№4, 19.01.2012 Яшаш бахти
Умр инсонга бир марта бериладиган улуғ неъматдир. Вақт - югурик, умр ўткинчи, фурсат эса ғаниматдир. Ана шу беш кунлик дунёда ҳаммамиз шошилиб яшаймиз.
Бу турфа оламда турфа хил табиатли одамларга дуч келамиз. Уларнинг айримлари гўёки ҳаёт тизгини менинг қўлимда, деб ўйлайдилар. Айниқса, бахтни фақат бойлик, шон-шуҳрат ва мансабда, деб биладиганлар ҳам бор. Наҳотки, тинчлик-хотиржамлик ҳамда тани-сиҳатликдан кўра (уч-тўрт чақа) мол-у дунё устун бўлса?
Бугун Сиз эрта тонгда тўрт мучангиз соғ-саломат уйғондингиз. Мана шу кўзларингиз билан қуёш нурларини, кенг дунёни кўряпсиз. Дастурхонингизда нон ва тузингиз муҳайё. Бу кун қора қозонингиз қайнаб турибди. Демак, шукр қилиш керак. Шукроналикда эса хайр ва ҳосият бордир.
Шундай одамлар борки, улар бир умр зулмат ичида яшайди, она алласини эшитмайди, яна бири аравачага михланиб қолган...
Сиз эса соғ-омонсиз, бахтга бўлиқ, нурга тўлиқ, озод ва обод юртнинг бир бахтиёр фарзанди бўлиб яшамоқдасиз. Сиз ўз йўли ва ўз тақдирини ўзи белгилайдиган, буюк йўлга чиққан халқнинг бир вакилисиз. Мана шундай Ватанда умргузаронлик қилишга не етсин?!
Ҳаёт - гўзалдир, яшамоқ эса тотли.
Жўрабек АБДУЛЛАЕВ,
Избоскан тумани.
|