№4, 19.01.2012 ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТХОНА
Савол беринг, жавоб берамиз!
Саволларга Андижон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудири, ҳуқуқ-шунос Барнохон Расулова жавоб беради.
Мен Андижон шаҳрида яшайман. Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятидан келин туширмоқчиман. Ўғлим ва келинимнинг никоҳларини Андижон шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан расмийлаштирса бўладими ва у қандай тартибда амалга оширилади?
И.Комилова,
Андижон шаҳри.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.04. 1999 йилдаги 171-сонли қарори билан тасдиқланган "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тўғрисида"ги Қоидаларнинг 96-бандига асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини МДҲ давлат фуқаролари билан никоҳларини қайд этиш умумий асосларда, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасидаги никоҳни қайд этиш каби амалга оширилади. Фақат бундай ҳолда келин сизлар яшаб турган жойдаги ИИБга мурожаат қилиб, вақтинчалик рўйхатга туриши лозим. Шунингдек, никоҳга кириш ҳақидаги аризага келиннинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси илова қилинади.
* * *
Мен 52 ёшдаман, аёлим вафот этган. Иккинчи маротаба турмуш қурдим. Ҳозирги аёлим 38 ёшда. Унинг ҳам биринчи турмуш ўртоғи вафот этган. Биз никоҳимизни қонунийлаштириш учун ни-ма қилишимиз керак? Тиббий кўрикдан ўтишимиз лозим бўладими?
Н.Рўзиохунов,
Жалақудуқ тумани.
* * *
Сиз ҳозирги турмуш ўртоғингиз билан фуқаролик паспортларингиз ва илгариги никоҳнинг тугатилганлиги ҳақидаги ҳужжат, яъни, ўлим тўғрисидаги гувоҳномалар билан ўзингиз яшаб турган ФҲДЁ бўлимига мурожаат этишингиз керак. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 17-моддасига асосан, никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтадилар. 50 ёшдан ошган никоҳланувчи шахслар тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади, деб кўрсатилган. Шунга асосан, аёлингиз ва ҳоҳласангиз ўзингиз ҳам ФҲДЁ бўлими йўлланмаси билан тиббий кўрикдан ўтишингиз мумкин.
* * *
Мен яқинда турмушга чиқаман. Бўлажак куёв билан маслаҳатлашиб, никоҳ шартномаси тузишга қарор қилдик. Никоҳ шартномаси ҳақида тушунча берсангиз.
О.Солиева,
Олтинкўл тумани.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 29-моддасида никоҳ шартномаси кўзда тутилган. Бунга кўра никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврда ёки эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи келишуви-никоҳ шартномаси дейилади. Шартноманинг мазмуни эр-хотиннинг мол-мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларидан ташкил топади. Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва у нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
|