёшидаги ўсмир. Уларни аста-секинлик билан оилага тайёрлаб бориш - ўқув жараёни билан биргаликда амалга ошириб бориш мақсадга мувофиқ.
Ҳар қандай муваффақиятга меҳнат билан эришилади Шу маънода коллежимиз жамоаси барча йўналишларда яхши натижаларга эришиш учун астойдил меҳнат қилади.
Суҳбатдош
Нигора НИЗОМИДДИНОВА.
|