Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№4, 19.01.2012

ЮРТИМИЗ САНЪАТКОРЛАРИ

Эл олқишини олаётган Озодахон

Андижонлик Шарофатхон келин олганди. Тўйга Озодахон исмли хонандани чорлаган экан. У ранг-баранг қўшиқлари билан тўйга ажойиб файз киритди.

Овози ширали, ўзини тутишлари ҳам ярашиқли экан. Ҳавас қилдим. Ўғилни уйлантирсам, тўйга албатта, шу хонандани таклиф қиламан. Иш жойини суриштириб олдим...

Бундай гапларни қўни-қўшни, таниш-билишлардан тез-тез эшитиб турамиз. Негаки, халқимиз санъатсевар. Тантанали маросимларининг деярли барчаси санъаткорлар иштирокида қўшиқлар-у, ўйин-кулгу билан ўтади. Санъаткорлар қатнашмаган тадбирдан ҳеч кимнинг кўнгли тўлмайди.

Қўшним ҳавас қилган Озодахон эса вилоятимизда ижод қилиб, эл кўнглини хушнуд этиб келаётган яккахон хонандаларнинг биридир. У Избоскан туманининг Яккатут қишлоғида ўқитувчи оиласида туғилиб, вояга етган. Озодахоннинг отаси Алижон Ҳожиматов қишлоқдаги 14-умумтаълим мактабида бошланғич синфларни ўқитарди. Онаси Санобархон опа эса уй бекаси, "бир этак" болаларининг мураббийси эди.

Озодахон Ҳожиматова ўн бир фарзандли катта оиладаги учинчи қизалоқ эди. Уни ҳам барча фарзандлари қатори бошланғич синфда дадаси ўқитган. Кичкинтой Озоданинг қалбида қўшиқ айтиш ва рубоб чалишга ҳавас отанинг дарсларида уйғонган. Чунки Худо раҳмати Алижон ака синфда ашула дарсини ҳам мароқли ўтказарди.

Юқори синфларда ўқиган чоғида Озодахонга хонандалик ва рубоб чалишга қизиқишни мусиқа ўқитувчиси Яҳёбек Темиров ривожлантириб борган. У иқтидорли ва қизиқувчан ўқувчиларни тинимсиз машқ қилишга руҳлантирарди. Туман ва вилоят миқёсидаги кўрик-танловларга астойдил тайёрларди. Озодахон дастлаб, "Мен Ватанни куйлайман" мавзусида туманда ўтказилган кўрик-танловда қатнашиб, ғолиблар қаторидан ўрин олган.

Рағбат ва ғолиблар сафида бўлиш Озодахонни мусиқа соҳасидаги билимини оширишга руҳлантирди. У туман маданият бўлими қошидаги клублардан бирини бошқараётган 1983 йилда Наманган маданий-оқартув техникумига бориб, ўзбек халқ чолғу асбоблари бўлимига ўқишга кирди. Озодахон мазкур техникумда сиртдан ўқиб, 1985 йили "чанг бўйича ўрта махсус билимли мутахассис" дипломини олган.

Озодахон Ҳожиматова тумандаги 14-умумтаълим мактабида, яна 14-"Момақаймоқ" болалар боғчасида ҳам мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлаш баробарида тумандаги "Олтинсоз" ашула-рақс ансамблида қатнашиб, ўзининг хонандалик маҳоратини ҳам ошириб борган.

Сўнгра 1989 йилда Андижонга келиб, "Табассум" ансамблида яккахон хонанда сифатида фаолият юрита бошлади. Шу ансамбль таркибида 1994 йилгача мамлакатимизнинг барча вилоятларида гастролларда бўлган. Концертлардаги фаолияти билан "Андижоннинг Олмахон Ҳайитоваси" номини олди.

Хонанда Озодахон Ҳожиматованинг репертуарида Навоий, Фурқат, Огаҳий, Нодира, Эркин Самандар, Охунжон Ҳакимов ғазаллари билан айтиладиган юзга яқин мумтоз ҳамда замонавий ва фольклор қўшиқлар бор. "Армон", "Сенсиз", "Ўргилай" каби ўнга яқин қўшиқларининг сўзи ва мусиқаси ҳам ўзининг ижоди маҳсулидир.

Озодахон Ҳожиматова хонандалик фаолиятини дастлабки пайтда бўлганидек, 2000 йилдан Андижон шаҳридаги 15-умумтаълим мактабида мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлаш билан уйғунликда олиб бормоқда. Бу эса унга ҳаёт билан ҳамнафас яшаш, замон ва давр руҳини сезиб туриш имкониятини бермоқда.

- Мен кўпинча хотин-қизлар жамланадиган давраларга хизматига бораман, - деди Озодахон суҳбатимиз якунида. - Бундай давра мен учун қулай, ўзимни эркинроқ сезаман. Шундай шароитда қўшиқларим жозибалироқ чиқади. Ахир, маданий хизмат маданийча бўлиши, уни тингловчи ҳам дилдан тинглаши керак, деб ўйлайман.

Озодахон ҳақ гапни айтди.

Хонанда Озодахонга эл-юрт хизматидаги фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз.

Маҳмуджон НОРХЎЖАЕВ.

Суратда: хонанда Озодахон Ҳожиматова.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди